2022 йилда тармоқ, соҳа, йўналишлари ва ҳудудларни ривожлантириш мақсадида ўрмон фондининг фойдаланилмаётган бир қатор ер майдонлари ўзлаштирилиб оборотга киритилди, 2-2,3 минг гектар ер майдонлари жисмоний ва юридик шахсларга узоқ муддатга ижарага берилди.
Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида жами 208 минг гектар майдонда чўл ўсимликларидан яшил қопламалар, ҳимоя ўрмонзорлари, шунингдек, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари дала четларида 2,5 минг гектар майдонда иҳота дарахтзорлари барпо этилди.
Ўрмон барпо қилиш, кўчатхоналар ташкил этиш ҳамда кўкаламзорлаштириш тадбирлари учун дарахт ва буталарнинг 1 минг тонна уруғлари тайёрланди. Жами 113 миллион дона тупроқ-иқлим шароитга мос турдаги манзарали, мевали дарахт ҳамда буталарнинг ниҳол ва кўчатлари етиштирилди.
Республика ҳудудларида жами 76,4 миллион дона манзарали, мевали ва бошқа турдаги кўчатлар экилди. Ўрмон хўжаликлари томонидан кузги кўчат экиш мавсумида кўчатларни етказиб бериш бўйича режа-графиги тасдиқланди ҳамда 13,5 млн. туп кўчатлар етказиб берилди.
Бундан ташқари, “Яшил ҳудуд” ДУК ва унинг ҳудудий корхоналари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари” ташкил этилиши бўйича амалий ишлар олиб борилди.
Бунинг натижасида 588,4 гектар майдонда “яшил боғлар” 662,3 гектар майдонда “яшил жамоат парклари” ташкил этилди. 5,0 минг гектар майдонда доривор ва озуқабоп ўсимликлар плантациялари барпо этилиб, 8,6 минг тонна доривор ва озуқабоп ўсимликлар хом ашёси тайёрланди.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 28 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди, 30 гектар майдонда иссиқхона(лимонарий)лар ташкил этилди. Хусусий сектор субъектларини кенг жалб қилиш ҳисобига чорва сони 160 минг бошга, парранда сони 1,1 млн. бошга, асалари оиласи сони 210 минг тага етказилди. Соҳада қўшимча тармоқларни ривожлантириш ҳисобига ялпи даромад 290 млрд сўмни ташкил қилди ва 10 минг та янги иш ўринлари яратилди.
Ўрмон хўжаликларида “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилган 10054 та аҳоли ( 3 минг 414 нафар ёшлар, 1 минг 626 нафар хотин-қизлар) янги иш ўринларига эга бўлди.