Қайд этилганидек, ўтган йил Давлат тест маркази томонидан 46 турдаги тест синови ўтказилди. Уларда иштирок этиш учун 1 млн 792 минг 40 нафар номзод онлайн рўйхатдан ўтган. Жумладан, олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш бўйича 1 009 663 нафар абитуриент онлайн рўйхатдан ўтган бўлса, улардан 892 242 нафари (94,1%) бевосита тест синовида иштирок этди. Тест синовлари 7-17 август кунлари бўлиб ўтди.
Шунингдек, пандемия шароити ва тартибидан келиб чиққан ҳолда, коронавирус инфекциясига чалинган абитуриентлар учун тест синовлари якунлангандан кейин бир ҳафта ўтиб ташкил этилди. Бунда 982 нафар талабгордан 782 нафари иштирок этди. Давлат гранти асосида ўртача ўтиш бали – 125,4 баллни, тўлов-контракт асосида ўртача ўтиш бали – 101,7 баллни ташкил этди.
Тест синовлари республика бўйича 53 та стадион ва хиёбонларда ташкил этилди ва унда 3992 нафар олий таълим ва халқ таълими тизими ходимлари гуруҳ назоратчи сифатида жалб этилди. Қайд этиш керакки, гуруҳ назоратчилари томонидан тартибга риоя қилмаслик ҳолатлари кузатилмади. Олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул тест синовларида 379 нафар абитуриент четлатилган.
Тест синови натижалари синов ўтказилган куннинг эртаси куни эълон қилиб борилди. Тест синовларининг якуни бўйича танлов натижалари Давлат комиссияси томонидан 2021 йил 3 сентябрь куни эълон қилинди.
Жорий йилда 50 га яқин турдаги тест синовларида 2 миллион нафарга яқин талабгор тест синовидан ўтказилиши режалаштирилмоқда. Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларида 1,0 миллиондан ортиқ абитуриент иштирок этиши кутилмоқда.
Тест синови ўтказиш жойи: Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан ҳамкорликда 2 хил сценарий асосида 94 та катта сиғимли павилонлар ҳамда 53 та стадион ва хиёбонлар танлаб олинди. Уларнинг чизма лойиҳалари тайёрланиб, тегишли ташкилотлар билан келишилмоқда.