2023 йил 24 июль куни жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судининг сайёр мажлисида судланувчи С. Х. (2004 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган) га оид жиноят иши кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра С. Х. Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 6 йил муддатга озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларида ўташ белгиланди.

Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли Қарорининг 3-бандига асосан “Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши - ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак” деб тушунтирилган.

Жиноят кодексининг 55-моддасига кўра судланувчининг айбини енгиллаштирувчи ҳолат деб, уни биринчи марта жиноят содир қилгани, содир этган жиноятидан чин кўнгилдан пушаймонлиги инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 56-моддасига кўра судланувчининг айбини оғирлаштирувчи ҳолат аниқланмади.

Жазо тайинлашда суд содир этилган жиноятнинг эҳтиётсизлик оқибатида содир этилгани, жиноят оқибатида бир қиз вафот этгани, иккинчи қиз ўртача оғир тан жарохати олганини, судланувчининг шахсини, ёшлигини, ҳали уйланмаганини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганини, жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарар қопланмаганлигини инобатга олди.

Маълумот учун: Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганлик учун муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жабрланувчи ва уларнинг қонуний вакилларига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилди.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.