Сўнгги йилларда мамлакатимиздан хорижга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми йилдан йилга ошиб бормоқда. Юртимизга турли ўсимлик, мева ва сабзавотларнинг янги-янги турлари кириб келиши ҳам кўпайган. Бу эса уларнинг фитосанитар хавф таҳлилини ўтказиш вазифасини янада долзарблаштиради. Фитосанитар таҳлил ўсимликлар, мева-сабзавотлар орқали тарқаладиган зарарли организмларни аниқлаш ва хавфни бартараф этишда бу фаолият билан шуғулланувчи ҳар бир тадбиркор учун ҳар томонлама фойдали амалиётдир.
Мана шуларни назарда тутиб, тадбиркорларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ва импортида Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси билан яқин ҳамкорлик қилиши муҳим аҳамият касб этади. Бу, биринчи навбатда, тадбиркорнинг даромади ва ишончлилиги таъминласа, иккинчидан, мамлакатимизнинг кафолатли экспортчи сифатидаги нуфузини, юртимиз брендига айланиб бораётган шириндан шакар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг юксак сифатини таъминлайди.
Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан тадбиркорларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хориж бозорларига чиқаришга йўл очиб берилмоқда. Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан 2020 йилда экспорт қилинган 446968 тн. карантин назоратидаги юклар ва 905 121 дона ҳар хил мевали ва манзарали кўчатлар ва гуллар карантин назоратидан ўтказилиб, 19066 дона фитосанитария сертификати (шундан 1712 дона ФСС қўл юки бўйича) расмийлаштирилиб берилган. Экспорт, импорт ва маҳаллий карантин назоратидаги юклар бўйича 782 642 м³ ва 453 265 м² зарарсизлантириш ишлари олиб борилди. Тошкент шаҳри бошқа вилоятлардан кириб келган карантин остидаги 27271 тн. маҳсулотга ва 207115 дона манзарали ва мевали кўчатлар ҳамда гулларга 1277 дона ички фитосанитария сертификатлари расмийлаштирилиб берилган.
Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан 2021 йилда амалга ошириладиган вазифалар доирасида алоҳида эътибор қаратиш зарур бўлган йўналишлар белгилаб олинди.
Жумладан, ўсимликлар карантини чегара масканларида карантин остидаги маҳсулотларни вақтинча сақлаш учун махсус изоляция хоналари билан таъминлаш ишларини амалга ошириш, хорижий мамлакатлардан кириб келган зарарланган карантин остидаги маҳсулотларни йўқ қилиш (кўмиш, ёқиш) тадбирларини ўтказиш мақсадида махсус жой учун ер майдони аниқлаш ва ёқиш қурилмасини ишга тушириш каби ишлар кўзда тутилмоқда.
“Тошкент темир йўли” ЎКЧМ эҳтиёжларидан келиб чиқиб, “детектор-хизмат ит”ларидан фойдаланиш учун махсус жой олиш ва хизматга жалб этиш, мева-сабзавот экспортерлари билан мавжуд муаммоларни аниқлаш ва тезкор бартараф қилиш мақсадида ҳар чоракда камида бир марта семинар ва учрашувлар ўтказиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириладиган боғ, токзорлар ва дала майдонларини ҳамда қадоқлаш цехларининг доимий рўйхатини шакллантириш ҳам режалаштирилган.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг ва ёпиқ омбохоналарда хавфли зараркунанда ўчоқларини ўз вақтида аниқлаш ва уларга қарши самарали курашиш чораларини белгилаш учун феромон тутқичларини ўрнатиш ва уларни монитори олиб борилади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан “даладан экспортгача” бўлган занжирнинг самарали фаолиятини ташкил этиш ва импортёр давлатларни карантин талабларига мувофиқлаштириш мақсадида боғлар ва қадоқлаш цехларини хатловдан ўтказиб, мазкур талабларга мослаштириш бўйича аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан тегишли “Йўл харита”ларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва ижросини таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, Тошкент шаҳар худудидаги иссиқхоналарда зарарли организмлар тарқалишинипг олдини олиш бўйича агротехник тадбирлар ўтказилади. Барча туман инспекторлари томонидан белгилаб олинган ушбу чора-тадбирлар ижросига эътибор кучайтирилмоқда.
Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини
Давлат инспекцияси матбуот хизмати