IT Park Дирекцияси яқинда ўз мажбуриятларини бажармаган 27 та компаниянинг мақомини бекор қилди, дея хабар беради IT Park ахборот хизмати.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 июлдаги 589-сонли қарорига мувофиқ, Низом талабларини бузган юридик шахслар Технопарк резиденти мақомидан маҳрум қилинади, солиқ имтиёзлари эса белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тўлаш мажбуриятларини тиклаш билан бекор қилинади.
Ҳозирги кунда IT Park резидентлари сифатида 466 та IT-компания фаолият кўрсатмоқда.
Таъкидлаш жоизки, IT Park резидентларининг вазифалари қуйидагилардан иборат:
- Низомнинг фаолият турларига асосланган бизнес-режада кўрсатилган фаолият турларини амалга ошириш;
- IT Park Дирекциясига ҳар чоракда фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш;
- молиявий-хўжалик фаолиятининг йиллик аудитини ўтказиш ва аудиторлик хулосасининг бир нусхасини IT Park Дирекциясига юбориш;
- Резидентнинг IT Park Дирекцияси билан ишлаш шартлари тўғрисидаги Шартномадан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш.