Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Оролбўйи минтақасида тупроқ шўрланишига қарши кураш, ер унумдорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш учун сув ресурсларидан фойдаланишни мониторинг ва назорат қилишнинг янги технологияларини ишлаб чиқишга қаратилган Япония ҳукумати томонидан молиялаштириладиган мазкур грант лойиҳаси шартларига кўра Япония томонидан моддий-техник база билан таъминлаш назарда тутилган.

Бугунги кунга қадар олиб келинган ускуналар тупроқ таркибидаги туз миқдори, тупроқда туз ва сув тақсимотини, сув сифатини назорат қилиш, геоахборот тизими маълумотларини ва метеорологик кузатувларни таҳлил қилишга мўлжалланган. Шунингдек, станциялар тажрибасида қайси галофитлар оқсил ва тузни қанча муддатда ўзлаштирилишини аниқловчи қимматли маълумотларни олиш имкониятини беради.

Шу билан бирга дастур доирасида 2023 йил якунига қадар Япония томонидан 300 минг АҚШ доллари миқдорида объектларни масофадан ўрганувчи дронлар, иқлим ўзгаришини ва ҳаво намлигини таҳлил қилувчи инновацион метеостанциялар ҳамда дарё сувлари баланси ва сифатини аниқлаб берувчи қурилмалар олиб келиш ва республиканинг белгиланган ҳудудларига ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.