Зеро, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб ном олган йилда барча жабҳада қўлга киритилган улкан натижалар халқимиз фаровонлиги ва қадрини оширишга, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрўси юксалишига, кенг эътироф этилишига омил бўлди.
— Мана, киприк қоқгулик фурсат ўтиб, сафаринг ҳам қариди. Ахир кечагина сени тантана ва шоду хуррамлик билан кутиб олгандик. Бугун эса қадрдонлардек кузатиш арафасидамиз. Биздан хафа ё хурсанд эканингни билдириб кетсанг дегандик...
— “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” номини олган 2026 йилга ҳавасим келяпти, ахир у мен кўрмаган ўзгаришларга гувоҳ бўлиши аниқ. Ишонаман, у мендан бошланган суръатга шиддат, журъатга журъат қўшадиган муносиб давомчи сифатида кириб келяпти. Шижоатли, меҳнатсевар Ўзбекистон халқи ҳам уни муносиб кутиб олишга тайёр. Акаларим — аввалги йиллар айтганидек, ҳозир одамлар анча ўзгарган, уларда ҳар бир иш, юмуш ва фаолиятга дахлдорлик ҳисси кучайган. Инсоният, кишилик жамияти учун муҳим бўлган яна бир фазилатни ҳам кузатдим — бу юрт кишиларидаги жипслашувга интилиш, бир жону тан бўлиб амалий ишларга киришиш.
Бу эса келаётган йилда янада улкан натижа ва кўрсаткичлар таъминланишини, буларнинг ҳаммаси халқ ҳаётида яққол акс этишини кафолатлайди. Мана шулардан хурсандман. Умуман, жамиятнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” сифатида мени шод қилган жиҳатлари кўп. Улар анча.
— Ҳа, номингдан келиб чиқиб, эътиборни кўпроқ шу мавзуга қаратганимиз маъқул. Умуман, номинг мазмунидан розимисан? Кенг кўламда қилинган ишлардан кўнглинг тўлдими?
— Менинг Ер аталмиш сайёрага ташрифимнинг илк санасида Президентингизнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги эълон қилинди. Унда 2025 йилга берилган номдан асосий мақсад — инсон ва табиат мувозанатига асосланган тизим яратиш экани айтилди. Шунингдек, табрикда йил давомида алоҳида эътибор қаратиладиган соҳалар бирма-бир келтирилиб, долзарб ва кечиктириб бўлмас вазифалар санаб ўтилди. Менинг кўнглимни шод қилгани — бу ишлар ижросига киришиш кўп куттирмади. Жадал тус олган жараён натижалари ҳам тез орада ўзини кўрсатди.
Қайси бирини айтай? Гапни халқаро миқёсга чиққан, жаҳон ҳамжамияти катта қизиқиш билан кузатган ташаббуслардан бошлай қоламан. Апрель аввалида дунё нигоҳи Самарқандга қаратилди. Шарқ дарвозаси бўлган қадимий кентда “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммити ва Иқлим форуми ўтказилди. Форумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Республикалари раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи, БМТ, халқаро молия институтлари ва етакчи экология ташкилотлари вакиллари, 80 дан ортиқ давлат делегациялари иштирок этди. Унинг ялпи сессиясида Ўзбекистон Президенти нутқ сўзлади. Давлат раҳбари нутқининг аввалида форумнинг халқаро миқёси ва иштирокчиларнинг нуфузи жаҳон ҳамжамияти барқарор тараққиётнинг энг долзарб масалаларига самарали ечим излашда биргаликда саъй-ҳаракатлар олиб боришга содиқлиги намунаси эканини таъкидлади.
Кун тартибида Марказий Осиё олдида турган долзарб иқлим муаммолари муҳокама қилинди. Экологик барқарорлик, “яшил” иқтисодий тараққиёт ва иқлим ўзгаришига қарши курашишда минтақавий ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган “Марказий Осиё экологик муаммолар олдида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш” резолюциясини бир овоздан қабул қилган. Унда Ўзбекистон Президентининг қатор ташаббуслари, жумладан, Марказий Осиё учун “яшил” кун тартиби ва унинг минтақада барқарор ривожланишга кўмаклашишдаги роли алоҳида қайд этилган ҳамда Самарқандда Халқаро иқлим форумини ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватланган.
