2025 йилда электрон тижорат глобал чакана савдонинг 21 фоизини ташкил қилган бўлса, 2027 йилга келиб, бу кўрсаткич 22,6 фоизга етиши кутилмоқда.

Мамлакатимизда онлайн тижорат бозори 2021 йилда 201 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 543 миллион долларга етди. 2024 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 50 дан ортиқ электрон тижорат субъекти рўйхатдан ўтган. Уларнинг умумий йиллик айланмаси 300 миллион долларни ташкил этмоқда. 2027 йилга келиб, уларнинг айланмаси 1 миллиард долларга етиши кутиляпти. Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган Мета, Google, Apple, Booking.com ва Zoom каби компаниялар ўтган йили жами 70 миллиард сўм солиқ тўлади. Бундан ташқари, электрон тижорат, финтех ва банк хизматларини бирлаштирган миллий рақамли экотизим бўлган “Uzum” 2024 йилда қарийб 1,2 триллион сўм солиқ тўлаган. Бу 2023 йилдагига нисбатан 28 фоиз кўп. “Uzum” тўлаган солиқ мамлакат бюджети даромадининг 0,3 фоизини ташкил этган.

Онлайн савдонинг глобал ва маҳаллий кенгайиши истеъмолчиларни ҳимоя қилиш ва уларнинг онлайн транзакцияларга ишончини ошириш нуқтаи назаридан электрон тижорат қонунчилигини таҳлил этишни талаб қилади. Электрон транзакциялар истеъмолчиларга нархни осонгина таққослаш ва маҳсулотларни дўконлардагига қараганда арзон баҳода сотиб олиш имконини беради. Бу афзалликлар Ўзбекистонда электрон тижорат ҳажмининг ошишига олиб келди. Бироқ бу ўсиш истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қийинчиликларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Биринчидан, онлайн транзакцияларда маҳсулотлар ва сотувчилар ҳақида аниқ ҳамда ўз вақтида маълумот олиш муҳимлигига қарамай, сотувчиларнинг маълумот бериш бўйича шартномадан олдинги мажбуриятларини тўлиқ бажармагани ёки электрон тижорат шахссизлиги сабабли истеъмолчилар бундай маълумотларни олишда қийинчиликларга дуч келмоқда. “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун сотувчилардан истеъмолчиларга аниқ ва тўлиқ маълумот беришни талаб қилса-да, истеъмолчиларнинг ахборот олиш ҳуқуқига нисбатан ҳуқуқий бўшлиқлар мавжуд. Хусусан, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5- ва 6-моддаларида ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари ҳамда товар (иш, хизмат)лар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш билан боғлиқ қоидалар тартибга солинган. Бироқ ушбу маълумотлар электрон шартномаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб такомиллаштирилмаган. Масалан, онлайн савдода сотувчи билан боғланиш имконини берувчи алоқа маълумотлари (телефон рақами, факс рақами ва электрон почта манзили) муҳим бўлса-да, қонун сотувчи (ижрочи) ташкилотининг номи, жойлашган (юридик) манзили ва иш тартибинигина истеъмолчиларга маълум қилиши шартлигини белгилайди.

Бундан ташқари, кўплаб электрон тижорат платформалари қонун талабларига мувофиқ ишламайди. Масалан, ҳозир ­Ўзбекистондаги энг йирик электрон платформаларда маҳсулот ҳақида фақат айрим маълумотлар, масалан, маҳсулотнинг қисқача тавсифи ва нархи кўрсатилади.

Хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, мамлакатимиз қонунчилигига шартномадан сабабсиз воз кечиш даврини киритиш, бу ҳақда истеъмолчини хабардор қилишнинг ва шартномадан воз кечишнинг намунавий шаклларини жорий этиш, масофавий харид қилинган қайтарилмайдиган товарлар рўйхатини белгилаш таклиф этилади.

Электрон тижорат ривожланиши истеъмолчилар учун янги имкониятлар очиши билан бирга уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид янги ҳуқуқий масалаларни ҳам юзага келтирмоқда. Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон қонунчилигида истеъмолчиларга ахборот бериш, шахсий ­маълумотларни ҳимоя қилиш ва масофавий шартномалардан воз кечиш каби муҳим институтлар етарли даражада такомиллашмаган. Хусусан, онлайн савдода сотувчиларнинг ахборот бериш мажбуриятлари аниқ белгиланмаган. Тўғридан тўғри маркетингни тартибга солиш механизмлари етарли эмас.

Хорижий тажриба, айниқса, Европа Иттифоқи қонунчилиги таҳлили мазкур соҳада аниқ ва комплекс ҳуқуқий механизмларни жорий этиш истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали муҳофаза этишга хизмат қилишини кўрсатади. Шу боис, Ўзбекистон қонунчилигига масофавий шартномалардан сабабсиз воз кечиш ҳуқуқини киритиш, истеъмолчиларга тақдим этиладиган ахборот турларини кенгайтириш, шахсий маълумотлардан фойдаланиш, хусусан, маркетинг мақсадида аниқ тартибга солиш мақсадга мувофиқ.

Умуман, электрон тижорат соҳасида ҳуқуқий базани такомиллаштириш истеъмолчилар ишончини ошириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва бозор иштирокчилари ўртасида адолатли рақобат муҳитини таъминлашда жуда муҳим.

Адиба САФАРОВА,

Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти бош илмий ходими