Маржона “Бир миллион ўзбек дастурчиси” битирувчиси, Girls UP халқаро мукофоти совриндори, “Меҳр-саховат” кўкрак нишони соҳиби.

У IT соҳасига кириб келишидан аввал Ёшлар иттифоқининг қатор лойиҳаларида иштирок этиб, мамлакатдаги қизлар орасида биринчи бўлиб сардорликка сайланган.

— Айнан Ёшлар иттифоқидаги иштироким ушбу касб ҳақида тасаввур ҳосил қилиш имконини берди. Бир кун келиб улғаямиз ҳамда ёшлар сафидан чиқамиз. Шундан кейин мен нима қиламан, деган савол пайдо бўлди. Касб ўрганишга қарор қилдим, — дейди М.Жўрақулова. — Танловим айнан IT соҳаси бўлди. Чунки бу касб аёл-қизлар учун ҳам ҳар томонлама қулай. Бу билан дунёнинг исталган нуқтасида туриб шуғулланиш мумкин. Қизлар кун келиб турмушга чиқади, фарзанд тарбияси, уй иши билан банд бўлади. Баъзи аёллар бундай даврда имконият йўқлиги сабаб ишламай туришни танлайди. IT эса макон ва замон танламайди. Компьютерингиз ёнингизда бўлса, бас.

Маржона бу касбни ўргана бошлаган пайтда шахсий компьютери ҳам йўқ эди. Мобиль телефон билан “Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳасида иштирок этиб, янги касбни ўрганишга буткул шўнғиб кетади. Қизидаги кучли интилишни кўрган ота-онаси унинг ноутбук сотиб олишига ёрдам берди. Бу қизнинг шижоатини янада ошириб юборди.

— Университетга киргунимча ўзимни ўзим моддий таъминлай оладиган бўлишни мақсад қилгандим. Чунки талаба яхши билим олиши учун унга ҳеч нарса халал бермаслиги керак. Ота-онамга “юк” бўлишни эса истамайман, — дейди Маржона.

У ҳақиқатан ниятига содиқ қолди. Касбни етарлича эгаллагач, “Халқаро қизлар саммити”ни ташкил этиб, атрофига ўзи каби юрагида ўти бор қизларни жамлади. Унинг жамоаси аллақачон буюртма олиб, яхши даромад топа бошлаган. Жамоа айни пайтда mGowAward лойиҳаси доирасида мобиль илова яратиш устида ишламоқда.