Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, республика вазирлик ва идораларидан вакиллар иштирок этдилар.
Семинарда Инновацион ривожланиш вазирлиги, Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) ва Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан мазкур стратегия бўйича берилган таклиф ва эътирозлар муҳокама қилинди. Ҳозирда Оролбўйи халқаро инновация марказининг ривожланиш стратегиясининг 3-босқич ишлари якунига етказилмоқда. Тадбирда мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот ҳам берилди.
Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасида 2019 йил 5 апрелда имзоланган Техник ёрдам тўғрисидаги UZB 1024–сонли шартномага мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлиги ва «KPMG Audit» МЧЖ Аудиторлик компанияси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази фаолиятини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича 2020 йил 1 майда С-UZA-20-00043–сонли шартнома тузилган эди.
Мазкур олиб борилаётган ишларнинг асосий мақсади Оролбўйи халқаро инновация маркази фаолияти ривожлантириш билан боғлиқ ҳуқуқий-норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш, Оролбўйи ҳудудида экологик вазиятни юмшатишда инновацион ёндашувларни жорий этишдир. Шунингдек ушбу марказ фаолиятини жаҳон миқёсида тутган ўрнини кенгайтириш, тўғридан тўғри инвестицияларни жалб қилиш ҳамда дунёнинг ривожланган илмий тадқиқот ва молия институтлари билан олиб бориладиган ишларни тўғри йўлга қўйишдан иборат, деб хабар беради Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.