“Марказий Осиё глобал иқлим муаммоларига дуч келмоқда: умумий фаровонлик учун бирлашиш” мавзусидаги форум экологик барқарорлик, “яшил” иқтисодий ривожланиш ва иқлим барқарорлиги бўйича мулоқотни илгари суриш учун юқори даражадаги платформага айланди. Асосий эътибор минтақавий ва халқаро ҳамкорликка қаратилди. Иқлим форуми қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш, сув ресурсларини комплекс бошқариш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва барқарор шаҳар тараққиёти каби асосий йўналишлар бўйича эксперт панеллари, ялпи сессиялар ва сиёсий мулоқотлар учун майдон вазифасини ўтади.
Муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири глобал миқёсдаги экологик фалокатнинг яққол намунаси бўлган Орол денгизи инқирозига қаратилди. Мутахассислар ва ҳукумат вакиллари зарар кўрган ҳудудларда ерларни тиклаш, чўлланишга қарши курашиш ва иқлим ўзгаришининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини камайтириш бўйича ечимларни кўриб чиқди.
Тадбир якунлари бўйича Самарқанд форумининг якуний ҳужжати — “Яшил” ривожланишнинг минтақавий концепцияси тақдимоти ўтказилди. У иқлим ўзгариши соҳасида Марказий Осиё давлатларининг ягона минтақавий қарашларини шакллантиришга асос бўлди. Унда етакчи халқаро ташкилотларнинг минтақадаги экологик муаммоларни ҳал қилиш борасидаги ёндашувлари баён қилинган.
Яна бир мисол. 5 декабрь куни “Барқарор энергетика — Янги Ўзбекистоннинг келажак сари ишончли қадами” мавзусидаги миллий аҳамиятга эга халқаро анжуман чоғида давлат раҳбари янги энергетика қувватлари ва инфратузилма объектларини ишга тушириб, навбатдагиларининг қурилишига старт берди. Мазкур сана мамлакат энергетика соҳаси тарихидан зарҳал ҳарфлар билан ўрин олган кун бўлиб қолди. Янги энергетика қувватлари ва инфратузилма объектлари сони — 42 та. Бу қувватлар асосан, замонавий, экологик тоза ва қайта тикланувчи муқобил манбаларга асосланган.
Улар тўлиқ қувват билан ишлай бошлаганидан кейин йилига 15 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Шу зайлда келаси йилдан Ўзбекистонда “яшил” энергиянинг улуши 23 миллиард киловатт-соатга етади. Тикланадиган муқобил манбадан фойдаланиш йўлга қўйилиши туфайли 7 миллиард метр куб табиий газ тежалади. Бу — атмосферага чиқаётган зарарли моддалар 11 миллион тоннага камаяди деганидир.
Халқаро анжуманда давлат раҳбари келаси 5 йилда минглаб саноат ва инфратузилма объектларини ишга тушириб, юқори даромадли иш ўринларини очиш мўлжалланаётганини эълон қилди. Саноат ишлаб чиқариши юксалиб бораётгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари сони муттасил ошаётгани, шунингдек, янги кўп қаватли уй-жойлар (800 мингдан ортиқ хонадон), 500 мегаватт қувватга эга дата-марказ қуриш каби режалар электр энергиясига эҳтиёжни оширади.
Бу ишлар 2025 йилда, яъни менинг гувоҳлигимда кўрилган чора-тадбирларнинг бир қисми холос. Мендан кейин келаётган йиллар эса уларнинг ривож топиши, улкан ҳамда салмоқли самара ва натижалар бераётганини кўриш имконига эга бўлади.
— Сен заминимиз узра қанот ёзган кезларинг нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёда сув тақчиллиги бўй кўрсата бошлади. Олимлар, мутахассислар бунинг ечимини топишга сафарбар этилган. Бир оз бўлса ҳам яхши томонга ўзгариш кўрдингми?
