Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти баёнотига кўра, дунё бўйича 90 мамлакатда “омикрон” штамми BА.5 субвариатининг 50 мингдан ортиқ вариацияси рўйхатга олинган.
Хусусан, BF.7 версияси АҚШ, Бельгия, Буюк Британия, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа қатор давлатларда аниқланган. У иситма, йўтал, томоқ оғриғи каби “омикрон”нинг бошқа мутацияларига хос белгилар билан намоён бўлмоқда. Қолаверса, баъзи беморларда қусиш ва диарея кузатиляпти.
Буюк Британия Соғлиқни сақлаш департаменти октябрь ойида BF.7 ни энг хавотирли вариантлардан бири, деб атаганди. Бироқ ноябрда ўтказилган брифингда ушбу кичик штаммнинг ўсиш динамикаси паст бўлгани таъкидланди.
Таҳлилларга кўра, “омикрон”нинг BА.5 дан BF.7 гача бўлган субверсиялари юқувчанлиги юқори. Аммо “дельта” штаммига нисбатан асоратлари бироз енгилроқ.
ЖССТ мазкур янги мутациялар “омикрон”нинг бошқа версияларига ўхшашлиги туфайли дунё мамлакатлари соғлиқни сақлаш тузилмаларига касалликни даволаш стандартларига ҳеч қандай ўзгартириш киритмасликни тавсия этади. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.