Ўзбекистон миллий термаси ва Туркиянинг “Фотиҳ Карагюмрук” клуби ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров  қўҳна қитъага йўл олиши мумкин. SportItalia нашри хабарига кўра, унга Италиянинг “Женоа” клуби қизиқиш билдирмоқда.

Генуя клуби ўтган мавсум якунига кўра А Серияга қайтганидан хабарингиз бор. Жамоа мураббийи Алберто Жилардино таркибни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон миллий жамоасининг 27 ёшли ярим ҳимоячисини клубга таклиф қилмоқчи.

Агар бу иш амалга ошса Европанинг кучли бешлик чемпионатида тўп сураётган футболчиларимиз сони учтага етади. Ҳозир Элдор Шомуродов Италиянинг “Кальяри”, Абдуқодир Ҳусанов эса Франциянинг “Ланс” клубида ўйнаяпти.

Эслатиб ўтамиз, О. Шукуров ўтган мавсум Туркия Суперлигасида 28 ўйинда майдонга тушиб, битта гол урган ва битта голга ассистентлик қилган.