— Амударё ва Сирдарё Марказий Осиёнинг асосий сув манбасидир. Ушбу катта сув ўзанлари минтақадаги барча давлат ҳудудидан оқиб ўтади. Ундан ҳамжиҳат фойдаланиш ҳар доим муҳим бўлган. Шу боис, тарихда турли низолар бўлишига қарамай, минтақа халқлари сувдан келишиб фойдаланган.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бугун гидроэнергетика тармоғида ҳамкорлик ривожланди. Бу қўшни давлатлар учун ҳам муҳим йўналишдир. Минтақа гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиб, биргаликда бошқариш мақсадида келгуси йили Қирғизистон ва Қозоғистон билан “Қамбарота ГЭС-1” лойиҳасини молиялаштиришга киришилиши белгиланди.
Зеро, Ўзбекистон электр энергияси қувватининг катта қисмини гидроэнергетика ташкил этади. Хорижий инвесторлар кўмагида бу тармоқ ҳам кейинги йилларда тараққий этиб бормоқда. Жорий йилда 400 мегаваттли гидроэлектр станциялари ишга туширилди. Жумладан, Норин каскад гидроэлектр станциясининг 38 мегаваттли илк гидроэлектр станцияси тўлиқ маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда қурилди. Ушбу истиқболли лойиҳа йилига ўртача 1025 миллион киловатт-соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга.
Ўзбекистонда Жаҳон банки билан ҳамкорликда дунёда илк инновацион “iCRAFT” лойиҳаси ишга туширилди ва катта натижаларга эришилмоқда. Жумладан, шу йилнинг ўзида
17 та йирик саноат корхонаси “яшил” энергетика бўйича халқаро сертификатлар тизимига ўтди. Келгуси икки йилда бундай корхоналар сонини 100 тага етказиш белгиланган.
Илгари энергия етишмовчилиги Ўзбекистоннинг энг асосий оғриқли масалаларидан бири, заиф томони бўлган бўлса, хорижлик инвесторлар билан манфаатли ҳамкорлик асосида энергетика тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотлар бу заифликни катта қудратга айлантирмоқда. Бунда, албатта, давлатнинг оқилона сиёсати ҳал қилувчи аҳамият касб этаётир. Буни халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам эътироф этмоқда. Хусусан, 5 декабрдаги тантанали маросимда Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян мамлакатнинг инвестицияларни жалб қилиш ва энергетика соҳасидаги фаолиятини юксак баҳолаб, Ўзбекистон раҳбарига “Бутун дунё инвесторлар билан ишлашни сиздан ўрганиши керак”, дея таъкидлади. Шунингдек, аввалроқ, Осиё тараққиёт банки раҳбари Масато Канда Италиядаги йирик молиявий анжуманлардан бирида Ўзбекистонни хусусий инвестициялар ҳисобига энергетика соҳасини муваффақиятли трансформация қилаётган намунали давлатлардан бири сифатида эътироф этди. Ушбу эътирофлар бу борада мамлакат тўғри йўлдан бораётгани, янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида янги уфқларни кашф этаётганидан дарак беради.
— Мамлакатимизда сенинг номинг билан боғлиқ қатор тадбирлар, анжуманлардан ташқари, катта-катта дастурлар, муҳим қарорлар ва расмий ҳужжатлар ҳам амалиётга жорий этилмоқда.
— Ҳа, бу кундек равшан масала. Масалан, Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларга эришишни таъминлаш йўлида давлат раҳбарининг 2019 йил 30 октябрдаги фармони билан 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси тасдиқланган эди.
2025 йил 30 январда эса “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Шунингдек, 2025 йил 15 майдаги қарор билан 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси тасдиқланган.
Ёки 19 ноябрь куни Ўзбекистон раҳбари “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармонга мувофиқ Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси сифатида қайта ташкил этилди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг асосий вазифаларидан ташқари, Экология қўмитаси “Чиқиндидан холи ҳудуд”, “Тоза ҳаво”, “Яшил макон”, “Эко маданият” ва “Био мерос” умуммиллий лойиҳаларини амалга ошириш учун масъул ҳисобланиши белгиланди.
Бундан ташқари, ушбу санада яна бир муҳим ҳужжат имзоланди. “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда ҳам кўплаб долзарб вазифа ва чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган. Халқ саломатлигини таъминлаш, инсон қадрини юксалтиришга қаратилган бу каби саъй-ҳаракатлар, албатта, самара беради.
