Истеъдодли  ёшларни излаб топиш,  уларнинг ноёб санъатини асраб авайлаш, интилишларини қўллаб-қувватлаш  мақсадида Қорақалпоқ элининг Нукус шаҳрида  ўтказилаётган Ёшлар овози фестивалининг иккинчи куни ҳам ўзига хос равишда, қизғин жараёнларда давом этди. 

 Бугун, 12 май куни, 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган, 41 нафар  танлов иштирокчилари  “опера” йўналишида ижро маҳоратларини  намойиш қилдилар.

 ­- Танлов иштирокчиларнинг потенциал қуввати, айниқса, кучли  овоз диапозони бизларни қувонтирмоқда, - дейди Ўзбекистон халқ артисти Исмоил Жалилов. ­-Қатнашчиларнинг  қўшиқларини эшитар эканмиз, уларнинг овоз имкониятлари, мана-ман деган итальян операчилари билан тенгма тенг беллаша оладиган даражада ва ҳаттоки яқин келажакда улардан ҳам ўзиб кетишига ҳозирданоқ  ишончимиз комил бўлмоқда.  Нима бўлганда ҳам ушбу фестиваль, опера йўналишида ижод қилаётган овоз соҳиблари ичидан энг муносибларини  саралайди ҳамда уларнинг истиқболли келажаги учун муҳим ва мустаҳкам бир замин бўлиб қолади.

Дарҳақиат,  танлов қатнашчилари,  қай тилда қўшиқ куйламасин,  миллийликдан, ўзликдан йироқлашмаган ҳолда ижро қилмоқда. 

Ёшларнинг ижрочиик маҳоратини намоён этиш учун ижодий майдон яратиш, мусиқа орқали маданий савиясини ва улар санъатини ривожлантириш мақсадида  ўтказилаётган опера йўналишидаги ушбу танлов ҳам, саноқли кунлардан сўнг,  БЎЗАТОВда  ўз юлдузларини кашф этади.

 

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири