Урганч давлат университети жамоаси бу жараёнда бирданига 962 нафар профессор-ўқитувчи томонидан масофавий таълим курсларини яратиш ва 16,5 минга яқин талабаларга онлайн дарслар ташкил этиш вазифаси билан тўқнаш келди.

Бир нарсани тан олиб айтиш керак, яхшими-ёмонми, ўзбек таълим тизими бир довонни босиб ўтди. Онлайн таълим биз учун имконсиз жараёндек туюлар, унга ўтишга гоҳ вақт, гоҳ техник имкониятларни баҳона қилардик. Пандемия эса бу жараённи бир неча ўн йил олдинга тезлаштириб юборди. Интернетни тушунмайдиганлар унда ишлашни ўрганди, турли замонавий дастурлар билан тиллашди. Асосийси, профессор-ўқитувчилар алохида фидоийлик кўрсатиб мазкур ҳолатни теран англаган ҳолда дарҳол ишга тушиб кетдилар. Ахборот технологиялари ва масофавий педагогик технологиялар бўйича бой тажрибага эга ходимлардан ишчи гурух тузилиб, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга методик ёрдамлар ишлаб чиқилди.

Президентимиз раислигида жорий йил 30 апрел куни ўтказилган йиғилишда жорий ўқув йилини сифатли якунлаш, хорижий давлатлар тажрибаси ва бугунги вазиятдан келиб чиқиб, олий ўқув юртларида битирув имтиҳонларини онлайн шаклда ўтказиш, ўқув юкламаларни ва дастурларни қайта кўриб чиқиш, олий ўқув юртларида амалий кўникмаларни ривожлантиришга эътиборни кучайтириш, босқичма-босқич масофавий шаклда педагоглар малакасини ошириш, дарс машғулотларини масофадан кузатиш каби масалаларга алоҳида урғу берилди. Имтиҳонлар шаклини соддалаштириш бўйича вазифалар белгиланди.  Таълим методикасини ривожлантириш ва педагоглар савиясини ошириш муҳимлиги таъкидланди. Лицейлар фаолиятини кучайтириш, ҳар бир вилоятда намунали касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Ҳар яхшининг бир ёмони бор, деганларидек, карантин бизни фаол турмуш тарзидан бироз чеклаган бўлса-да, иш жараёнимизни, аксинча, жадаллаштирди. Сабаби, бугунги кунда университетимизда жами 16 461 нафар талаба таҳсил олаётган бўлса, улар учун  университет масофавий таълим тизими dl.urdu.uz  веб сахифаси орқали қисқа муддатда 1 600 га яқин фанлардан масофавий таълим курслари очилди ва уларни таълим курслари билан бойитиш ишлари карантин даврининг биринчи кунидан бошлаб юборилди.

Анъанавийликдан замонавийликка

Масофавий ўқитишда турли хил ахборот ва коммуникация технологияларидан фойдаланилди, хусусан, анъанавий ўқитиш воситалари, ўқув қўлланма ва дарсликларнинг электрон нусхаси билан бир қаторда, интерактив аудио ва видео материаллар, видеомулоқотлар, электрон почта каби технологиялар кенг қўлланилмоқда. Мазкур манбалар дунёга машхур масофавий ўқитиш тизими бўлган MOODLE тизими орқали амалга оширилмоқда. Ушбу платформада барча зарурий элементлар, хусусан, маъруза, видеодарс, тест, топшириқ, чат, форум, сўровнома, глоссарий, тескари алоқа ва вебинар имкониятлари жойлаштирилган.  Профессор- ўқитувчиларимиз хар бир мавзуга доир 15-20 дақиқалик  қисқа видео маърузалар ишлаб чиқишди ва ижтимоий тармоқлар орқали хам  талабаларга таълим бериш йўлга қўйилди.

