Биз глобаллашув ҳар томонлама авж олаётган, шиддатли ўзгаришлар содир бўлаётган мураккаб замонда яшамоқдамиз. Бугун инсоният кўплаб умумбашарий муаммоларга дуч келмоқда. Улардан бири, шубҳасиз, глобал исиш, қурғоқчилик ва чўлланишдир.

Айниқса, 2019-­2021 йилларда вазият сезиларли даражада ўзгарди. Жумладан, юртимизда ҳам экологик таҳдиднинг салбий таъсири ортиб бормоқда. Президентимиз раислигида шу йилнинг 2 февраль куни чиқиндилар билан ишлаш тизими ва экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу масалаларга тўхталиб ўтилгани бежиз эмас.

Ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича атиги 1 даража юқори кўтарилса ҳам инсоният учун жиддий хавф-­хатар пайдо бўлади. Кучли жазирамадан нафақат инсонлар, балки ўсимлик ва ҳайвонот олами ҳам азият чекади. Тинч океани шимоли-­ғарбида миллионлаб денгиз жонзотларининг қирилиб кетгани ва ўсимликлар қовжираганига жазирама иссиқ сабаб экани кузатилган. Кучли жазирама ва қурғоқчилик ўрмон ёнғинларини юзага келтиради.

Экспертларнинг маълум қилишича, ҳарорат Цельсий бўйича бор-­йўғи 1 даража кўтарилса, атмосфера 7 фоиздан кўпроқ намликни ушлаб қола олади. Атмосферада тўпланадиган улкан сув захираси эса об-­ҳаво яхши бўлмаган паллада дунёнинг турли қисмида сув тошқинларига сабаб бўлиш учун етарли. Довул пайтида шамол тезлиги соатига 240 километрга етган. Мутахассисларнинг билдиришича, глобал исиш шароитида бизни  айнан шундай довуллар кутмоқда.

Олимларнинг айтишича, қурғоқчилик натижасида ҳаво исиб боргани сайин дарё ва кўллар қурийди, тупроқдаги намлик ҳам буғланади. Бу эса, ўз навбатида, сувнинг янада кўпроқ исишига олиб келади. Агар ҳарорат ортиши давом этса, тез орада кўплаб минтақалар ана шундай қурғоқчиликни бошдан кечиришига тўғри келади. Бироқ Африка ва Яқин Шарқ каби табиатан қуруқ бўлган минтақалар кўпроқ азият чекади.

Ўзбекистон иқлими кескин ва тез қуруқлашиб бормоқда. Кузда ёмғир, қишда эса қор ёғиши сезиларли даражада камайди. Ёз ойларида аномал иссиқ кузатилмоқда. Йил давомида юртимиз ҳудудига кириб келадиган совуқ ҳаво оқими икки баробаргача қисқарди. Буларнинг барчаси глобал иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ.

Ўрганишлар охирги 10 йилда мамлакатимиз иқлимида кескин ўзгаришлар кузатилаётганини кўрсатмоқда. Юртимизда аввалги йиллар давомида ўрта ҳисобда 80 кун совуқ ҳаво оқими кириб келган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич икки баробар, ўртача ҳисобда 35­40 кунга камайди ва бундай камайиш янада тезлашмоқда.

Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари “Дунё миқёсида саноат юқори даражада ривож ланган XXI асрда экология билан боғлиқ муаммолар биринчи даражали муаммо сифатида кун тартибига чиқмоқда. Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши керак. Бунинг учун биз табиатга эътибор беришимиз, фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутишимиз зарур”, деганда мана шу омилларни ҳам назарда тутгани, шубҳасиз.

Чунки ёз ойларида ҳавони бироз мўътадиллаштирадиган совуқ оқим охирги йиллар юртимизга умуман кириб келмаяпти. Бу ҳаво ва тупроқда сув танқислигини кучайтириб, дунёда бўлаётган иқлим ўзгаришининг минтақамизга жиддий таъсир қилаётганини англатади. Аксига олиб, қиш ойлари ҳам қор кам ёғяпти, ёзда эса баъзан аномал жазирама кузатилмоқда. Авваллари куз ойларида ёғингарчилик кўп кузатиларди. Ўзбекистоннинг чўл ва яйлов ҳудудларида ҳам яхшигина ёмғир ёғиб, намлик юқори бўлган ва чанг кўтарилишига тўсқинлик қилган. Бироқ айни даврдаги ҳолат кескинлашаётгани соҳа мутахассисларини ташвишга солмоқда.

Охирги ҳисоботларга кўра, мамлакатимиз ҳудудининг 70 фоизи чўлланган. Чунки бу ҳудуд жуда қуруқ ва унда сув ресурслари етарли эмас.  Чўлланишга олиб келадиган омиллардан бири — қишлоқ хўжалигининг оқилона ташкил қилинмаганидир. Иккинчидан, чорва молларининг нотўғри ўтлатилиши ҳам бунга сабаб бўлади. Чорва молларини ўтлатиш жараёнида ҳайвонлар ўсимликларни илдизи билан еб юборади. Бу эса деградация жараёнини янада тезлаштиради.

Президентимиз раислигида ўтган йили 2 ноябрь куни аҳолини уй­жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора­тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилинди. Унда йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчати экилиши, шаҳарлардаги яшил майдонлар ҳозирги 8 фоиздан  30 фоизгача оширилиши белгиланди.

Ўшанда давлатимиз раҳбари куюнчаклик билан “Шунча йилларда “қоғозда” экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди. Тизим, қаров бўлмагани учун экилганининг ҳам кўпи қуриб кетди. Бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экишни давлат сиёсати даражасига кўтаряпмиз. Шунинг учун бу умуммиллий лойиҳани пухта тайёргарлик билан, пули, эгаси, суғориш тизими билан амалга ошириш керак”, деди. Йиғилишда 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.

