Ўтган ҳафта ана шу вазифа бажарилди. Яъни, Ҳисоб палатаси Осиё Олий аудит органларининг халқаро ташкилоти (ASOSAI) Бошқарув кенгашининг 58-учрашувида ушбу ташкилот таркибига тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинди.

Бу ҳақда палата Матбуот хизмати хабар қилишича, ASOSAI 1979 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда унинг таркибига 46 та мамлакат олий аудит органлари кирган. Яъни Осиёнинг деярли барча мамлакатлари унга аъзо бўлган.

Ушбу нуфузли ташкилотнинг асосий мақсади – аъзо мамлакатлар орасида давлат аудити соҳасида фикр ва тажриба алмашиш, қўшма илмий лойиҳалар ва назорат тадбирлари доирасида ҳамкорлик қилиш, сифат ва самарадорликни ошириш мақсадида давлат аудиторларининг доимий малакасини ошириш имкониятларини таъминлашдан иборат.

ASOSAI ташкилотига аъзо бўлиш, бу — авваламбор, Ўзбекистон Республикасининг очиқлик ва шаффофлик тамойилларига асосланиб, халқаро ҳамжамият билан конструктив мулоқоти маҳсулидир.

Ташкилотга аъзолик Ўзбекистонда ташкил қилинган давлат молиявий назорати тизими учун бир қатор тизимли афзалликлар беради, хусусан:

  • унинг салоҳиятини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш;
  • давлат секторини самарали назорат қилишнинг янги стандартларини ўзлаштириш;
  • илғор ғоялар ва хорижий тажриба алмашиш;
  • халқаро ҳамжамият доирасида эътироф этилган жамоатчилик овозига эга бўлиш.

Мазкур стандартлар мамлакатимизда молиявий назорат жараёнининг шаффофлигини ошириш ва аудиторлик фаолияти сифатини таъминлашга хизмат қилади. Натижада, бу давлат молиявий назорати органлари ҳамда аудит натижаларига нисбатан кенг жамоатчилик ишончининг ошишига олиб келади.

Ҳисоб палатаси ASOSAIга аъзо бўлган давлатлар олий аудит органлари билан ҳамкорликни кенгайтириб, уни янги босқичга олиб чиқишни режалаштирган.