Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларга имкон берадиган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Айни пайтда таҳлиллар ижтимоий ҳимояга муҳтож чин етимлар, ота-онаси чет элга кетган, ажрашган ҳамда нотинч оилалар фарзандлари баъзан назоратсиз ва қаровсиз қолаётганлигини кўрсатмоқда. Оқибатда бундай болалар жиноят кўчасига ҳам кирмоқда ёки унинг қурбони бўлмоқда. Айрим ҳолларда эса балоғатга етмаган ёшлар ахлоқий таназзулга юз тутиб, эрта туғруқларнинг, пировардида яна бахтсизларнинг дунёга келишига сабабчи бўлмоқда.

Шу боис, Бош прокуратура ташаббуси билан шу каби муаммоларни бартараф этишга қаратилган “Бола ҳимояси” электрон дастурий таъминот тизими ишлаб чиқилди.

Бу тизим ота-она қарамоғисиз қолган ҳар бир бола тўғрисидаги барча зарур маълумотларни ўз ичига олади. У орқали ҳар бир боланинг аҳволи, нима билан машғуллиги, унинг ҳуқуқи, эркинлиги ва манфаатини ким қай тарзда таъминлаётганини бевосита кузатиш мумкин. Тизимнинг бошқа қатор қулайликлари ва афзал жиҳатлари ҳам мавжуд.

Мазкур тизим синов тариқасида Бухоро вилоятида муваффақиятли ишга туширилди. Ҳозирда уни мамлакат миқёсида жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси тайёрланмоқда.