“Жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари” муҳокамаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида жорий йил 8 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишда хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича янги иш тизимини жорий этиш бўйича сўз юритилган эди. Шунингдек, ушбу тизимнинг наъмунавий шаклини ишлаб чиқиш, шаҳар ва туманларда, жумладан, Оққўрғон туманида синовдан ўтказиш вазифа қўйилган эди. Куни кеча ушбу топшириқларнинг ижросини ўрганиш бўйича Оққўрғон туманида бўлдик.
Аёллар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида тумандаги 29 та маҳаллада ташкил этилган “Аёллар маслаҳат кенгаши” фаолияти ҳамда уларнинг 10-15 кишидан иборат аъзолари таркиби билан яқиндан танишдик.
Туманда мулоқот ўтказилган 30 ёшдан юқори бўлган аёллар билан ўтказилган мулоқотлар давомида 1 371 нафар ишсиз хотин-қизлар аниқланган бўлиб, шу кунга қадар улардан 350 нафари ишга жойлаштирилган. Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида аёлларга психологик ва ҳуқуқий маслаҳат бериш мақсадида “Хотин-қизлар ҳуқуқий, психологик маслаҳатхонаси” ташкил этилганлигига гувоҳ бўлдик.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг 29 нафар оила, хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарларига хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни ижтимоий қўллаб- қувватлаш тизимини кучайтириш "Аёллар дафтари” билан ишлаш, “Аёллар маслаҳат марказлари” фаолиятини олиб бориш каби муҳим вазифалар топширилган. Хўш, айни жараёндаги муаммолар тўлиқ бартараф этилдими? Айни савол билан мурожаат қилар эканмиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг дардини эшитиб, таклиф ва қизиқишларини рўёбга чиқаришда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида дилдан суҳбатлашишга ҳаракат қилдик. Ўз таклиф ва тавсияларимизни ҳам бердик.
Гулнора МАЪРУФОВА,
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани
қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари