Майин шабада гуллаган ўрик ва бодом ифорини димоққа элтади. Танга хуш ёқувчи қуёшнинг илиқ нурлари энди ниш ураётган куртакларга жон бағишлаб жилваланади. Майсалар кўкарган қир-адирларда қўзичоқларнинг маъраши эшитилади. Қиш бўйи кўкламни соғиниб кутган қишлоқ аҳолиси баҳорги юмушларини бошлаб юборган. Дала-даштлар оппоқ либос кийгандек кўзни қамаштиради. Буларнинг барчаси дилларга баҳор ва Наврўз шукуҳини жойлайди.
Фарғона боғларида баҳор нафаси ана шундай ўзгача файзу тароват билан бошланади. Кейинги йилларда бу анъана янгича руҳ ва кўтаринкилик билан давом этмоқда. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказиб келинаётган “Ўрик гуллаганда” ёшлар ижодиёти фестивали бу борада янги имконият эшикларини очмоқда.
Табиат уйғониб, дов-дарахтлар куртак ёзган масканда ташкил этилган байрам баҳор сайилларига айланиб кетди. У узоқ-яқиндан келган меҳмонлар, ижодкор ёшлар ва нуронийларни бир мақсад йўлида бирлаштирди. Байрам дастурлари доирасида 100 дан ортиқ турли кўргазма намойиш этилди. Миллий ҳунармандчилик намуналари, халқ амалий санъати, рассомлар ижоди, халқ оғзаки ижодиёти, китоблар ва либослар кўргазмаси ўтказилди. Халқ дасталари, маданият марказларининг ансамбллари ҳамда хушовоз хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар кўнгилларга баҳорий кайфият улашди. Баҳорнинг анъанавий таоми бўлган сумалак ва кўкатли ноз-неъматлар байрам дастурхонига ўзгача кўрк бағишлади.
— Наврўз асрлар давомида баҳор, эзгулик, меҳр-оқибат, меҳнат ва бунёдкорлик рамзи сифатида эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тутиб келади, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов. — Ана шундай эзгу қадриятлар туфайли юртимизда аҳоли манфаатлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш, меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш устувор вазифамизга айланди. Бу йилги фестиваль муборак Рамазон ойининг меҳр-саховат амалларига ҳамоҳанг тарзда ўтаётгани билан эътиборни тортади. Фестиваль доирасида меҳр-саховат анъаналари янада бардавом бўлиб, ҳар бир оила ва хонадонга баҳор шукуҳи, Наврўз таровати кириб бормоқда.
“Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ушбу фестиваль доирасида ўқувчилар ўртасида баҳор мавзусидаги расмлар танлови ҳамда спорт беллашувлари ўтказилди.
Билолиддин Икромов Ўзбекистон туманидаги 38-мактабнинг 6-синфида ўқийди. У фестиваль доирасидаги варрак учириш баҳсларида тенгдошлари билан мусобақалашди.
— Фестивалда ўзим тайёрлаган варрак билан иштирок этдим, — дейди Билолиддин. — Кенг майдон узра варрак учиришнинг шукуҳи ўзгача бўларкан. Тайёрлаб келган варрагим энг юқори ва узоқ учган варраклар қаторидан жой олди. Энг муҳими, бошқа тенгдошларим билан дўстлашдим, варрак тайёрлаш борасида ўзаро фикрлашдик, билмаганларимизни ўргандик. Мақсадим — космонавт бўлиб, коинотга чиқиш.
Табиат гўзалликларига йўғрилган боғлар қўйнида турфа расмлар чизаётган ёшларнинг ижод намуналари кўпчиликнинг эътиборини тортади. Оппоқ қоғозга қалам ва мойбўёқлар билан тасвирланаётган табиат манзаралари бир-бирини такрорламайди. Ҳар бир суратда ёш рассомларнинг дунёқараши ва ўй-фикрлари мужассам. Ўрик гуллари, яшил майсазорлар узра чопқиллаб бораётган беғубор болаларнинг қувонч-шодликларини ҳар бир ижодкор ўзига хос тарзда тасвирлагани эътибор ва эътирофга лойиқ.
— Фестивалда “Баҳор шукуҳи” номли расмлар тўпламини тайёрладим, — дейди Фурқат туманидаги 1-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Севинч Мақсудова. — Ҳар фаслнинг ўз таровати, жозибаси бор. Аммо баҳор алоҳида ажралиб туради. Мактабда ўқиш билан бирга Фурқат туманидаги 12-болалар мусиқа ва санъат мактабининг рассомлик-ҳайкалтарошлик тўгараги аъзосиман. Устозларим кўмагида она табиатнинг ўзига хос манзараларини тасвирлаш, уни асраб-авайлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва яшил олам гўзалликларини ижодий ишларим орқали кўрсатишга ҳаракат қилдим. Фестиваль доирасидаги тадбирларда назарий билимимни амалиёт билан уйғунлаштирдим, маҳоратимни оширдим. Бу мени янги мақсад ва ижодкорликка ундамоқда.
Фестиваль халқлар дўстлиги ва миллатлараро тотувлик байрамига айланди. Унда вилоятда фаолият юритаётган миллий маданият марказлари вакиллари ҳамда хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этди.
— Ўзбекистон туманидаги 21-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида инглиз тилидан дарс бераман, — дейди фестивалда иштирок этаётган филиппинлик Магаллон Риза Валленте. — Фарғонанинг гўзал табиати, меҳмондўст ва дилкаш кишилари қалбимга қувонч, шодлик туйғуларини олиб кирмоқда. Гўё ўз яқинларим билан ҳамнафас бўлиб яшаётгандекман. Бугунги байрамдан жуда катта завқ олдим, таассуротимни сўз билан ифодалаб беришга ожизман. Миллий либосдаги ёшлар ва нуронийлар, миллий таомлар, урф-одатларга йўғрилган кўргазмалар ҳамда ёшларнинг саъй-ҳаракати билан яқиндан танишдим. Кўрганларим ва билганларимни, албатта, ҳамюртларимга етказаман, уларни турфа гулларга бурканган бу ажиб ўлкага саёҳат қилиш, меҳмон бўлишга чорлайман.
Дилдан суҳбат қураётган дилбар онахонлар ва оппоқ соқолли нуронийлар файзли давранинг тўридан жой олди.
— Баҳор келса, толпопукдан соч тараб, қизлар билан тўп-тош ўйнардик, сумалаклар учун ёғочдан қошиқлар тайёрлардик. Аммо бугунгидек катта байрамларни кўрмаган эдик, — дейди Маҳфузахон Ҳусанова. — Дастурхонимиз тўкин-сочин. Фарзанд ва набираларимизни ўқитяпмиз, уйлар қуриб, тўйлар қиляпмиз. Буларнинг барчаси юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, тўкинлик ва фаровонлик маҳсулидир. Бу кунларга шукрона қиляпмиз. Уч ўғлим, келинларим ва набираларим билан келдик. Ҳаммаси бир-биридан яхши, гўзал ва бетакрор. Кексаликни унутиб, мириқиб ўйнаб-яйрадик.
Фестиваль давомида қийғос гуллаган ўрикзорлар халқ лапарлари, болажонлар кулгиси ва нуронийларнинг дуоси билан янада файзли тус олди.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири