Бугун ўзбек тилининг нуфузини оширишга жиддий қаратилаётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. 21 октябрь санасининг “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинишининг ўзи бу борада ҳеч бир изоҳга ўрин қолдирмаса керак. Тилимиз мавқеини тубдан оширишга қаратилган Фармон доирасида бошланган ишлар эса том маънода давлат бошқарувининг барча бўғинларида акс-садо бера бошлади.

Аммо, афсуски, тилимиз тараққиётига хизмат қилиш йўлида ҳамон масъулиятни ҳис этмаслик, миллийлик, борингки, давлат сиёсатига панжа ортидан қараш ҳолатлари учраб турибди.

Ўзингизга яхши маълум, пойтахт мамлакатнинг юзи. Унда миллатнинг минг йиллик анъаналари замонавий турмуш билан уйғунлашади. Ҳудудлар ҳам пойтахтдаги ўзгаришлардан андоза олиб ўзгаради, ривожланади. Аммо бугунгидек, ҳар қадамда бошқа тилда осилган рекламалар, катта-катта ҳарфларда тил қоидасининг қўпол бузилишлари ушбу ривожланиш учун андоза бўлмаслиги керак.

Шуни назарда тутган ҳолда ҳукуматимиз томонидан жорий йил бошида “Мамлакатимизда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилинди. Мазкур қарор билан барча даражадаги раҳбарларга, хусусан, вилоят, туман, шаҳар ҳокимларига иш юритишни давлат тилида ташкил этиш учун шахсий масъулият юкланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан жорий йилнинг март ойида барча маҳаллий ижро органларига реклама ва эълонлар тилини тартибга солиш бўйича аниқ топшириқлар берилган эди.

—Республикамизда жами 10600 дан зиёд ташқи реклама осадиган қурилмалар бор. Шунинг 7134 таси пойтахтимизда жойлашган, — дейди Вазирлар Маҳкамасининг ўзбек тилини ривожлантириш департаменти бўлим мудири Шаҳобиддин Мусаев. — Масъуллар томонидан ўтказилган хатлов жараёнида Тошкент шаҳридаги ташқи реклама конструкцияларининг 45 фоизида камчилик аниқланди. Ва бу фақат техник талабларга кўра! Тил қоидаларига уларнинг деярли ҳеч бири жавоб бермайди. Бу эса бутун мамлакат ташқи реклама бозорининг 70 фоизи жойлашган пойтахтда ташқи реклама конструкциялари ҳамон тартибсиз ўрнатилаётганини кўрсатади. Бу ўринда вазият аввало, ҳокимлик масъулларининг жавобгарлигини давлат тилига муносабатини тубдан ошириш кераклигини тақазо этяпти. Маҳаллий бошқарув органларида ташқи рекламаларнинг мазмунини назорат қиладиган, мониторингини юритиб, камчиликларини тўғрилайдиган бўғин иши ҳамон суст. Бугунгача мамлакат бўйлаб 3500, жумладан, Тошкент шаҳрида 1200 дан зиёд ташқи реклама баннерлари давлат тилидагисига алмаштирилди.

Шу каби ҳолат географик объектларни номлаш йўналишида ҳам кузатилмоқда. Вилоят, туман (шаҳар) Халқ депутатлари Кенгашларининг тегишли қарорлари билан тасдиқланган 15 062 та ном Республика топонимика хизмати мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилган. Шундан, қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлган 8 350 та ном белгиланган тартибда Географик объектлар номларининг давлат реестри базасига киритилган. 3 366 таси қонун ҳужжатлари талабларига номувофиқ деб топилиб, ҳудудий комиссияларга қайтарилган. Ҳозирги кунда 2 806 та ном қўмита мутахассислари томонидан кўриб чиқилмоқда.   Мутасаддининг таъкилашича, реклама бозорининг тилга доир муаммолари ечимига маҳаллий масъулларнинг тизимли эътибори сув ва ҳаводек зарур!

