Бу йилги ёз фарғоналик болажонлар учун янада қизиқарли воқеа ва тадбирларга бой бўлади. Сабаби,  вилоятда болаларнинг ёзги дам олишларини   ташкил этиш, мавсумни эсда қоларли амалларга бой руҳда ўтказишга катта эътибор  қаратилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта.

Зеро, кейинги йилларда ёш авлодни ҳар тмонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, таълим-тарбиясини янада яхшилаш,  таълим сифатини ошириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун кенг шарт-шароит яратишга бўлган эътибор ошди. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларини қўллаб-қувватлаш, ҳаётда муносиб ўрин топишларига кўмаклашиш давлатимизнинг доимий эътиборида. Буларнинг бари  келажагимиз ворислари ҳаёт тарзида янги имконият эшикларини очмоқда.

Биргина мисол. Ўтган йили олис Сўх туманида 5 гектар майдонда барпо этилган “Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳи иш бошлади. Шу кунга қадар бу ерда болалар оромгоҳи йўқ эди. Минглаб ўқувчилар ёзги таътилни уйда ўтказарди. Бугун ушбу тоғ қишлоғидаги болалар ўзларининг ҳаёт тарзида бўй кўрсатган ўзгаришлардан баҳра олиб яшамоқда.  200 ўринга мўлжалланган оромгоҳда ўтган мавсум давомида 700 нафардан зиёд бола мароқли ҳордиқ олди. Бу ерда ўғил-қизларнинг мириқиб дам олишлари, жисмонан чиниқиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари, билим ва кўникмаларини оширишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Янги мавсум эса янада  қизиқарли ўйин-кулгиларга бой бўлади.

Фақат бугина эмас. Эзгу мақсад йўлида бошланган ислоҳотлар самараси  туфайли кўҳна Шоҳимардон  қишлоғидаги  болалар оромгоҳи ҳам болалар қувончига тўлди. Пурвиқор тоғлар билан ўралган сўлим маскан  чорак асрки ҳувиллаб ётганди. Ўтган ёз мавсумида бу ерда Фарғона тумани, хусусан, Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларидаги минглаб бола мароқли дам олиб қайтди.

— Кўлами кенг эзгу ишлар жорий йилда янада бардавом бўлишига алоҳида  эътибор қаратганмиз, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев. —Республика Президентининг 2022 йил 18 ноябрдаги  “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар  тўғрисида”ги қарорига кўра, вилоятимиздаги 8 та оромгоҳ Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти тассаруфига ўтказилди. Айни кунга қадар барча иншоотлар “Болаларни соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси” маблағлари ҳисобидан жорий таъмирланиб, мавсум учун тахт қилинди. Оромгоҳларга ошхона, кутубхона, ётоқхона ва тиббиёт жиҳозлари, спорт инвентарлари, компьютер жамланмалари, телевизорлар, овоз кучайтиргичлар, электр генератор каби зарурий воситалар етказиб берилди. Жорий йил ёзги мавсумда 17 та стационар оромгоҳда 11040 нафар бола дам олдирилади. Шу  билан бирга, 121 та соғломлаштириш майдончаларида кундузги болалар оромгоҳлари ташкил этилиши ҳисобига 21040 нафар ёш дам олиши билан боғлиқ тегишли чора-тадбир кўрилди. Бу умумий ҳисобда 32080 нафар болани ёзги дам  олиш масканларига қамраб олиш имкониятини беради.

Риштон туманидаги “Қўрғонча” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги  “Риштон” оромгоҳида болаларнинг мазмунли дам олишларини ташкил этишга алоҳида ҳозирлик кўрилди. Оромгоҳ ҳудудида сув таъминоти тақчиллиги бартараф этилиб, тоза ичимлик сув чиқарилди, минора ўрнатилди. Янги тармоқ тоза ичимлик сув  таъминоти  билан боғлиқ муаммоларга ечим топди.

— Ёзги таътилнинг 4 мавсумида 480 нафар болани қабул қилиш билан боғлиқ керакли шароитлар яратилди, — дейди оромгоҳ раҳбари Шуҳрат Муяссаров. — Болалар учун 2 та сунъий сув ҳавзаси ўрнатилди, 2 минг китоб фондига эга кутубхона фаолияти йўлга қўйилди. Янги ётоқхона ва тиббиёт жиҳозлари билан таъминланди. Болажонларни соғломлаштириш, ҳар бир кунини мазмунли ва қизиқарли ўйинларга бой руҳда ўтказиш учун барча шароитлар бор. Ўқувчи ёшлар  “Моҳир қўллар”, ”Happy English”, “Эртаклар оламида” ментал арифметика, тасвирий санъат, таэквандо, шахмат-шашка, стол тенниси, ёш китобхон, рақс каби тўгаракларга жалб қилинади. Бу ёшларни ўз вақтида ўйнаб, дам олиши, қизиқарли машғулотларда қатнашиш имкониятини беради.

Болажонларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун барча оромгоҳларда пухта тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, мавсум давомида турли давра суҳбатлари, қизиқарли учрашув, интеллектуал ўйинлар, викторина ҳамда спорт мусобақалари ўтказилади. Бундан ташқари, таниқли ижодкорлар билан учрашувлар, диққатга сазовор жойларга саёҳатларнинг ташкил этилиши ёшларга олам-олам қувонч улашади.

Умуман олганда, болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришга  тайёргалик кўриш ишлари фақат ёзги мавсумдагина эмас, бутун йил давомида олиб борилмоқда. Бунинг натижасида чекка қишлоқларда истиқомат қилувчи ўғил-қизлар ҳам сўлим оромгоҳларда дам олиш имкониятига эга бўлмоқда.

                                                         Расулжон КАМОЛОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири