Давлатимиз раҳбарининг ғоя ва ташаббуси асосида бунёд этилган “Ғалаба боғи” чиндан ҳам халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва матонатини, юксак инсоний фазилатларини намоён этувчи, келажак авлодни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилишга чорловчи, муҳташам бир маскан, улуғ бир даргоҳдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан куни кеча имзоланган “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда ҳам мазкур ёдгорлик мажмуасида ҳарбий техникалар намойиши, Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги композициялар инсталляциясини, жумладан, уруш йилларининг қўшиқ ва куйлари ҳамда тегишли шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этиш вазифаси белгилаб берилди.
“Ғалаба боғи”га келган чоғингизда уруш воқеалари кўз ўнгингизда намоён бўлаётгандек таассурот уйғотади. Гарчи бизлар уруш даҳшатлари ҳақида фақат оммавий ахборот воситалари, бадиий китоб ва фильмлар орқали тасаввурга эга бўлсак-да, ушбу боғнинг ҳар бир бўлаги, кўриниши, уруш тафсилотлари акс этган лавҳалар, экспонат ва суратлар қалбимизга ҳазин бир маъюсликни олиб киради. Руҳиятимизда қўзғалган ғалаёнлар эса ҳар кун, ҳар нафасда тинч ва осуда кунларга шукрона келтириш лозимлигини уқтираётгандек туюлади.
“Ғалаба боғи” мажмуасининг етакчи мутахассиси Мунаввара Илҳомжонова билан боғнинг ҳар бир бурчагини эътибордан қолдирмай кўздан кечирдик. Уруш давридаги блиндаж ва окопнинг табиий кўриниши, урушга доир осори атиқалар, жангчиларнинг мактублари, турли идишлар, ҳарбий кийимлар, ҳужжатлар, суратлар, радиокарнай орқали уруш давридаги мусиқа ва хабарлар узатилиши асосида яратилган тарихий муҳит — барчаси табиийдек эди. Ҳамроҳим суҳбат асносида жанг майдонларида Ватан учун жон бериб, жон олган, воқеаларнинг тирик гувоҳи бўлган 96 ёшли фахрий отахон ҳақида гапириб қолди. У киши ҳар замонда ўғли ҳамроҳлигида боққа келишини ва айни шу дамда музейда эканини айтди.
Озорли, оғриқли хотираларни эслагим келмаяпти
Вақтни бой бермаслик ва отахоннинг суҳбатини олиш илинжида музей томон шошилдик. Зеро, шаҳид кетган боболаримизнинг жасоратидан ҳикоя қилувчи, ғанимнинг қўлида асирда қолган ватандошларимизнинг мардлигидан сўзловчи уруш қатнашчиси билан юзма-юз учрашиш ҳаяжонли тасодиф эди. Музейнинг вокзал деб аталмиш қисмидаги ўриндиқда хаёл суриб ўтирган мўйсафид отахонни кўрдим-у, бир оз тараддудланиб қолдим. Бир ҳадик билан секингина салом бердим.
— Отахон! Сизни безовта қилганим учун узр. Уруш қатнашчиси экансиз, бизга озгина вақтингизни ажратиб, ўзингиз, ўтмиш хотиралари ҳақида гапириб бера оласизми?
Отахон менга маъюс нигоҳлари билан бир зум боқиб турди-да, кейин қатъий овозда, “Йўқ, ўша азобли, йилларнинг оғриқли хотираларини ҳозир ҳечам эслагим келмаяпти, болам”, деди. Пойтахтимизнинг Миробод туманида истиқомат қилувчи уруш фахрийси Абдулла ота Тазиев ҳозир 96 ёшда экан.
