Мамлакатимиз тарихининг янги саҳифаларида аёл зотига кўрсатилаётган бугунги юксак эътибор намуналари зарҳал ҳарфларда битилади. Чунки аёлга сен гўзалсан, муқаддассан деган бадиий муносабат бугун аёлни нима қийнаётгани, жисмидаги оғриқ нимадан, оиласида аҳволи қандай, болаларини қандай тарбиялаяпти деган индивидуал ёндашув билан уйғунлашган. Аёлларнинг муаммоларини ҳал этиш борасидаги ислоҳотлар манзилли, эгали ва айнан шахсга йўналтирилаётгани билан янгича мазмун касб этяпти.

Хотин-қизлар билан ишлашдаги бугунги ёндашувда аёлнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш устуворлик аҳамиятга эга. Чунки саводли, ҳақ-ҳуқуқини таниган, фаол аёлнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши осонроқ кечади. Албатта, бу борада муаммолар йўқ эмас, бироқ салмоқли натижага эришилаётганини эътироф этиш жоиз. Зеро, хотин-қизлар ҳаётидаги энг кичик ўзгаришдан улкан ижтимоий аҳамиятга эга янгиланишларгача Президентимизнинг аёллар масаласига ўта жонкуярлик билан ёндашаётгани кўриш мумкин.

Сўнгги йиллардаги изчил ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар ва аёллар масаласига янгича муносабатнинг юқори босқичга кўтарилиши натижасида хотин-қизларнинг қатор муаммоларига ечим топила бошлади. Хусусан, ўтган даврда юзлаб қизларнинг олий маълумот олиши учун кенг имкониятлар яратилди. Эҳтиёжманд минглаб аёлларга уй-жойлар берилди. Давлат қўллаб-қувватлови туфайли тадбиркор аёллар сафи кенгайди. Умуман барча жабҳада аёлларнинг ўрни ва роли ошяпти. Нозик хилқат эгаларининг муаммосини ҳал этиш масаласини давлат ва нодавлат ташкилотлар олдига қўя билиш позицияси кучайди.

Бу каби натижаларга эришиш учун, албатта, босқичма-босқич саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Айниқса, 2017-2018 йилларда олиб борилган аёлларга оид ислоҳотлар натижасида олти минг нафардан ортиқ аёл кадр захираси яратилди. Ушбу захира Ўзбекистоннинг кадрларга оид давлат сиёсати тамойилларига мос тарзда ташкил этилгани боис муайян маънода янгича дунёқарашга эга, замонавий билимлар соҳиби бўлган аёл раҳбарларнинг сиёсий майдонга кириб келишига асос бўлди.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизи хотин-қизлардир. Сенатда эса бу кўрсаткич қарийб 25 фоизга етди. Маҳаллий кенгашлар депутатларининг 31 фоизи аёллардан иборат. Шу каби дадил ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 128-ўриндан 37-поғонага кўтарилди. Шунингдек, олти нафар аёл ҳоким лавозимида фаолият юритмоқда. Бир қатор соҳалар бўйича аёллар вазир ўринбосари даражасига кўтарилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ижтимоий фаол хоти-қизларни тизимли равишда ўқитиш, малакасини оширишни давом эттириш мақсадида юздан зиёд вазирлик ва идора билан ҳамкорликда раҳбарлик лавозимларига захирага олиш учун интилувчан аёллардан иборат аёл кадрлар рўйхатини қайта шакллантирди ва такомиллаштирди. Бугунги кунда раҳбарлик лавозимларига захирага олинган аёл кадрлар сони 6 мингдан 15 минг нафарга етди.

Келгусида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ҳамкорликда ягона ўқув дастури ишлаб чиқилиб, раҳбарлик лавозимларига захирага олинган аёл кадрларни тизимли равишда ўқитиш, раҳбарлик фаолияти учун зарур билим, кўникма ва малакага ўргатиш, мақсадли тайёрлаш ишлари ташкил этилади.

Вазирлик ҳамда идоралардаги хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат кенгаши фаолияти натижасида барча даражадаги раҳбарлар аёлларга муносабатда гендер тенглик тамойилига алоҳида эътибор ва масъулият билан қарамоқда. Мазкур кенгаш зиммасига ойлик иш ҳақини белгилаш, лавозимларга тавсия этишда гендер тенгликка амал қилиш, захира кадрлар базасига хотин-қизларнинг номзодини киритиш, уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, тайинлаш каби масалаларни таҳлил этиш, хотин-қизлар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш каби вазифалар юкланган.

Шунингдек, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши каби тузилмалар бугунги кун аёлининг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун шароит яратиш борасидаги ислоҳотларга ҳисса қўшиб келмоқда.

Қизларимизнинг таълим олиши, олий маълумотли, муайян касб эгаси бўлиши — бу шунчаки оддий гап эмас. Фаолият ва тажрибадан маълумки, бугунги аёллар муаммоларининг илдизи маълумотни тўлиқ ва яхши олмаслик, бирор касб эгаси бўлмаслик, ўз ҳуқуқини билмаслик каби омилларга бориб тақалади.

Шу маънода қизларнинг билимли бўлиши учун давлатимиз изчил чораларни кўрмоқда. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда олий таълим муассасалари талабаларининг 47, умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг 48 фоизи қизлардир.

Қиз боланинг жамиятда ўз ўрнини топишида ота-оналарнинг муносабати муҳим роль ўйнайди. Чунки унинг олий маълумотли бўлиши, ўз соҳаси бўйича ишлаши оиласининг ҳам мустаҳкамлигига хизмат қилади. Чунки ўқимишли, олий маълумотли аёл оилада ҳам, ишда ҳам, жамият ҳаётида ҳам ҳамма масалага илм-маърифат билан, онгли ва фаол ёндашади ҳамда муносиб иштирок этади.

Президентимиз томонидан ўтган йили эҳтиёжманд оилалар қизларининг олий ўқув юртларида грант асосида таълим олиши учун алоҳида қабул квоталари жорий этилган эди. Бу йил икки баравар кўп грант ажратилиб, олий аълим муассасаларига 2000 нафардан ортиқ қиз имтиёзли қабул қилиниши кутилмоқда.

Мазкур йўналиш бўйича туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳузурида тузилган ишчи гуруҳга ўтган йили 32 минг 98 нафар хотин-қиз мурожаат қилди. Бу, ўз навбатида, хотин-қизларда олий маълумотли бўлиш, ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топишга кучли интилиш мавжудлигини кўрсатади.

“Оқила, билимли, тадбиркор аёл миллатнинг хазинасидир”, деб бежиз айтилмаган. Бу фикр аёлларнинг фарзанд ўстириш, авлодлар занжирини давом эттиришдаги мақоми қанчалар юксаклигини кўрсатади.

Гулнора МАЪРУФОВА,

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг

биринчи ўринбосари