Таъкидланганидек, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, жамиятнинг ҳар бир аъзосининг ўз юртида ҳаётдан рози бўлиб, бахтли яшашини таъминлаш инсонпарвар ва демократик жамият қуришни мақсад қилган давлатнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Халқнинг фаровон турмушини таъминлашнинг асосий омили аҳолини муносиб турар жой ва иш жойлари билан таъминлашдир. Айниқса, кўп йиллардан бери аҳолининг уй-жойга эҳтиёжини қондириш масаласи жуда муҳим масала бўлиб келмоқда. Бу борада Уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантиришга доир устувор вазифаларнинг амалга оширилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда «Халқпарвар» комиссияси фаолияти ташкил этилмоқда.

Маълумот ўрнида келтириш жоизки, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги «Халқпарвар» комиссиясининг асосий вазифалари маҳаллий ҳокимликлар ҳамда масъул давлат идораларнинг уй-жойлар қуриш учун ер участкаларини ажратиши, қурилиш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириши, субсидия тўланадиган фуқароларни танлаб олиши, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар рўйхатини шакллантириш фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишдан иборат.

Албатта, жамоатчилик эътиборини бу масалага қаратишда ОАВнинг алоҳида ўрни бор. Шу боис, комиссия таркибига киритилган журналистлар бу борада олиб борилаётган ишларни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиши мақсадга мувофиқ.

Семинарда ЯХалқпарвар» комиссияси фаолияти, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида қилинадиган ишлар муҳокама этилиб, зарур таклиф ва тавсиялар билдирилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.