Ўқув курсларида қўшимча 674 та адабиётга хавола кўрсатилиб, 75 мингдан ортиқ ўқув ресурслари сахифалари очилди. Ўқитувчилар томонидан мавзулар бўйича 10 мингдан ортиқ қисқа видео тушунтиришлар ишлаб чиқилиб, тизимга ўрнатилди, 2 149 та глоссарий мажмуаси яратилди. Амалий ва семинар машғулотлар таълимни бошқарув тизимининг forum, survey, workshop, chat, wiki каби 11 мингга яқин элементлари қўлланилди. Шунингдек, масофадан видео мулоқот орқали юзма-юз таълим бериш мақсадида ZOOM дастуридан хам унумли фойдаланишмоқда.

Вебинарларда фаоллик ошди

Мамлакатимиздаги ва хориж давлатлардаги етакчи олий таълим муассасаларида бўладиган семинарларда иштирок этиш вақт, маблағ ва шароитни талаб қилар эди. Эндиликда интернет дастурларини ўрганиб олган университет жамоаси нафақат, хорижлик ҳамкасбларининг вебинарларида қатнашмоқда, балки профессор-ўқитувчилар билан талабалар учун бир қанча онлайн вебинарлар ташкил этмоқда. Вебинар кучли мутахассислар ва ёшларни бирлаштирувчи қутб бўлиб, бу орқали таълим олиш истагида бўлган ҳар бир фуқаро республикамизнинг исталган ҳудудида туриб, кучли мутахассислардан билим олиш имконига эга бўлади. Бу ҳам онлайн таълим берган бир имконият, аслида.

Профессор-ўқитувчиларнинг масофадан ўқитиш методикасини мустаҳкамлаш бўйича “Масофавий таълимни ташкил этиш технологиялари” ва “Инглиз тилини ўрганиш” масофавий курсларининг йўлга қўйилиши эса ходимларнинг иш жараёнидан ва оиласидан ажралмаган ҳолда ўз малакаларини ошириб боришига замин яратди. Шу баҳона университет ва ОТМлараро ўтказиладиган барча илмий конференциялар, семинарлар онлайн ўтказила бошланди.

Масофавий ҳимоялар савияси қандай?

2019-2020 ўқув йилида Урганч давлат университетида бакалавр таълим йўналишлари бўйича 2 027 нафар, магистратура мутахассисликлари бўйича 100 нафар, жами бўлиб 2 127 нафар талаба ўқишини тамомлайди.

Университет битирувчи курс талабаларининг якуний назоратлар ва  якуний давлат аттестациялари тўлиқ масофавий тарзда онлайн тест синовлари ва тақдимотлар шаклида  ўтказилиши режалаштирилди. Олдинига диплом ҳимоясининг онлайн шакли қандай бўлади, имтиҳонларни қай тарзда ўтказамиз деган ҳадиклар ўзимизда ҳам бўлди. Лекин шароит тақазо қилса, инсон барча қийинчиликни енгишга қодир. Бунга талабаларни ҳам ишонтирдик. Бакалавриат таълим йўналишлари бўйича фанлараро (умумкасбий ва ихтисослик) якуний давлат аттестация синовлари масофавий тарзда онлайн тест синовлари шаклида ўтказилишини мақсад қилдик. Магистрлик диссертациялари ҳимоялари ҳам масофавий тарзда онлайн тақдимотлар шаклида ZOOM иловаси орқали ўтказилиши режалаштирилди. Бу борада энг мақбул ва оптимал вариантлар танланиб, амалиётга татбиқ этиш бўйича механизмлар ишлаб чиқилди. Якуний давлат аттестацияларида узрли сабабларга кўра иштирок эта олмаган талабалар учун республика миқёсида карантин чекловлари тўлиқ якунлангач, қайта топширишга имкониятлар яратилади, улар учун якуний давлат аттестация комиссиялари фаолияти ташкил этилади.

Қабул қандай бўлади?

Университетимизда 2020/2021 ўқув йили учун 63 та кундузги таълим йўналишларига, 17 та сиртқи таълим йўналишларига, 33 та магистратура мутахассисликларига қабул учун таклифлар берилган. Хусусан, вилоятимиздаги кадрларга бўлган эхтиёж хисобга олиниб 6 та янги таълим йўналишилари ва 5 та янги магистратура мутахассисликлари очилиши режалаштирилган.

