Қорақалпоғистонлик санъаткорлар Германия, Бельгия ҳамда Нидерландия мамлакатларида 11-28 апрель кунлари “Орол денгизи шамоллари” номли ижодий сафарда бўлди.

Унда ёш қобилиятли бахши Азада Қарлибаева ҳамда созанда Гумисай Бердихановалар қорақалпоқ эпик меросларининг энг сара достонлари – “Ғариб ошиқ”, “Саятхон-Ҳамре”, “Базерген”, “Алпомиш”дан парчалар ва халқ қўшиқларидан иборат 10 дан ортиқ концерт ҳамда маҳорат дарсларини қорақалпоқ тилида ижро этди.

Ижодий сафар ОXUS Culture нодавлат ташкилотининг Ўзбекистон маданиятини халқаро майдонларда намойиш этиш бўйича “Алба Култур” халқаро мусиқа бюроси билан навбатдаги ҳамкорлик лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

“Орол денгизи шамоллари” дунё мусиқасининг Европадаги ихлосмандларини яна бир марта Марказий Осиё, шунингдек, ўзбек ҳамда қорақалпоқ эстрада оламига хаёлан саёҳат қилиши, бу орқали Орол денгизи муаммосидан бохабар бўлишига замин яратди.

Лойиҳанинг “Орол денгизи шамоллари” деб номланиши орқали ҳудуд аҳолисининг маданий мероси, турмуш тарзига, ижро этиш орқали эса Орол денгизи муаммоси, у ердаги экологик ҳолатга одамларнинг эътиборини тортиш мақсад қилинган. 

Ижроларда Орол денгизи сўз этилмаган. Қандайдир муаммо ҳам кўрсатилмаган. Санъаткорларнинг ушбу ҳудуддан эканлигининг ўзи катта фактор ҳисобланади. Лойиҳанинг бундай номланиши орқали ижрога, ижро орқали экологик муаммога диққат қаратиш мақсад қилинган.

Қорақалпоқ санъати Европада катта қизиқиш билан кутиб олинди.