Суҳбат давомида Оролбўйи минтақасида турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ҳамкорлик, шунингдек, Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст жамғармаси доирасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

Хусусан, томонлар БМТ Бош Ассамблеясининг «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисида»ги қарорини бажариш мақсадида қабул қилинган Оролбўйи минтақасининг экологик мувозанати ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш бўйича кўп томонлама «Йўл харитаси»ни амалга ошириш жараёнини кўриб чиқдилар. Ҳужжатда 14 та устувор йўналиш ва 230 та лойиҳавий таклифлар мавжуд бўлиб, уларнинг умумий қиймати 210 миллион долларни ташкил этади.

Томонлар минтақага инвестицияларни янада жалб этишнинг муҳимлиги ва Траст жамғармаси фаолиятини кенгайтириш истиқболларини муҳокама этдилар. Бугунги кунга қадар жамғарма стратегияси доирасида Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш устувор йўналишларига мувофиқ турли лойиҳаларни молиялаштириш учун 244 миллион долларга яқин маблағ жалб этилган. Бундан ташқари, жамғарма томонидан 5 та қўшма дастур молиялаштирилди, бу эса ўз навбатида Қорақалпоғистоннинг 48 минг аҳолисининг ҳаёт сифати яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатди.

Томонлар Жамғарманинг 2024-2030 йилларга мўлжалланган фаолиятининг кейинги босқичини амалга оширишга содиқлигини билдирдилар. Шу муносабат билан Жамғарманинг янги стратегияси ишлаб чиқилади ва донорларни жалб этиш бўйича ишлар жадаллаштирилади.

Учрашув якунида томонлар муҳокама этилган йўналишлар доирасида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича навбатдаги тадбирларни келишиб олдилар ва устувор масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида биргаликда иш олиб бориш юзасидан якдил фикр билдирдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.