Жорий йилнинг биринчи чораги ҳолатига кўра эса ушбу кўрсаткич 164 тага етди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва ходимларининг Андижон вилоятига сафари доирасида 3-сонли тергов ҳибсхонасида мониторинг ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам бевосита иштирок этиб, муассасадаги шароит билан танишди.
Ҳибсхонанинг ётоқ жойлари, ошхонаси, кутубхонаси, даволаш бўлими, қисқа муддатли учрашув хоналаридаги шароит ўрганилди. Шунингдек, маҳбус ва маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Шу куннинг ўзида Андижон вилоятидаги Қўрғонтепа тумани ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ҳам кўздан кечирилди. Аввалги мониторингларда ушбу ҳибсхонани қайта таъмирлаш тавсия қилинган эди. Бу галги ташрифда ҳибсхона капитал таъмирдан чиққани ва билдирилган тавсиялар бартараф этилганига гувоҳ бўлинди.
Мониторинг ташрифида маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш махсус қабулхонасидаги шароитлар ҳам ўрганилиб, тегишли тавсиялар берилди.
Маълумот учун: қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш мақсадида 2021 йилда Омбудсман томонидан 177 та мониторинг ташрифи ўтказилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 381 тани ташкил этган. Жорий йилнинг биринчи чораги ҳолатига кўра эса ушбу кўрсаткич 164 тага етди.
Мониторинг ташрифи давомида аниқланган камчиликлар юзасидан уларнинг ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.
Эслатиб ўтамиз: қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсманнинг мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан, мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар тегишли давлат органлари билан бир қаторда Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этиб келинмоқда, дейилади Омбудсманнинг ахборот хизмати хабарида.