Йод кам миқдорда учрайдиган ҳудудларда эса одамларнинг бу моддага эҳтиёжини етарли даражада қоплаш учун қўшимча чоралар кўриш талаб этилади.

Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Нодира Алиханова ёд етишмовчилиги оқибатида келиб чиқадиган касалликлар ва уларнинг профилактикаси мавзусида фикрлари билан ўртоқлашди.

— Йод танқислиги ақлий заифликнинг асосий омилидир, — дейди Н. Алиханова. — Маълумотларга кўра, ҳар йили дунёда 38 миллионга яқин бола йод танқислиги хавфи билан туғилади. Қолаверса, бу модда етишмаслиги қалқонсимон без ва овқат ҳазм қилиш органлари фаолияти билан боғлиқ турли жиддий касалликларни келтириб чиқаради.

Бундан ташқари, тирноқларнинг табақаланиши, соч тўкилиши, тери қуруқлашуви, уйқучанлик, чарчоқ ҳам организмда йод тақчиллиги аломатларидандир. Шу сабабли бу каби муаммоларнинг олдини олиш мақсадида дунёда ош тузини ёдлаш амалиётидан кенг фойдаланилади.

Организм учун керакли бўлган ёдни турли денгиз маҳсулотларини истеъмол қилиш йўли билан олиш мумкин. Бизнинг минтақамизда бундай неъматлар сероб бўлмагани сабабли ош тузини ёдлашга эҳтиёж туғилади.

Ош тузининг асосий таркибий қисми натрий бўлиб, у қон айланиши ва қон босимини бошқариш, асаб тизими ҳамда мушаклар орасидаги узвий алоқани таъминлаш вазифасини бажаради. Унинг иккинчи элементи бўлган хлор эса овқат ҳазм қилишга ёрдам беради.

Организмдаги моддалар алмашинувини меъёрлаштириш учун кунига бир чой қошиқ – 5 грамм ош тузи истеъмол қилиш тавсия этилади. Қолаверса, у ёд танқислиги касаллигининг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Мамлакатимизда ёдланган ош тузи «Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида»ги Қонун асосида ишлаб чиқарилади. Давлат стандарти талабларига кўра, ош тузи таркибида йод миқдори тоннасига 40 грамм миқдорда бўлиши белгилаб қўйилган.

Сифатли ош тузининг қадоғида ишлаб чиқарган ташкилот номи, товар белгиси, маҳсулот номи, унинг нави ва янчилиш даражаси, ишлаб чиқарилган санаси, норматив ҳужжат номи, яроқлилик муддати, ёдлаш қўшимчаси номи ҳамда ёд улуши каби бир қанча маълумотлар акс этган бўлиши керак.

Ош тузларининг сақланиш ҳарорати 28 даражадан ошмаслиги лозим. Қотиб қолган, нам тортган, бегона ҳидларга эга бўлган, яроқлилик муддати ўтган, қадоқлари бузилган ош тузларининг фойдали хусусиятлари йўқолган бўлади. Бундай маҳсулотларни истеъмол қилмасликни тавсия қиламиз.

Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.