— Жорий йилнинг 22 апрель кунига қадар вилоятимиздаги соғлиқни сақлаш ҳамда таълим тизими ходимлари томонидан адлия органларига жами 368 та мурожаат келиб тушди, — дейди Самарқанд вилоят Адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Р.Аҳроров. — Уларнинг 84 таси соғлиқни сақлаш тизимига оид бўлса, 284 таси таълим тизимига тўғри келмоқда. Олиб борилган амалий чора-тадбирлар натижасида мурожаатларнинг 254 таси қаноатлантирилди. Шундан 42 та мурожаат бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, 1 та мурожаат тегишлилиги бўйича ваколатли органларга юборилди. Қолган 52 та мурожаат ҳозирги пайтда иш юритувига қаратилди.  

Очиғини айтиш керак, бугунги кунда вилоятда айнан мазкур икки тизимда ходимларга иш ҳақлари белгиланган муддатда тўланмаслиги (78 та),  устамаларнинг тўланмаслиги (479 та), фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўлаб берилмаслиги (16 та), олис ҳудудларда ишловчи олий маълумотли мутахассисларга бир марталик моддий ёрдам пули ва уй-жойни ижарага олганлик учун компенсация пулларининг тўлаб берилмаслиги (43 та) сингари қонунбузилиши ҳолатлари кўп учрамоқда. Бу биргина акция доирасидаги мурожаатлар асосида аниқланган ҳолатлар холос.

Жумладан, Пайариқ туманидаги умумтаълим мактабларида ўтказилган мониторингларда ҳам ана шундай ҳолатлар аниқланди. Яъни, тумандаги умумтаълим мактабларида ишловчи жами 27 нафар педагог ходимларга жами бўлиб 11 млн. 838 минг 822 сўм миқдорида устама ҳақ тўловлари тўлаб берилмаган. Ҳолат юзасидан туман Халқ таълим бўлимига тақдимнома киритилиб, муаммо ижобий ҳал этилди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентабрдаги 823-сон қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 6-боб, 21-бандида педагог ходимларнинг фаолиятини баҳолаш мезонлари асосида тўплаган умумий баллари бўйича уларга тўлаб бериладиган устама ҳақлари миқдори кўрсатилган.

Бундан ташқари, Пахтачи тумани Мирзо Улуғбек маҳалласида яшовчи фуқаро Д.Нурманова Самарқанд вилоят Мактабгача таълим бошқармасининг 2020 йил 17 сентябрдаги 267-қ-сонли буйруғи билан тумандаги 44-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори лавозимига ишга тайинланган бўлса-да, унга 2020 йил октябрь ойидан 2022 йил январь ойига қадар ойлик иш ҳақлари тўлаб берилмаган.

Фуқаронинг ушбу мурожаати асосида туман адлия бўлими томонидан олиб борилган ўрганишларда ҳам бу ўз тасдиғини топган ва фуқаронинг 2020 йил октябрь ойидан 2022 йил январь ойига қадар тўланмаган жами 29 млн. 489 минг 528 сўм иш ҳақини ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига ариза берилиб, суднинг буйруғига асосан устамалар ундирилиб берилди.

Қолаверса, Иштихон туман Адлия бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги ПФ-6099-сон Фармони (13-банди) билан 2021 йил 1 январдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифасини юклаш ва унинг баъзавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устама тўлаб борилиши белгиланган. Бироқ мониторинглар жараёнида туман Халқ таълими бўлими тизимидаги мактаблардаги 70 нафар ходимга “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифаси буйруқ билан юклатилган бўлишига қарамай, уларга жами 350 000 000 сўм устама тўловлари тўланмаганлиги маълум бўлди.

Мазкур устама тўловларини ундириш борасида Фуқаролик ишлари бўйича туман судига даъво аризалари киритилиб, ходимларнинг ҳуқуқлари таъминланди.  Адлия органлари томонидан соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларининг манфаати юзасидан масъул ташкилотлар раҳбарларига 450 та тақдимнома, 480 та огоҳнома, 35 та маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар ҳамда судларга умумий қиймати 1 млрд. 411 млн. сўмлик 265 та даъво аризалари киритилди. Муҳими, кўрилган таъсир чоралари натижасида 1 млрд. 204 млн. сўм маблағларнинг  (иш ҳақи, устама ва бошқа тўловлар) соҳа ходимларига ундирилиб берилишига эришилди. Шунингдек, ноқонуний бўлган 190 та ҳужжат бекор қилиниб, 297 нафар шахс интизомий, 34 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.

Акция доирасида ўрганишлар давом этмоқда.

Самарқанд вилоят Адлия бошқармаси

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими