Бухоронинг Қоракўл туманидаги машҳур халқаро математика мактаби ҳақида эшитмаган, билмаган одам бўлмаса керак. Шерназар Саломов ана шу ихтисослашган мактаб-интернатда ўқувчиларга математика фанидан сабоқ беради. Ўз ишининг фидойиси, ижодкор ва изланувчан ўқитувчи инновацион таълимни амалиётга татбиқ қилган. Унинг иш тажрибаси республика миқёсида кенг оммалаштирилган.

Муаллим дарсларга пухта тайёргарлик кўради. Янги педагогик технологиялар, шунингдек, “Дарс — муқаддас”, “Ўрган — ўргат”, “Биз бир жамоамиз” каби педагогик тавсиялардан ўринли фойдаланиб, ўқитишнинг интерфаол усулларини амалиётга татбиқ этиб келмоқда. Шу билан бирга, ўқувчиларнинг математика фанини ўзлаштириш самарадорлигини оширишга эришмоқда.

Педагогнинг ўқувчилари республика ва халқаро миқёсдаги нуфузли танловларда муваффақият қозониб келмоқда. Жумладан, 2017 йили Ҳиндистонда, 2018 йили Болгарияда, Озарбайжонда, 2019 йили Жанубий Африка Республикасида математика фани бўйича бўлиб ўтган “International Mathmetical Competition” (IMC-2019) олимпиадада Шерназар Саломов шогирдлари олтин ва кумуш медалларни қўлга киритган. Шунингдек, 2019-2020 йилларда ўтказилган “Москва III мингйиллик” танловида иштирок этган ўқувчилари кумуш медаль соҳиби бўлди.

— Болалигимдан математикага қизиққанман, — дея хотирлайди педагог. — Доим нималарнидир қўшиш ва айиришга, ҳамма нарсани хаёлан ҳисоб-китоб қилишга интилардим. Бу мени тартибга, вақтимни режалаштириш ва аниқликка ўргатди. Ўзим ҳам шу мактабда сабоқ олганман. Устоз муаллим, ушбу мактабнинг асосчиси Тўхтамурод Жумаевдан фидойилик, меҳнатсеварлик, ўз устида тинимсиз ишлаш, касбга муҳаббатни ўргандим.

Бугун ўзим устозлик мақомида ишлаб, ўқувчининг камоли устозининг кўксини тоғдек кўтаришини яхши англаяпман.  Шу кунга қадар ўқувчиларим бешта давлатда ўтказилган нуфузли халқаро олимпиадаларда иккита олтин, 6 та кумуш, 3 та бронза медалга сазовор бўлди.

 2019 йили ўқувчимиз Дониёр Исмоилов “Мард ўғлон” давлат мукофотига муносиб кўрилганида қанчалик хурсанд бўлганимни сўз билан ифодалай олмайман. Ўтган йили Россия

 Федерациясида ўтказилган халқаро математика олимпиадасида бир ўқувчимиз бронза медални қўлга киритгани меҳнатимиз бесамар кетмаётганини яна бир карра исботлади. Ҳозир у Янги Ўзбекистон университетида таҳсил олмоқда.

Ҳақиқатан, мактабнинг самараси битирувчиларнинг ҳаётда муваффақиятга эришиши билан ўлчанади. Бунинг биринчи катта мезони ўқувчиларнинг олий таълим муассасасига ўқишга кириш кўрсаткичи бўлса, кейингиси муайян соҳада фаолият юритаётгани ёки бизнес билан машғуллигидир. Халқаро математика мактаби битирувчиларининг 95 фоиздан ортиғи олий ўқув юртларига ўқишга кираётгани, халқаро олимпиадалардан энг кўп медаль олиб келаётгани замирида фидойи ва жонкуяр ўқитувчилар, хусусан, қаҳрамонимизнинг ҳам ҳиссаси катта.

Малакали педагог болаларга кундалик ҳаётда ҳар бир қадамида математикани кўрсатиб қизиқтиришга, бу фанни фақат олий ўқув юртига кириш воситаси эмас, балки ҳаёти давомида дуч келадиган масалаларга ечим берувчи ёрдамчи сифатида тасаввур уйғотишга ҳаракат қилади. У доим “Математика — ақл гимнастикаси. Педагогнинг вазифаси — боланинг ақлини доимий чархлаш, унинг ҳафсаласизлигига йўл қўймасликдир”, деган тамойилга амал қилади.

Ўқитувчига ҳурмат-эҳтиром жамиятни ўзгартиришдан бошланади. Шу боис, айнан халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларни бошлашда қўйилган энг катта вазифа ҳам жамиятда устознинг нуфузини ошириш бўлди. Педагог ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар бугун Бухоронинг чекка туманида фаолият олиб бораётган ўқитувчи ҳаётида ҳам ўз ифодасини топяпти.

— Президентимиз ўтган йили Халқаро математика мактабига ташриф буюрганида у киши билан учрашиш бахтига муяссар бўлдим, — дея ҳаяжон ва мамнуният билан эслайди моҳир педагог. — Ўшанда суҳбат асносида эришган ютуқларим ҳақида сўзлаб, ойлик маошим қарийб минг долларни ташкил этаётгани ҳақида айтгандим. Маошимдан ташқари Президентимизнинг тегишли қарорига биноан Халқаро мактабнинг бошқа ўқитувчилари қатори мен ҳам 100 фоиз устама оламан. Дунёда тан олинган нуфузли фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари бир марталик пул мукофоти билан тақдирланмоқда. Менинг ҳам ўқувчим халқаро олимпиадада бронза медаль соҳиби бўлгани учун қўшимча яна 150 фоиз устама оламан.  Репетиторлик билан шуғулланаман. Хуллас, бугун жами ойлик даромадим 3000 АҚШ долларига етиб қолди.

Шерназар Саломов устозларининг пахта тергани, ободонлаштириш ишларига жалб этилганига кўп бор гувоҳ бўлган. Ўқиш, ишлаш жараёнида ўзи ҳам бир неча бор таълимдан бошқа, хизмат вазифасига кирмайдиган ишлар билан шуғулланишига тўғри келди. Муаллимликни ҳаётининг мазмуни деб билган педагог энг қийин пайтларда ҳам мактабни тарк этмади. Бугун жамиятда муаллимнинг мавқеини, ўқитувчилик касбининг нуфузини оширишга катта эътибор қаратилаётир. Сўнгги йилларда педагогларни турли юмушлардан, ортиқча қоғозбозликдан озод қилиб, таълим сифатига эътибор қаратилаётгани, уларнинг ойлик маоши 1,5 баробар оширилгани, устоз деган улуғ мақомга муносиб кўрилаётгани минглаб ўқитувчилар қатори Шерназар муаллимнинг қалбига ҳам катта мамнуният, миннатдорлик туйғуларини олиб кирмоқда.

У бугун меҳнатларининг самарасини кўряпти. Ўқитувчининг обрўси ошаётганига, педагогларнинг ўз устида ишлаши, болаларга қўшимча дарс бериши, даромад топишига имконият яратилганига гувоҳ бўлиб турибди. Зотан, ўқитувчилар маошининг поғонама-поғона кўтарилаётгани, устозлар мавқеини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар Президентимиз томонидан ўқитувчиларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик самарасидир.

Шерназар Саломов ишга янги қабул қилинган педагогларга мураббийлик қилади. Уларга дарсни самарали ташкил этиш методикаси, болалар психологияси, дарс ўтиш методлари, ота-оналар билан ҳамкорликда ишлаш усулларини эринмасдан тушунтириб, амалиётда қўллашни ўргатади.

Ўтган йили изланувчан муаллим “Шуҳрат” медали, “Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони ва “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

 Ўргатиш икки баробар ўрганишдир, деган гап бор. Ўқитувчи дарсга кирар экан, ўнлаб қоракўз унга умид ва ишонч билан тикилади. Ўқувчи нафақат устознинг айтганини тинглайди, балки кўплаб саволларига жавоб, билим ва салоҳият истайди. Болалар ҳар доим устозининг қаттиққўл, талабчан, аммо меҳрибон ва тушунадиган бўлишини хоҳлайди. Таълим ва тарбиянинг муваффақиятли ташкил этилиши муаллимдан доимий ўзини ўзи такомиллаштириш, ўз устида ишлаш, изланишни талаб қилади. Айни шу жиҳатлар ўқитувчининг қадрини юксалтиради. Уни шогирдлар ва элу юрт наздида ҳурматга сазовор этади. Шерназар Саломов буни яхши билади ва оғишмай амал қилади. Шу боис, меҳнат жамоасида ҳам, ўқувчилари орасида ҳам ҳурмати жойида. Изидан ҳавас билан термуладиганлар бисёр.

Рисолат Мадиева,

“Янги Ўзбекистон” мухбири