Департаментнинг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этган видеоселектор йиғилишида ҳам барча ҳудудий олий таълим муассасаларининг масъул ходимлари билан айни шу масалалар жиддий таҳлил қилинди. Йиғилиш давомида шунга амин бўлдимки, олий таълим муассасалари ректорлари тилимизнинг қадрсизланишига қарши курашишга бугун янгича ёндашишга тайёр. Тўғрироғи, уларнинг бу борадаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, керак бўлса ҳимоя қилинса, зиёли қатлам кучи билан ижобий натижаларга эришишимиз мумкин. Шу ўринда эътиборимни тортган бир жиҳатга алоҳида тўхталишни жоиз топдим. Тошкент педиатрия тиббиёт институти Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири Кавсар Турдиева институт талабалари ўртасида “Саводли ҳудуд” акцияси ташкил этилганини маълум қилди. Мазкур акция доирасида педагоглар талабаларни кўчалардаги реклама эълонларининг тўғри ёзилишини тарғиб қилишга жалб этишаётганидан ҳурсанд бўлдим. Қайси маънодаки, бугун ёш авлод бу масалага жиддий ёндашса, тилимиз билан боғлиқ қусурларга бефарқ бўлмаса, келгуси авлодлар ҳам шу руҳда тарбия топади. Хато ёзилган пешлавҳалар, реклама эълонлари туфайли талабалардан огоҳлантириш олаётган хокимлик мутасаддилари, ташкилот раҳбарларию, дўкондорларнинг виждонлари уйғонса зора. Тўғри, юқори ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларининг тинимсиз тарғиботларидан таъсирланмаётган масъуллар талабаларнинг кичик тадқиқотларини назарга иладими, дейишингиз мумкин. Бунга жавобан айтмоқчиманки, айнан талабалар қизиққон, тадқиқотлар олиб бориш, устозлар томонидан берилган топшириқларни мукаммал адо этишга масъулиятли бўлишади. Ўзлари учун қизиқ бўлган тадқиқотларининг натижалари ҳам улар учун албатта қизиқ. Кўрсатма олган шахслар ишга қандай ёндашганини назорат қилиш ва агар натижа ижобий бўлса, янада руҳланиш талабаларга ғурур бағишлайди. Бундай ишлари учун улар раҳбарият томонидан рағбатлантирилиб турилса борми?... Муҳим жиҳати, бу билан улар ўзларини маълум бир лавозимда ишлаш, ишхона томонидан бериладиган топшириқларни муваффақиятли бажаришга ҳам тайёрлаб боришлари мумкин. Шу маънода ҳам шу каби саъй-ҳаракатлар юртимизнинг барча олийгоҳларда амалга ошириб борилса, ёшларда она тилимизга рўйи рост муҳаббатни уйғотиш мумкин. Зеро, бугун аксарият ёшлар чет элча номланишларга хайриҳохлик кўрсатиб, ўзбекча номлардан кўра уларни жозибадор санаётгани кўнгилни хира қилади. Кўплаб ёшлар учун “Мы открились”нинг “Биз очилдик”дан жарангдор туюлаётгани, “очиқ” сўзи ўрнига “открыто” ёки “open”ни қўллаш табиий ҳол экани ҳам фикримизнинг исботидир. Бу масала билан боғлиқ рад эта олмайдиган масъулиятсизликлар юзасидан Абдуғаффор Қирғизбоев ҳам зиёлилар билан суҳбатда ғоят куюниб таъкидладики, барча иштирокчилар унинг бу каби асосли фикрларини қўллаб-қувватлади.

Хулоса ўрнида алоҳида таъкидлашни истар эдимки, барча вилоят ва туманларимизда пойтахт туманларида бўлаётгани каби танқидий-таҳлилий чиқишлар, тарғибот ишлари жиддий йўлга қўйилса, ҳокимликлардаги тил масалалари бўйича маслаҳатчилар ҳокимларнинг аллақандай қўшимча топшириқлари эмас, ўз вазифалари билан машғул бўлсалар, фармон ва қарорлардан кутилаётган самарадорликкка эришишимиз мумкин.

Маърифатпарвар аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳатто она тилининг чинакам она тилига айланиши учун аввало оналарни саводли этмоқ лозимлигини ўша даврдаёқ айтиб ўтган. Сиз билан биз эса шиддат билан ривожланаётган янги даврда яшаяпмиз. Шундай экан, тил масаласи ҳам тарбия масаласи каби ғоят нозик экани, унга муҳаббат оиладан бошланишини баландпарвозликка йўймайлик. Ахир илм-маърифатнинг қудрати ҳар қачонгидан-да яққол намоён бўлаётганини кўриб-билиб турибмизку? Тил ўрганиш фарзандларимизнинг энг бирламчи мақсадига айланяпти. Бу албатта қувонарли. Аммо, она тилини мукаммал билмай туриб, ўзга тилларни ҳам чуқур ўрганиб бўлмаслигини уларга сиз-у биз уқтиришимиз керак. Эндигина ўз она тилисида гапириб ё гапирмаган боламизни рус боғчаларига бериб ўртада сарсон қилаётганимизни наҳот тушунмасак? Ёки русийзабондан умуман пойдевори бўлмаган бошланғич синфдаги фарзандимизни юқори босқичда рус синфига амаллаб тиқиштираётганимиз қай даражада тўғри эканини бир ўйлаб кўрмасак?

Буларнинг барчаси қўпол қилиб айтганда, ўша миллат фидойилари курашган саводсизлик, таълим ва тарбияга жиддий қарамасликнинг оқибатидан. Шунинг таъсирида қилаётган хатоларимиз бугун катта кўчаларда, биноларимиз пештоқида ўзимизга сабоқ бера бошлади.

Начора, ҳечдан кўра кеч, қимирлаган қир ошар, дейди халқимиз. Эзгу ишларнинг эрта-кечи йўқ. Тилимизнинг қадрини юксалтириш, энг асосийси, унинг аввало халқимиз орасида қадрланиши учун қимирлаб тураверайликчи, бир кун биз ҳам қир ошиб, меҳнатларимиз самарасини кўришга муваффақ бўлармиз...