Шундай қилиб, биргина ўтган йил ичида мазкур қимматбаҳо металл нархи деярли 80 фоизга, беш йил ичида деярли 170 фоизга ошди.

Инвесторлар учун “хавфсиз бошпана” бўлган олтин нархи геосиёсий кескинликлар, Трамп маъмурияти томонидан олиб борилган тариф урушлари ва ривожланаётган мамлакатлардаги марказий банклар томонидан қимматбаҳо металлни захиралар учун фаол сотиб олишлари шароитида талабнинг ошиши туфайли тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Долларнинг заифлашиши ва АҚШ федерал резерв тизимининг асосий фоиз ставкасини пасайтириш нияти ҳам металлни янада жозибадор қилади.

Етакчи глобал инвестиция банклари 2025 йил охирида олтин нархининг янада ўсишини башорат қилишди, чунки унинг нархини белгиловчи асосий омиллар сақланиб қолмоқда, деб хабар берди rg.ru.

J.P. Morganнинг ўша пайтдаги ҳисоб-китобларига кўра, олтин нархи 2026 йилда бир унцияси учун 5200-5300 долларга етиши мумкинлиги айтилганди, Bank of America эса якшанба куниёқ қайд этилган олтин нархининг 5000 долларлик чегарасини 2026 йилга мўлжаллаган эди. Баъзи таҳлилчиларнинг фикрича, бир унция олтин нархи икки йил ичида 10 000 доллардан ошиши мумкин.