Жорий йил 19 май куни Вазирлар Маҳкамасида ўтган мажлисда болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала муҳокама қилинган эди. Мажлисда тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига мавсумни юқори савияда ва сифатли ўтказиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Республикамизда болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича бу йилги мавсум 1 июндан бошланди.

Жорий йилда мамлакатимиз бўйича 1 минг 545  та стационар турдаги оромгоҳ ва соғломлаштириш майдончалари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда жами 261 минг 600  нафардан ортиқ болани дам олдириш режалаштирилган. Жумладан, 202 та стационар турдаги оромгоҳда 132 минг 300 дан ортиқ, 1 минг 343 та соғломлаштириш майдончасида 129 минг 280 га яқин бола соғломлаштирилади.

Мавсум давомида ҳудудларда интеллектуал ривожлантириш, экологик­биологик ва ўлкашунослик, техник ижодкорлик, ижтимоий мослашув, тарбия ва спорт­соғломлаштириш, бадиий ижодиёт йўналишларига ихтисослаштирилган оромгоҳлар ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Мавсумга тайёргарлик жараёнида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан  Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида оромгоҳларда ишловчи  ходимлар учун махсус онлайн ўқув­услубий семинарлар ўтказилди.

Бугунги пандемия шароитида болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти барча хавфсизлик чоралари кўрилган, карантин қоидаларига тўла амал қилинган ҳолда ташкил қилинди.

Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш чора­тадбирлари Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилмоқда. Хусусан, мавсумни намунали ташкил этиш ва уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича Рес публика штаби, Федерациянинг ҳудудий кенгашларида ҳудудий штаблар фаолияти йўлга қўйилди. Рес публика мувофиқлаштирувчи гуруҳи таркибидаги Ишчи ҳамда ҳудудий мувофиқлаштирувчи гуруҳлар томонидан мавсумнинг бориши мунтазам мониторинг қилинади.

Ишчи гуруҳлар томонидан ҳар бир ҳудудда мавсумга тайёргарлик ишлари чуқур ўрганилиб, у билан боғлиқ масалалар жойида муҳокама этилди ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Хусусан, болалар хавфсизлигини таъминлаш, оромгоҳларга сифатли озиқ­овқат маҳсулотлари ва дори­дармонларни узлуксиз етказиб бериш, малакали кадрларни жалб этиш ва дам олиш масканларининг моддий­техник базасини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Соғломлаштириш оромгоҳларида болалар хавфсизлигини таъминлаш, карантин талабларига риоя қилиш масалаларига эътибор кучайтирилиб, алоҳида назоратга олинган.

Болалар саломатлиги доимий равишда малакали шифокор ва ҳамширалар назоратида бўлади. Соғломлаштириш масканларидаги тиббиёт хоналари барча зарур тиббий асбоб­ ускуналар ва жиҳозлар, дори­дармонлар, махсус дори воситалари билан таъминланди.

Карантин даврида оромгоҳларда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш  мақсадида болалар ёзги оромгоҳлари фаолиятини ташкил этиш бўйича махсус талаблар ишлаб чиқилган. Оромгоҳлар ҳудудига унинг фаолиятида иштирок этмайдиган шахслар ва автомашиналарнинг кириши қатъиян тақиқланди. Ходимлар ва болалар саломатлиги бўйича тиббий мониторинг кучайтирилади. Болалар ва ходимлар ҳар куни икки маротаба тиббий кўрикдан ўтказилиб, унинг натижаси ҳақидаги маълумотлар тиббий кузатув дафтарига киритиб борилади. Ётоқхоналарда, жумладан, очиқ айвончаларда, болалар ёшидан қатъи назар, ижтимоий масофага қараб (камида 1,5 метр) жойлаштирилади.

Оромгоҳларда ҳар бир болага кунига камида 1,5 литр қадоқланган сув берилиб, ҳудуддаги ичимлик қувурларидан фойдаланиш қатъиян ман этилади. Чеклов чоралари давомида сузиш ҳавзаларида чўмилишга ҳам рухсат этилмайди. Жисмоний соғломлаштириш ва оммавий спорт тадбирлари ҳам ижтимоий масофани (камида 2 метр) қатъий сақлаган ҳолда ўтказилади.

Оромгоҳларга жалб этиладиган ходимлар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ҳамда тестдан ўтказиш, барча ишловчи ходимлар вакцина олган бўлиши талаб этилади. 

Жорий йилги мавсумда ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб­қувватлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, касаба уюшмалари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар фарзандлари жамоа шартномалари ва келишувлари орқали имтиёзли йўлланмалар билан таъминланмоқда. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари имтиёзли равишда дам олдирилиб, соғломлаштирилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари бўлган 4500 нафар ўғил­қиз ўз ҳудудларидаги сўлим ва баҳаво оромгоҳларда бепул дам олдирилади.

Болажонларни соғломлаштириш билан қамраб олиш кўламини кенгайтириш мақсадида касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 2 минг 400 га яқин она­боланинг ҳам соғломлаштирилиши режалаштирилган.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,

 Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизмати раҳбари