Президентимизнинг 2020 йилнинг 6 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида халқ таълими тизимидаги ислоҳотларни янада такомиллаштириш ва илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.
Мазкур ҳужжатларда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, соҳадаги раҳбар ва педагог-ходимларни “ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида узлуксиз малака ошириш тизимига трансформация қилиш вазифаси белгиланган.
Жорий йилгача амалдаги тартибга кўра, педагог-кадрлар ҳар 5 йилда бир марта, раҳбар ва мутахассис ходимлар эса ҳар 3 йилда бир марта малака ошириб келган.
Ўқитувчининг 5 йилда 1 ой, яъни 144 соатлик ўқув дастури асосида малака ошириши ва қолган 4 йилу 11 ой ҳеч қандай ўқувга жалб қилинмасдан, уларнинг ўз устида ишламаслиги касбий малака кўникмалари сусайишига сабаб бўлиб, таълим сифати муаммоси ҳукумат даражасига кўтарилди ва жорий йилнинг 25 январь куни “Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, тизимда катта ислоҳотлар амалга оширилди. А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ҳамда БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги Болалар жамғармаси (UNICEF) билан ҳамкорлигида ташкил этилган “Халқ таълими ходимларини касбий ривожлантириш: эришилган ютуқлар ва истиқболдаги режалар” мавзусида илмий-амалий семинари мазкур вазифалар ижросига бағишланди.
Тадбирда халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш тизимини ва халқ таълими секторини такомиллаштириш борасидаги таклифлар ва ечимлар, халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш, таълим мазмунини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари, соҳалар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик: таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ижобий натижаларни қўллаб-қувватлаш, малака ошириш тизимидаги ислоҳотлар ва ЮНИСEФ билан қўшма лойиҳалар натижалари (“Узлуксиз касбий таълим” ЛМС платформаси ва халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик) мавзулари доирасида мулоҳаза юритилди.
Шунингдек, ЮНИСEФнинг таълим соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорлик йўналишлари, Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитишни такомиллаштиришда Ўзбекистондаги Британия Кенгаши ва Халқ таълими вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик, мактаб ўқувчилари учун математика фанидан баҳолаш моделини яратиш борасида фикрлашилди.
Анжуманни ташкил этишдан кўзланган мақсад халқ таълими ходимларини малака ошириш тизимида бўлаётган ўзгаришлар, реформалар ҳамда халқаро ташкилотлар билан шу соҳани ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар натижаларини кенг оммага етказиш, БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги Болалар жамғармаси (UNICEF) билан ҳамкорликда олиб борилган лойиҳалар натижалари ва сарҳисоби билан танишишдир.