Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ғолиблар тасодифий танлаб олиниб, Қўмита томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Маълум қилинишича, ҳар куни ҳар бир ҳудуддан онлайн рўйхатдан ўтган иштирокчилар орасидан ғолиблар аниқланади. Уларга ноутбук ва планшетлар топширилиши режалаштирилган.
Шунингдек, айрим ҳудудларда қўшимча рағбатлантириш чоралари ҳам белгиланган. Жумладан, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан энг фаол маҳаллада инфратузилма ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган. Улар орасида 1 километр ички йўлни таъмирлаш ёки қуриш, электр таъминотини яхшилаш, пиёдалар йўлакчаларини барпо этиш ҳамда ёшлар учун мини стадион ташкил этиш бор.
Спорт вазирлиги эса Тошкент вилояти Пискент туманида биринчи бўлиб онлайн рўйхатдан ўтган маҳаллада универсал спорт майдончаси, шунингдек, стритбол ва воркаут майдончаси барпо этилишини маълум қилди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан онлайн рўйхатдан ўтган фуқаролар ўртасида 36 та телевизор тарқатилиши режалаштирилган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса рўйхатга олиш тадбирида фаол иштирок этган 20 нафар олий таълим муассасаси талабаси учун йиллик контракт тўловининг 50 фоизини қоплаб беришини маълум қилди.
Қайд этилишича, энг кўп оила аъзоларини рўйхатдан ўтказган хўжаликлар учун «Тошкент Аква боғи»га ёз мавсумида 4 кишилик бепул кириш ваучерлари ажратилади. Шунингдек, рўйхатдан ўтган энг кекса аёл ва эркаклар «AKFA Medline» клиникасида бепул тўлиқ тиббий кўрикдан ўтади.
Бундан ташқари, энг ёш фуқароларнинг ота-оналари учун «Uzum Market» электрон савдо платформасида харидлар учун чегирма промокодлари тақдим этилади. Тадбир ва тарғибот ишларида фаол иштирок этган талабалар ҳамда кўнгиллилар «Корзинка» супермаркетлар тармоғида харидлар учун 2 миллион сўмлик ваучерларга эга бўлади.
Шу билан бирга, фаол ёшлар ва кўнгиллилар учун «Cambridge» ўқув марказида сунъий интеллект, чет тиллари ёки бошқа йўналишлар бўйича 3 ойлик бепул ўқиш имконияти яратилади.
Ғолиблар ҳақидаги маълумотлар Миллий статистика қўмитасининг расмий ахборот манбалари орқали эълон қилиб борилиши маълум қилинди.