— Ўғлим Элдор билан баъзан мана шу “Ғалаба боғи”га келиб, ота-онамни, ёшлигимни, 21 ёшида Украина жангларида ҳалок бўлган акамни, уруш қурбонлари бўлган дўстларимни, ҳануз танамда қолиб кетган ўқ парчаси билан боғлиқ оғриқли хотираларимни эслайман, дуою фотиҳа қиламан, шунда руҳиятим енгил бўлади, — деди отахон. — Уруш йилларида, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ўзбекистонликлар “Ҳамма нарса — фронт учун, ҳамма нарса — ғалаба учун!” деб яшаган ва ҳеч ким ўзини, ўз ҳаловатини ўйламаган, меҳнатдан бўйин товламаган. Инсон аслида шундай яшаши керак. Агар журналист бўлсанг, ўтмишда қолган яқинларимизнинг хотираси билан бизларни янада яқинроқ боғлашга ёрдам берган, уларнинг шонли, шарафли номини мангу барҳаёт қилган Президентимиз Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилигимни ва ташаккуримни газетанг орқали етказ. 17 ёшимда фронтга кетдим, фашистларга қарши курашиб, биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қайтдим. Аллоҳга шукр, ризқу насибам ҳали узилмаган экан, дориламон замонда ҳалиям яшаб юрибман. Илоҳим, юртимиз тинч, дастурхонимиз тўкин, Президентимизнинг тану жони соғ, умри зиёда бўлсин! Сизлар ҳам, эл ичида азиз бўлиб юринглар...
Абдулла ота дуо қилиб бўлгач, бизларни борлигимизни унутгандай яна кўзларини юмиб хаёлга ботди. Биз эса уларни ўй-хаёллари билан ёлғиз қолдиришни лозим топдик.
Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон урушида бир ярим миллиондан ортиқ юртдошимиз қатнашиб, ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлган, 133 минг нафарга яқини бедарак кетган. 60 мингдан ортиқ юртдошимиз урушдан ногирон бўлиб қайтган. Бу рақамлар, бизларни огоҳликка чорлаш баробарида, мудҳиш уруш оқибатларини ҳеч қачон унутмасликка чақиради. Шу билан бирга, бугунги тинч ва гўзал ҳаётнинг қадрига етиб, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган беқиёс жасоратини абадийлаштириш мақсадида бунёд этилган “Ғалаба боғи”нинг умумий майдони 14,6 гектар. Мажмуа рамзий 12 та ҳудудга бўлинган бўлиб, кириш қисми, урушнинг даҳшатли қиёфаси, марказий хиёбон, ҳарбий техникалар майдончалари, темир йўл вокзали, фронт орти ҳудуди, амфитеатр ва маъмурий бино, мотам ва андуҳ, шод-хуррамлик, ғалаба, “Шон-шараф” давлат музейи ва шукроналик ҳудудларидан ташкил топган, — дейди биз билан суҳбатда Мудофаа вазирининг маданий ишлар бўйича маслаҳатчиси, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси бошлиғи, полковник Шуҳрат Юсупов. — Мажмуада уруш ва унинг оқибатлари, уруш манзаралари, палаткалар, дала ошхоналари ва бошқа лавҳалар акс этган. Уларда ўша даврдаги ҳарбий техника, қурол-яроғлар, Ўзбекистон халқининг фронт ва фронт ортида кўрсатган жасорати, машаққатли меҳнати, қайғу-алами, буюк ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ифодаланган. Боғнинг “Матонат мадҳияси” мажмуасида ўзбек аёлларининг садоқати рамзига айланган зангиоталик Зулфия Зокирова ҳамда унинг урушда ҳалок бўлган беш ўғлининг садоқатли рафиқалари акс этган. “Кўз ёши” мажмуаси урушнинг мудҳишлиги, миллати ва динидан қатъи назар, барча одамлар бирлиги рамзини ифодалайди. “Шон-шараф” давлат музейининг юқори қисмида Иккинчи жаҳон урушида қатнашган 301 нафар қаҳрамонимиз шарафига экилган дарахтлар, жумладан, “Мангу жасорат” деб номланган мажмуада афсонавий ўзбек генерали Собир Раҳимов ва ўзбекистонлик жасур жангчиларнинг хотираси ифодаланган. Бу мажмуа бизни бугунги тинчлик-осойишталик, мусаффо осмон, фаровон ҳаёт қанчалик бебаҳо неъмат эканлигини, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш муқаддас бурчлигини яна бир бор англатади.
Уруш, номинг ўчсин жаҳонда!
Полковник Шуҳрат Юсуповнинг маълум қилишича, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан 20 апрелдан 20 майга қадар “Уруш, номинг ўчсин жаҳонда!” мавзусида ижодий ишлар кўргазмалари ташкил этилмоқда. “Шон-шараф” давлат музейи фондида сақланаётган экспонатлар ва маълумотлар асосида бадиий, илмий-оммабоп “Хотиралардан ўрин олган тарих” китоби ҳам нашр этилиш арафасида. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши жараёнларини, уруш қатнашчилари ҳамда фронт орти фахрийларининг фидойилигини акс эттирувчи видеолавҳалар, қисқа метражли фильмлар ва бошқа материаллардан тунги видео-панорама шоуси ташкиллаштириш устида иш олиб борилмоқда.
Мудофаа вазирлиги Халқаро ҳарбий ҳамкорлик бош бошқармаси Ташқи ишлар вазирлиги ва тегишли идора, ташкилотлар билан Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк Ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан “Марказий Осиё халқлари тарихи ва хотирасида Иккинчи жаҳон уруши: воқеалар, иштирокчилар, рамзлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш бўйича ҳам қизғин тайёргарлик олиб борилмоқда.
— “Ғалаба боғи”га иккинчи маротаба келишим, — дейди юридик фанлар доктори, профессор Гулчеҳра Тўлаганова. — Очиғи, урушнинг 1941-1945 йилларига тушиб қолгандекман. Тошкент вокзалининг 1945 йилдаги ҳолати, эшелонлар, халқимиз ўзи емай, “Ҳамма нарса — фронт учун!” шиори билан, топган озиқ-овқат маҳсулотларини фронтга юборгани, уруш даври манзаралари, окоп, концлагер, мажақланган немис танклари, асирга тушган 101 ўзбек жангчисининг чеккан ситамлари тасвирлари, айниқса, тасмаларга ёзилган ўша вақтлардаги жанговар садо ва овозлардан пайдо бўладиган ҳиссиётларни сўз билан таърифлаш қийин...
Дарҳақиқат, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасига келган ҳар бир инсон айнан ўша ерда тинчлик ва осойишталикнинг, тирикликнинг қадрини, омонат умрнинг ҳар бир лаҳзаси бебаҳо неъмат эканлигини англаб етиши тайин. Бинобарин, уруш даврига оид 16 минг экспонатни ўзида жамлаган “Шон-шараф музейи” барчамиз учун ҳақиқий кўзгудир. Матонатли ўзбек аёллари вакиласи Зулфия Зокирова ва унинг келинлари хотирасига қўйилган ҳайкални эса садоқат рамзи, вафо тимсоли деб аташ мумкин. Музей бизга 1941-1945 йилларнинг аламли суронидан, ситамли кунларидан ҳикоя қилиб бераётгандай.
Ўтганлар ёди
“Ғалаба боғи”да, йилларнинг аламли суронларию, чимилдиқ кўрмай, умри хазон бўлган йигитларнинг ноласини эшитгандай бўласиз. Бу масканда садоқат ва вафо тушунчасининг нечоғлиқ қадри баланд эканлигини қалб қўрингиз билан ҳис қиласиз. Норасида, бегуноҳ болакайларнинг суратдаги мунгли нигоҳларини кўрганингизда эса ўз яқинларингиздан дариғ тутган меҳрингизни қайта улашгингиз, янада меҳрли бўлгингиз келади.
Азиз замондош, “Ғалаба боғи”га бир бора келинг, дилингиз равшанлашиб, қалбингиз покланиши учун. Билиб-билмай қилган хатоларимизни бошқа қайтармаслик учун. Чунки бу ерда Ватанига жонини фидо қилган, кўксини қалқон этган, она юрт саодати йўлида ўз бахтидан воз кечган, эл фаровонлиги учун борини берган, меҳр-муҳаббатни, ор ва номусни ҳар нарсадан устун қўйганларнинг ҳаёти, ёди, хаёли билан танишасиз.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири