Жорий йилнинг 25 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот атрофлича кўриб чиқилди.
Мажлисда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова ҳисобот билан сўзга чиқди.
Маълумки, 2020 йил дунё ҳамжамиятида коронавирус пандемияси кечганлиги билан бошқа йиллардан тубдан фарқ қилди. Пандемия барча мамлакатлар қатори Ўзбекистонга ҳам ўзининг таъсирини ўтказмасдан қолмади. Асосий мақсад, инсонларни ҳаётини сақлаб қолиш ва мамлакат иқтисодиётини қўллаб қувватлашдан иборат эди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) томонидан фуқароларнинг шахсий қабули вақтинча тўхтатилган бўлсада, Омбудсманнинг ишонч телефонига ҳамда электрон манзилига келиб тушган мурожаатлар сони олдинги йилларга нисбатан ошди. 2020 йилда Омбудсман номига 14 975 та мурожаат қабул қилинди (2019 йилда 12 822 та эди),
Мурожаатларнинг 33,5 фоизи инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқ ҳамда эркинликларига, 37,3 фоизи ижтимоий, 25,3 фоизи иқтисодий, 3,0 фоизи сиёсий ва 0,7 фоизи экологик ҳуқуқларга тегишлидир.
Ҳисобот йилида «Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида»ги Қонуннинг 16–17-моддаларига мувофиқ Омбудсманнинг фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тавсиялар берилган 16 та хулосаси тайёрланиб, вилоят ҳокимликларига, Ўзбекистон Республикаси Олий судига, Бош прокуратурага, Ички ишлар вазирлигига юборилган.. Бундан ташқари, судларга 30 та даъво аризаси ҳамда 21 та тақдимнома киритилган.
Мазкур мурожаатлар таҳлил этилганда фуқароларнинг одил судловга (1044 та мурожаат) ҳамда адолатли тергов-суриштирув ҳаракатларига (2565 та мурожаат) бўлган ҳуқуқларини таъминлаш баён этилган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича 29 та жиноий, 42 та маъмурий иш қўзғатилди, ички ишлар идора ходимларининг 17 нафарига интизомий ва 17 нафарига хизмат текшируви тайинланган, 3 нафарига ҳайфсан ва танбеҳ таъсир чоралари қўлланилган, суд қарорларига нисбатан 3 та протест киритилди ҳамда мурожаат этувчиларнинг манфаатларини кўзлаб жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 58 та қарор бекор қилинди.
Пандемияга қарамасдан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг Котибияти ходимлари, жамоатчилик фаоллари билан биргаликда карантин мажмуалари, тиббий муассасалар, Миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолатини ўрганиш мақсадида жойларида жами 76 та мониторинг тадбирларини амалга оширди.
Мониторинг ташрифлари давомида 4 мингдан ортиқ маҳкум билан жамоавий учрашувлар ва 578 нафар маҳкум билан якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилди.
Шунингдек Омбудсман ўз маърузасида фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий масалаларга оид мурожаатлар таҳлили ва натижалари ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон тарихида биринчи бор инсон ҳуқуқлари бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) дунё Омбудсманлар учун белгиланган аккредитациядан ўтди ва унга «В» мақоми берилганлиги маълум қилинди.
Йиғилиш давомида қўмита аъзолари Бола ҳуқуқлари бўйича Вакил Алия Юнусованинг 2020 йилги фаолияти бўйича ахборотини ҳам эшитишди.
Таъкидланишича, 2020 йил давомида жисмоний ва юридик шахслар, болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари томонидан жами 85 та мурожаатлар қабул қилинган.Мурожаатлар Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тўлиқ назоратга олинган. 28 та мурожаатлар идора ва ташкилотлар томонидан қаноатлантирилган.
Меҳрибонлик уйларининг битирувчиларининг турар-жой билан таъминланиши тўғрисидаги 12 та мурожаати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жавобсиз қолдирилган.
Боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил мурожаатлар юзасидан 8 маратоба ўзи ва вакили орқали суд процессларида иштирок этди. Шундан 5 та суд қарори бекор қилинган.
2020 йилда Республика ҳудудида COVID-19 пандемияси кириб келиши ва карантин эълон қилиниши оқибатида жуда кўплаб муассасалар ёпиқ ҳолатда ўз иш фаолиятларини давом эттирди. Бу каби ёпиқ, шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларда бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан . Қашқадарё, Тошкент, Андижон, Жиззах, Сирдарё, Фарғона, Бухоро, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган муассасаларга 53 та мониторинг ташрифлари уюштирилган.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ахборотида мониторингларда аниқланган камчиликлар таҳлил қилиниб, давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига 3 та тақдимнома ҳамда 47 та сўров юборилгани ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 12 та қонуни лойиҳасига таклифлар берилганини қайд этди.
Йиғилишда якунида Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзолари томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди ҳамда кўриб чиқилган мазкур масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича
вакили (омбудсман) матбуот хизмати