Келгуси ўқув йили учун кириш имтиҳонлари муддатлари ўзгартирилгани йўқ. Абитуриентлар хужжатлари  белгиланган тартибда 15 июндан 15 июлгача (шу куни ҳам) қабул қилинади, олий таълим муассасаларига абитуриентларнинг ҳужжатларини масофадан қабул қилиш бўйича янги тартибдаги имкониятлар ва афзалликлар яратилади. Абитуриентлар Ягона давлат интерактив хизматлар портали ёки ДТМ сайти орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин. Карантин шароитини ҳисобга олиб, тест топшириқларини соддалаштириш ишлари амалга ошириляпти. Жорий йил 5 та фан юзасидан имтиҳон тест синовларини топширишлари белгиланган эди, ҳозирда мана шу фанлар миқдорини оптималлаштириш масаласи ўз ечимини топди.

Алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига талабаликка қабул қилиш имтихонларини ўтказиш жараёнларини соддалаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Аввало, абитуриентга ижодий имтиҳон топшириши учун олий ўқув юртига фақат бир марта келиб-кетиш талаби қўйилади. Олдинги йилларда эса имтиҳон топшириш учун бир неча марта келиб-кетиш талаб қилинар эди.Ижодий имтиҳон таркибида нечта топшириқ бўлишидан қатъи назар, абитуриентлар бир кунда ҳаммасини топшириши керак бўлади. Имтиҳон олиш давомийлиги ҳам имкон даражасида қисқартирилади.

Магистратурага кириш имтиҳонлари карантин тадбирларидан келиб чиққан ҳолда Низомда белгиланган шаклларда ёки тест шаклида ўтказилиши мумкин. Кириш имтиҳонлари натижалари университетнинг расмий веб сайтларида эълон қилинади.

Шартнома пулини тўлаш масаласи

Карантин даврида ўқув йили учун тўлов-шартнома пулларини тўлиқ тўлашга улгурмаган талабалар истисно тарзида ўқишдан четлатилмади. Бу битирувчи курс талабаларига ҳам тааллуқли. Университет молиявий имкониятидан келиб чиқиб, контрaкт тўлови муддатини мустақил узайтириш ваколатига эга. Тўловларни тўлиқ амалга оширмаган талабалар шартли равишда, истисно тариқасида якуний назоратларга киритилиши мумкин, лекин уларга ўқув йили учун белгиланган тўловни тўлиқ амалга оширганларидан сўнг, курсдан-курсга кўчирилганлик тўғрисидаги буйруқ расмийлаштирилади. Битирувчи курс талабаларига ҳам шартнома пулини тўлаганларидан сўнг олий таълим муассасасини тугатганлиги тўғрисидаги тегишли диплом берилади.

 Муаммолар ҳам йўқ эмас

Мақола аввалида айтганимиздек, онлайн таълим дастури кутилмаганда ва жуда қисқа муддатда яратилди. Бунда камчиликлар бўлиши табиий ҳол. Мен талабалар орасидаги муаммо тўғрисида тўхталмоқчи эдим. “Ўзи йўқнинг кўзи йўқ” деганларидек, масофавий таълимга юзаки қараб, бир-биридан ёппасига кўчирган талабалар ҳам кўплаб учради. Дарсни қўл учида қилиб, мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида иш тутган толиби илмлар ҳам бўй кўрсатди. Тўғри, интернет таъминоти бўйича чекка қишлоқлардаги асл манзара кўзга ташланиб қолди. Аммо бу бошқа масала. Келгуси ўқув йилида мутасаддилар бу муаммоларга ечим топади, деган умиддамиз. Шу ўринда талабалар ва уларнинг ота-оналаридан онлайн таълим жараёнига, устозларнинг машаққатли меҳнатига ҳурмат билан қараб, илм олишга иштиёқни сўндирмасликларини сўраб қолардик.

Баҳром АБДУЛЛАЕВ,

Урганч давлат университети ректори