“Яшил макон” лойиҳаси бутун мамлакат бўйлаб умуммиллий ҳаракатга айланди. Жинси, ирқи, миллати, касбидан қатъи назар, ҳар бир киши унга жалб қилинди. Ҳозир барча халқаро анжуманларда ҳам яшил майдонларни кенгайтириш ва барпо қилиш тарғиб қилинмоқда. Бу борада давлат миқёсида салмоқли ишлар бошлаб юборилган.

Маълумотларга қараганда, кейинги йилларда Бухоро вилоятининг ҳар гектар майдонига фақат атмосфера орқали бир йилда ўртача 400­500 килограмм чанг ва туз аралашмаси ёғилади. Шунинг 40­-50 фоизи Орол бўйидан кириб келмоқда. Вилоят ҳудудида табиий намлик етарли эмас. Атмосфера ёғинининг йиллик миқдори 90­150 миллиметрни ташкил қилади. Ер сатҳидан буғланиш эса 2000 миллиметргача етади. Бу жиҳатдан Бухоро вилояти ўта қурғоқчил зонага мансуб. Орол денгизи сувининг чекиниши натижасида кейинги 10 йилда вилоятда шамолнинг доимийлиги ёз мавсумидаги гармсел билан биргаликда 40 фоиз ошгани қайд этилган. Кейинги бир-­икки йил ичида фақат ёз ойлари эмас, балки тўрт фасл давомида ҳам шамол, баъзан чанг-­қумли бўрон кузатилмоқда.

Вилоят ҳудудига кучли чанг-­қум бўрони ва шамол туфайли кириб келаётган гармсел, чанг ва тузнинг салбий таъсирини камайтириш учун Олот ва Қоракўл туманларида ўтган йилнинг феврали кўчат экиш ойлиги деб эълон қилинган эди. Бу ҳудудлардаги маҳалла, боғча, мактаблар атрофи ва ҳовлиларга 100 мингдан ортиқ ҳар хил дарахт кўчати экилди ва уларни парваришлаш бўйича мониторинг йўлга қўйилди. Ҳозирги пайтда навбатдаги кўчат экиш ойлигини юқори савияда ва кенг кўламда ўтказиш учун тузилган илмий дастур ва режа асосида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш барчамиздан алоҳида эътибор ва масъ улият талаб қилади. Бу борада мутахассисларнинг ўринли тавсия ва таклифларидан фойдаланиш ҳам зарар қилмайди. Жумладан, сувни нисбатан кўп ҳудудлардан танқис минтақаларга етказиш, ёғингарчилик мўл бўлган йиллари захирада сув ғамлаб, қурғоқчил йилларда сарф қилиш, чиқинди сувларни қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун қайта тозалашни илмий асослаш, чўл ҳудудида дарахтларни кўпайтириш, сув танқислигига чидамли ва мослашган ўсимликларни илмий асослаш орқали тупроқ ва иқлим шароитларига мослаштириш зарур.

Чўл­-адирда ўсаётган ўсимлик дунёсига жуда эътиборли бўлиш даркор. Чунки саҳрода ўсимлик ўсиши учун шароит жуда қийин. Биз эса аксига олиб, бундай ҳудудларда чорва молларини боқамиз. Демак, бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиш, чорва молларини тизимли равишда ўтлатишни режалаштириш зарур. Aйтайлик, 1 гектар ерда 1­3 кун давомида чорва ўтлатилиб, кейин бошқа жойга кўчирилиши керак. Бундан мақсад — чорва ўсимлик илдизини еб қўймаслиги ёки илдизларини туёқлари билан эзиб юбормаслиги керак.

Чўл ҳудудида ўсган бута, дарахтларнинг аҳоли томонидан аёвсиз кесилишини аллақачон тўхтатиш пайти келди. Кузги­қишки мавсумга тайёргарлик вақтида дарахтларни кесиш, чўлларда ўсимликни қирқиш иллатини таомилдан буткул чиқариш лозим. Илмий жиҳатдан инсоннинг табиатга муносабатини яхшилаш зарурати мавжуд. Олдимизда экологик билим ва тушунча, экологик маданиятни, инсонларнинг табиатга меҳрини ошириш вазифаси турибди. Давлатимиз раҳбари шу йил 2 февралда ўтказилган йиғилишда бу масалага ҳам алоҳида тўхталиб, жумладан, бундай деди: “Энг муҳим масала — аҳолининг экологик маданиятини ошириш. Бугун кўчага ёки исталган жойга қаранг. Ҳамма жойда одамлар ташлаб кетган чиқиндиларни кўрасиз. Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Нима учун уни тоза-­озода сақламаймиз? Ахир, муқаддас китобларимизда ҳам “Поклик иймондандур” дейилган. Нега бу масалада оммавий ахборот воситалари, маҳалла фаоллари бонг урмаяпти? Қани нуронийларимиз, жамоатчилигимиз? Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Бунга ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда, “бу ишингиз нотўғри бўлди”, дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларни бунга ўргатишимиз керак. Бу — ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир”.

Янги Ўзбекистон ҳудудини яшил маконга айлантириш, тупроғи, иқлими, суви ва ҳавосини муҳофаза қилиш ва асраш барчамизнинг биринчи навбатдаги вазифамиз бўлмоғи зарур. Бинобарин, Амир Темур бобомизнинг, “Қаердан битта ғишт олсам, ўнта ғишт қўйдирдим, қаерда битта дарахт кестирсам, ўнта дарахт эктирдим”, деган ҳикматли сўзлари барчамизга дастуруламал бўлиши керак.