Вобкент тумани Қурувчи маҳалласида яшовчи, Б.Ш. отасининг уяли алоқа аппарати орқали интернет тармоғидаги “ OLX” онлайн савдо платформасига кириб, ўзига тегишли велосипедини сотиш мақсадида эълон берган.
Шундан сўнг унга нотаниш рақамдан номаълум шахс қўнғироқ қилиб, мазкур сайтда унинг эълонини кўрганлигини ҳамда унинг велосипедини 600.000 сўмга сотиб олишини билдиради. Б.Ш.га мазкур пулни унинг пластик карта ҳисоб рақамига ўтказиб беришини ваъда қилиб, ундан онасининг пластик карта рақамини олишга эришади. Сўнг пластик карта ҳисоб рақамидан 1.600.000 сўм миқдордаги пулларни ечиб олади.
Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор техник ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлар давомида ушбу жиноятни Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган А.А. содир қилганлиги фош этилди.
Ҳозирги кунда ушбу шахснинг содир этилиб, фош этилмасдан келаётган худди шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.