— Юқоридаги биринчи саволнинг иккинчи қисмига жавоб бермадинг...
— Қайси? Ҳа, тушундим, сизлардан хафаманми ёки йўқми, шуни гапирмадим-а? Тўғриси, хафа эмасман, аммо кўнглим тўлмаган бир-икки жиҳатлар ҳам бор. Айтаверайми?
— Албатта-да, буни 2026 ҳам эшитиб қўйса, фойдадан холи бўлмас. Масаланинг шу жиҳатларига алоҳида эътибор қаратар...
— Айрим одамлар ҳамон тежамкорлик кони фойда эканини англаб етмаяпти. Исрофгарлик кўп. Тўйлар, меҳмондорчиликлардаги дабдаба, сув, энергия, газдан фойдаланишда олди-ортига қарамаслик, табиий бойликлардан яширинча фойдаланиш ҳолатлари дилимни вайрон қилган пайтлар кўп бўлди.
Ёки ҳавонинг ифлосланиш даражаси ортиб кетган кезларни бир эсга олайлик. Ўша кунлари Президент ҳузурида бир йиғилиш бўлди. Унда экологик барқарорлик, жумладан, чиқиндиларни қайта ишлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди, Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус комиссиянинг ҳисоботи тингланди. Ҳаво ифлосланишига сабаб бўлаётган манбаларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш йўналишидаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Иссиқхоналар, қурилиш майдонлари, автотранспорт воситалари ва ноқонуний фаолият юритувчи объектлар юзасидан ўтказилган текширувлар, шаҳар бўйлаб кўчаларни намлаш, ариқларни тозалаш, фаввораларни ишга тушириш каби барқарорлаштириш тадбирлари самараси таҳлил қилинди. Кучайтирилган тартибда рейдлар ва профилактика ишларини мунтазам йўлга қўйиш белгиланди.
2025 йил 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжатда Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш мақсадида назоратни кучайтириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш мақсади акс этган.
Аслида, давлат раҳбари доим мутасаддиларга нафақат пойтахтда, балки ҳудудларда ҳам бу йўналишдаги чора-тадбирларни тизимли давом эттириш, аниқланган қонунбузарликларни тезкор бартараф этиш, ҳавога таъсир кўрсатувчи барча омилларни қатъий назоратга олиш кераклигини уқтириб келади.
Хулосам шуки, агар одамлар ўзи ташаббус кўрсатиб, меъёр ва чегараларга амал қилса, қисқа муддатда халқнинг турмуш сифати ошади. Тараққиёт шундай юксаладики, бугун бизни хурсанд қилаётган натижалар унинг соясида қолиб кетади. Чунки давлат раҳбари, мутасаддилар жуда катта марраларни белгилаган. Кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорликлар, инсон қадрини улуғлашга қаратилган саъй-ҳаракатлардан кутилаётган самара бугунгидан-да залворли.
Умуман, менинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили деб номланганим ажойиб иш бўлди. Кимдир дарахт кесаётганини, яшил табиатга зарар етказаётганини, атроф-муҳитга зиён келтираётганини кўрсам, капалагим учади. Қани энди тилим бўлсаю, “Ҳой одамзод, ўзингни ўзинг абгор қилма, ҳалокатга йўлиқтирма”, дея ҳайқирсам, қўлим бўлсаю, шу ишни қилаётган қўлларга ёпишсам...
— Тилинг бор шекилли, мана, биз билан мулоқот қиляпсан-ку...
— Мен тилим билан эмас, дилим билан гапиряпман. Бу овозни фақат дили, кўнгли, қалби тоза инсонлар тинглай билади. Мени эшитмайдиган ўша одамларнинг эса ё дили йўқ, ё уйқуда. Келаётган янги йил ана шу мудроқ қалбларни уйғотиши, уларга ҳам атрофда нималар бўлаётгани, халқ ва раҳбарлар қандай эзгу мақсадлар билан яшаётганини англата олишини истайман. Токи улар ҳам орзуси ойдин одамлар орасидан ўз ўрнини топсин.
— Раҳмат. Бугун айтадиганимиз эса шу: биздан рози бўл, 2025 йил! Қадаминг қутлуғ келсин, 2026 йил!
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Нодир МАҲМУДОВ гурунглашди.