“Ўзагроинспекция”нинг 2021 йил II ярим йиллиги иш режасига мувофиқ, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси таркибидаги хўжалик субъектларида қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг техник ҳолати ва уларнинг эксплуатация қилиниши устидан ўрнатилган тартибда назорат тадбирлари ўтказилди.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги 79 та хўжалик субъектлари балансида бўлган 33 та ўзиюрар техника, 33 та тиркама ҳамда 175 та агрегат ва ускуна давлат рўйхатидан ўтказилмасдан фойдаланиб келинаётгани аниқланган.
Шунингдек, жами 6 та ҳолатда қишлоқ хўжалиги техникаларига масъул шахслар буйруқ билан тайинланмаганлиги, 13 та ҳолатда техника воситаларини сақлаш қоидаларининг бузилишига йўл қўйилганлиги, 52 та ҳолатда тракторчи-машинистларнинг бошқараётган техника воситалари уларнинг “тракторчи-машинист гувоҳномаси” тоифаларига мос эмаслиги, 91 та ҳолатда техникалардан фойдаланиш, уларни таъмирлаш, сервис хизмати кўрсатиш ва сақлаш қоидаларига риоя қилинмаганлиги оқибатида техникалар яроқсиз ҳолга келтирилганлиги ҳамда 239 та техника йиллик мажбурий техник кўрикдан ўтказилмай фойдаланиб келинганлиги кузатилди.
Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича Қўмита тизимидаги хўжалик субъектларига 21 та ёзма кўрсатма, 14 та тақдимнома киритилиб, 77 нафар, шундан 26 нафар масъул мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ушбу аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини олдини олиш ва уларни бартараф этиш юзасидан Қўмитага ёзма тақдимнома киритилди, деб хабар беради “Ўзагроинспекция”нинг ахборот хизмати.