Маънавиятга қарши қаратилган ҳар қандай тажовуз, таҳдид эса, ўз-ўзидан, мамлакатнинг миллий манфаатлари учун жиддий хатарлардан бири, баркамол авлодни тарбиялаш йўлидаги хавфли тўсиқдир.

Албатта, мафкуравий хуруж усул ва услублари турлича. Бундай таҳдидларга буюртма берувчилар аксарият жозибали ғоялар, ўзига тортувчи турли ниқоблардан фойдаланган ҳолда иш кўрадилар. Улар бунинг учун маблағни ҳам, сиёсий обрў ва имижни ҳам аяб ўтиришмайди. Мафкуравий хуружларнинг энг кўп тарқатилаётгани, эгаларига катта манфаат олиб келаётгани “оммавий маданият” тарғиботидир.

“Оммавий маданият”нинг шаклланиши ва кенг кўламли хусусиятга эга бўлиши, аввало, санъат ва адабиётнинг бозорга солиниши – тижоратлаштирилиши билан юзага келди. Россиялик олим П.А.Сорокин мазкур тенденцияга хос жиҳатларни қуйидагиларда кўради: “Санъат кўнгилочарлик учун тижорат товари сифатида савдо корчалонлари, тижорат манфаатлари ва урф таъсири билан тобора кучлироқ назорат остига олинмоқда... Бундай вазият тижорат корчалонларини нафосатнинг олий ҳакамларига айлантирмоқда, ижодкорларни уларнинг талабларига бўйсундирмоқда, бунга қўшимча реклама ва оммавий ахборот воситалари ёрдамида зўрлаб тиқиштирилмоқда”.

Файласуф олимлар ўтган асрдаёқ “оммавий маданият” ўз моҳияти жиҳатидан ғайриинсоний хусусиятга эга бўла бошлагани ҳақида огоҳлантирган эдилар. Хусусан, машҳур немис файласуфи Карл Теодор Ясперс “оммавий маданият”ни “санъат моҳиятининг таназзули” деб баҳолаган бўлса, испаниялик файласуф Ортега-и-Гассет унинг ғайриинсоний тус олаётганини уқтирган. Улар “оммавий маданият” фақат айрим ташқи кўринишлари бўйича санъат ва нафис адабиёт асарига ўхшаши, туб моҳияти жиҳатидан эса сунъий, сохта ва ясама эканлигини таъкидлайдилар.

Аммо бу унга эътибор бериш керак эмаслигини англатмайди асло, зеро, “оммавий маданият” нафақат бир шахс, умуман жамиятга ҳалокатли салбий таъсир кўрсатади, одамларни ахлоқий мўлжалдан адаштиради, уларнинг умумий маданий савиясини тубанлаштириб юборади. “Оммавий маданият”нинг ўта хавфлилиги кўпчилик, айниқса, ёшлар, вояга етмаган болалар унинг сохталигини англаб етмаган ҳолда бу заҳарни сезмасдан истеъмол қила бериши билан ҳам изоҳланади.

“Оммавий маданият”нинг тезкор тарқала бошлаши ХХ аср ўрталарига тўғри келди. Бу пайтда оммавий ахборот ва коммуникация воситалари кенг оммани ялпи қамраб олиш қудратига эга бўлиб, ўз таъсирини жаҳондаги барча давлатларга ўтказа бошлади. Кейинроқ компьютер ва Интернетнинг пайдо бўлиши уларнинг ахборотни тарқатиш имкониятларини чексиз даражага кўтарди. Бошқача айтганда, оммавий ахборот воситалари “оммавий маданият”ни тарқатишнинг асосий воситасига айланди.

“Оммавий маданият” яратувчилари ва тарғиботчиларининг мақсади инсоний фазилатларни улуғлаш ва оммалаштириш, шахснинг билимларини ошириб интеллектини юксалтириш, маънавий ва маданий дунёсини бойитишга эмас, балки фақат ва фақат фойда олишга қаратилган. Демак у, албатта, харид қилиниши, тарқалиши, иложи борича тезроқ оммалашиши лозим. Бугунги шароитда бунинг энг осон ва самарали воситаси, албаттаки, телевидение ҳамда Интернет тармоғи саналади.

