7 июнь куни тахминан соат 15:30 да ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор қидирув тадбири натижасида, Қибрай тумани Тановар кўчасида яшовчи 67 ёшли Қ.Т. хонадонида яширин равишда 19 дона 12х76 калибрли ичи тўлдирилган бутун ҳолдаги патронлар, 9 дона 12х76 калибрли гильзалар, икки хил турдаги тахминан оғирлиги 100 гр ёнувчи порох ва ҳар хил турдаги тахминан вазни 1,5 кгни ташкил қилувчи сочма ўқ-дорилар, шунингдек ўқ-дорилар ясаш учун мўлжалланган 8 турдаги деталь ва моддаларни сақлаб келаётганлиги аниқланиб, холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида расмийлаштирилиб олинган.
Суд баллистик экспертиза хулосасида фуқаро Қ.Т. нинг уйидан олинган патронлар отиш учун яроқли, гильзалар эса отиш учун яроқсиз эканлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Қибрай туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми (Қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш ва сақлаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти
Ахборот хизмати