Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармонида давлат тилининг нуфузини ошириш, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини кенг оммалаштириш, жамиятда китобхонлик ҳамда аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилган.
Фармонда, шунингдек, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти атоқли намояндаларининг таваллуд саналарини муносиб нишонлаш, китобхонлик байрамлари ўтказиш, ижодий меросини кенг оммалаштириш лозимлиги қайд этилган. Хусусан, шоир ва мутафаккир Лутфий таваллудининг 660 йиллиги, жадид драматургиясининг атоқли намояндаси Абдурауф Фитрат таваллудининг 140 йиллиги, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов таваллудининг 100 йиллиги, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 90 йиллиги, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ҳамда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудларининг 85 йиллигини кенг нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси топширилган.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг турмуш ўртоғи Марям опа Ёқубова-Шариатуллаева юқоридаги фармон муносабати билан мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:
— Тўғрисини айтаман, ушбу фармон ҳақида эшитганимда бошим осмонга етди. Фурсатдан фойдаланиб, бунинг учун давлатимиз раҳбарига чуқур миннатдорлик билдираман.
Ёшим бир кам тўқсонда. Одил Ёқубов билан салкам олтмиш йил бирга яшадик. Кўплаб асарлари қандай яратилганига гувоҳман, аксарият ҳикоя, қисса ва романларининг биринчи ўқувчиси, биринчи муҳаррири бўлганман.
Яшириб нима қилдим, “Улуғбек хазинаси”, “Кўҳна дунё”, “Диёнат” каби дунё тан олган романлар яратган, асарлари 50 дан ортиқ тилга таржима қилинган, кўп йиллар давлат ва жамоат арбоби бўлган ёзувчининг номи наҳотки унутилиб кетса, деган фикрлар асримиз бошида хаёлимни тарк этмай қўйганди.
Лекин кутилмаганда 2019 йилнинг 7 март куни Президентимиз мени — марҳум Одил Ёқубовнинг бевасини Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида юксак давлат мукофоти — “Дўстлик” ордени билан мукофотлади. Орденни олаётган пайтимда кўзимдан тинмай қувонч ёшлари оқарди. Буни кўрган давлатимиз раҳбари “Одил ака дунё танийдиган, буюк асарлар яратган ёзувчи эди. Сиз шу асарларнинг яратилишига ҳисса қўшгансиз, у кишига шароит яратиб бергансиз, илҳомлантиргансиз. Биз шуни эътироф этишни зарур деб топдик. Келажакда у кишига ва яратган асарларига, меросига бундан ҳам катта эътибор берилади. Чунки Одил ака шу диёрдан чиққан буюк алломаларни ўз асарлари билан дунёга танитган адиб эди”, дегани ҳали-ҳамон қулоғим остида жаранглаб турибди.
Бу юксак мукофотни Президентимизнинг ўзи топширгани фақат мени эмас, кўпчиликни ҳайратга солди. Буни адабиётга, китобга, марҳум ёзувчи ва шоирлар руҳига ҳурмат, эътибор, эътироф, эҳтиром намунаси деб билдим. Мени бу мукофот билан нафақат ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият аҳли, балки адибнинг мухлислари — оддий китобхонлар ҳам чин дилдан табриклади. Ўша кунни ҳамон қувонч, ўзгача бир энтикиш билан эслайман.
Бу ҳақида хабар топган марҳум турмуш ўртоғимнинг Қозоғистон ва Қирғизистондаги ёзувчи дўстлари, шогирдлари ҳам қувончларини изҳор этди. Қозоқ ёзувчиси, профессор Қулбек Эрғубек телефон орқали табриклар экан, бу хайрли ишдан машҳур қозоқ адиби Мухтор Шохонов ҳайратга тушганини яширмади. У “Вафот этиб кетганимиздан кейин давлат раҳбари томонидан бизнинг беваларимизга ҳам шундай эътибор ва эҳтиром кўрсатилса, қани эди...”, дебди.
Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмасам бўлмас. Тўқсонинчи йилларнинг бошида Одил ака Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамашунослик қўмитаси раиси эди. Ўша пайтда газета ва журналларда, одамлар ўртасидаги мулоқотларда ҳам гўё она тилини хорижий сўзлардан тозалаш баҳонасида районни ноҳия, университетни дорилфунун, факультетни куллиёт, самолётни тайёра, аэропортни тайёрагоҳ каби сўзлар билан аташ анъанага айлана бошлади. Бу тилга беписандликдан бошқа нарса эмасди, албатта. Шунинг учун қўмита ташкил этилганди.
Ўша кунларнинг бирида Одил ака уйга уч-тўрт дўсти билан кириб келди. Кайфияти жуда аъло эди. Билсам, ўша куни қўмита аъзолари пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани ва ҳудудда жойлашган корхоналарда ўзбек тилининг қўлланиши бўйича ўрганиш ўтказган экан. Кайфияти аълолигининг сабабини сўрагандим, турмуш ўртоғим: “Туман ҳокими Шавкат Мирзиёев қилаётган ишларни кўриб, тўғриси, хурсанд бўлдик. Ёш, ишчан ва ўта зиёли йигит экан. Иши бошидан ошиб-тошиб ётган бўлса-да, ўзбек тилининг татбиқ қилинишини ўз назоратига олибди. Қани энди, шундай ишчан ҳокимлар Ўзбекистонда кўпроқ бўлса”, деди.
Худди шундай ҳолат 1997 йилда Жиззах вилоятига бориб келганидан кейин яна қайтарилди. Ўша пайтда вилоятда ҳозирги давлатимиз раҳбари ҳоким эди. Демоқчиманки, Шавкат Мирзиёев қаерда ишламасин, ҳамиша тил, адабиёт, санъат, маданият, маънавият раҳнамоси, жонкуяри бўлиб келган, китоб тарғиботи билан шуғулланган. Энг қувонарлиси, бугун шу хайрли анъана мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда. Буни фақат ўзбекистонликлар эмас, дунё эътироф этяпти.
Одил ака қирғизистонлик буюк адиб Чингиз Айтматов билан яқин дўст бўлганини кўпчилик яхши билади. Улар биргаликда Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеясини бошқарди. Бундан ташқари, Одил ака доғистонлик Расул Ҳамзатов, бошқирдистонлик Мустай Карим ва Ахиёр Ҳакимов, қалмиқиялик Давид Кугультинов, украиналик Олес Гончар, беларуслик Васил Биков, россиялик Виктор Астафьев ва Сергей Боруздин, грузиялик Чабуа Амирэджиби ва Нодар Думбадзе, абхазиялик Фозил Искандар, озарбайжонлик Анор, арманистонлик Сильва Капутикян, тожикистонлик Мўмин Қаноат, қозоғистонлик Ўлжас Сулаймонов, Мухтор Шохонов, Абдижамил Нурпеисов, турк адиби Азиз Несин ва бошқа кўплаб машҳур шоир ҳамда ёзувчилар билан яқин дўст эди. Уларнинг деярли ҳаммаси Ўзбекистонга тез-тез келиб турарди, кўпчилиги хонадонимизда меҳмон бўлган.
Ўша даврда “ўзбеклар иши”, “пахта иши” каби кампаниялар бошланганда Одил ака Москвадаги марказий нашрларда халқимизни ҳимоя қилиб мақолалар чиқарди, Олий совет сессияларида нутқлар сўзлади. Шундай қийин пайтларда юқоридаги тилга олинган дўстлари Одил акани қўллаб-қувватлади, ёнида турди. Чингиз Айтматов эса “Правда” газетасида ўзбеклар буюк халқ эканини исботлаб, мақола чиқарди. Илоҳим, бундай кунлар бошқа қайтиб келмасин.
Президентимизнинг фармонида кўзда тутилган кенг қамровли тадбирлар қатори Одил Ёқубовнинг юбилейи республика миқёсида нишонланиши улуғ адиб руҳини шод этади. Бу фақат оиламиз аъзолари эмас, ёзувчи асарлари мухлислари, барча китобсевар дўстларимиз учун ҳам катта совға бўлди деб ўйлайман ва бу хайрли, савобли ишларнинг бошида турганларга яна бир марта миннатдорлик билдираман.