Биз “оммавий маданият”нинг хуружлари, вайронкор таъсири хусусида гапирганда, мисол келтирганда аксарият хориждаги рақибларимиз – оппонентларимизни назарда тутамиз, айбни нуқул улар зиммасига ағдаришга зўр берамиз. Албатта, юқорида эслатилганидек, салбий “оммавий маданият” (маълумки, оммавий маданиятнинг цирк санъати, оммавий халқ томошалари, байрамлари, сайиллари сингари кўплаб ижобий – ҳаётбахш йўналишлари бор ва улар, шубҳасиз, ривожлантирилиши, рағбатлантирилмоғи керак!) босқинининг пайдо бўлиши, унинг бутун дунё бўйлаб шиддат билан ёйилишида хорижнинг, айниқса, Ғарб ва океанорти юртларининг “ташаббуси” ҳамда “ҳиссасини” унутиб бўлмайди. Бироқ бу дегани бизнинг турли соҳа ижодкорларимиз, ОАВларимиз айни йўналишда “қўй оғзидан чўп олмаган” ҳолдалар, дегани ҳам эмас. Айниқса, бугунги миллий телевидениемиз халққа тақдим этаётган материаллар маъно-мазмунини шу нуқтаи назардан қараб таҳлил этилса, жуда ҳам жиддий камчилик ва нуқсонларга, объектив ва субъектив муаммоларга дуч келиниши аниқ. Энг қизиғи, Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг бир каналида “оммавий маданият”нинг салбий таъсири, унинг миллий маданиятимиз ва санъатимиздаги кўринишлари кескин танқид қилинаётган давра суҳбати берилаётган бир пайтда бошқа каналда худди шу суҳбатга материал бўлган “ижод намунаси” бемалол томошабинга тақдим этилаверади.

Бу жиҳатдан, айниқса, “Менинг юртим” хусусий телеканали олдига тушадигани топилмай қолди. Мазкур телеканал дастурларидан ўрин олган, бир-биридан чучмал, енгил-елпи, юксиз кўрсатувларни олиб борувчи укаларимиз ва сингилларимиз камера қаршисида ўзини тутиши орқали, ўзбек тилидек бой ҳамда ҳар жиҳатдан мукаммал ишланган тилни ҳар кўйга солиб бузишлари билан ёшларимиз, айниқса, болаларимизга айнан “оммавий маданият” табиатини юқтираётганларини билишадими?

Кўрсатувлар суратга туширилаётган шоҳона квартиралар, ҳовли-жойлар, ресторан ва қаҳвахоналар, супер ва гипермаркетлардаги ҳашам ва жозибани кўрган миллионлаб оддий меҳнаткашлар кўнглидан кечадиган фикрлар, туйғулар тўғрисида ўйлашни эса бу ука ва сингилларимиздан кутишнинг ўзи ортиқча бўлса керак. Ўзбекда “Кўрмаганнинг кўргани қурсин” деган гап бор. Ҳарқалай, тан олайликки, дунёнинг энг ривожланган, аҳолиси бой ва фаровон ҳаёт кечирадиган ўша Европанинг, Американинг кўплаб телеканаллари ҳам агар кўрсатаман деса, мақтанаман деса кўрсатишга, мақтанишга арзигулик жойлари, ҳашаму зийнатлари топилса керак. Бироқ улар нима учун бу йўлдан бормайдилар – миллиардер одам билан суҳбат олиб борилаётган студиялари ҳам, шу суҳбатни олиб боргани учун минглаб доллар ёки евро хизмат ҳақи оладиган журналистлари ҳам оддийгина – одмигина безанишади, кийинишади? Чунки...

Чунки улар суратга эмас, сийратга, шаклга эмас, мазмунга эътибор қаратишади ва шу туфайли ҳам қилаётган амалларида сиз билан биздан кўра кўпроқ самарага, таъсирга эришишади.

Биз бу масалага бунчалик жиддий эътибор бераётганимиз бекорга эмас. Гап шундаки, эртага ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши талаб қилинаётган болаларимиз, ёшларимизнингбилими, дунёқараши, диди ва фаросати айни шу телекўрсатув ва радиоэшитиришлар, ўз номи билан оммавий ахборот воситаларида берилаётган намуналарга қараб шаклланади, рангу рўй касб этади.

Хўш, мана шу аудиторияга, миллионлаб ёш қалблар истагига биз – катталар, ўзини аллақачон қўл етмас телеюлдуз ҳис қилиб қолган кишилар нималарни раво кўряпмиз?

Афсуски, бундай мисолларни кўплаб ва хилма-хилини келтириш мумкин. Яъни “оммавий маданият” деган хавфли оқим, “ёқимли ва жозибали оғу” фақат оммавий истеъмолчинигина эмас, балки бир қисм ижодкорларни, улар “ижод намуналари”ни миллионлаб кишиларга тарғибу ташвиқ қилиш масъулиятини зиммасига олган ОАВлари ходимлари, мутасаддиларини ҳам ўз комига тортишга ҳаракат қилмоқда. Аслида, “оммавий маданият” хуружига қарши фақат юксак маданият намуналари, чинакам ижод маҳсуллари ёрдамида олиб бориладиган курашнинг самараси катта бўлиши шубҳасиздир.                   

Гулнора Абдукаххаровна Носирходжаева

Тошкент давлат юридик университети “Умумтаълим фанлар ва маданият” кафедраси мудири,

фалсафа фанлари номзоди, доцент