Атоқли сўз санъаткори Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи ўзбек адабиётининг энг биринчи ва энг сара – мумтоз насрий асаридир. Қисқача айтганда мазкур роман ўзбек адабиётининг нафақат гултожисидир, балки шоҳ асаридир. Адабиётимизда Алишер Навоийдек мумтоз шоир унинг ўзигача ва ҳозиргача бўлмаганидек, Абдулла Қодирий ҳам ўзигача ва ўзидан кейинги давр ўзбек романчилиги ижодкорлари даврасида ягона, бетакрор, мислсиз сиймо бўлиб қолмоқда.

Муаллиф бу соҳадаги иншоларини бир шунчаки ҳавас деб қараган, аммо тарих бу камтарлик маҳсулини шундай юқори баҳоладики, “Ўткан кунлар” ҳануз ёзувчиларимиз учун бадиий ижод соҳасидаги олий намунадир. 1926 йилда яхлит китоб шаклида босмадан чиққан асар шу қадар машҳур бўлдики, одамлар романни қорилар Қуръони Каримни ёд олишгандек ёдлашарди. Асарнинг шуҳрати нафақат Ўрта Осиё республикаларида ёйилган, балки Шарқий Туркистон, Афғонистон ва Туркияга ҳам етиб борган эди. Миллатидан қатъи назар оилаларда туғилган ўғил болаларга Отабек, қиз болаларга Кумуш исмларини қўйишар эди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур роман тақдири ҳам адибнинг тақдирига ўхшаш бўлди. Машъум қатағон йиллари адибнинг ижод маҳсули бўлмиш ушбу асар ман қилинди, кутубхоналардан ва китоб дўконларидан олинди ва кули кўкка совурилди. Фарғона водийсининг Тўрақўрғонида яшаган маърифатпарвар адиб, қози, ношир ва олим Исҳоқхон Тўра Ибратни “огпучилар” ҳибсга олишларидан бир оз муддат аввал, “Тарихи Фарғона” асарининг муаллифи, Жулқунбой қаламига мансуб “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” ва Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” асарларини қўшсинч девори ортига яшириб, суватиб юборган экан. Фарзандларининг сўроқли нигоҳларига: “Ҳали вақт келади ва бу асарларни юртдошларимиз кўзларига суртиб ўқийдилар”, - деб айтган эканлар. Собиқ шўролар даврида кейинчалик муаллиф оқланганига қарамай, давр ўзгаргани билан ҳамон қатағон йилларининг шарпаси сезилиб турарди. Инчунин, “Ўткан кунлар”романининг бир неча нашрларидан асар композицияси, сюжети ва миллатпарварлик ҳамда ватанпарварлик руҳидаги бош ғоялари учун муҳим бўлган бир қанча бадиий парчалар кесиб олиб ташланган эди. Биринчидан, буюк рус миллатчилик таъсири ўлароқ илмий тарихимизда бўлганидек, чоризмнинг зобит лашкарбошилари ва аскарлари ҳақидаги ҳақиқатлар, яъни уларнинг босқинчилик вазифалари сир тутилар ва романдан ҳам бу ҳақдаги муҳим ватанпарварлик руҳи билан суғорилган нутқ қисман кесиб ташланган эди.

Иккинчидан, “қизил тўнтариш”нинг дастлабки кунлариданоқ, динга қарши мафкуранинг тантанаси туфайли нашрларимиздан диний фикрлар юлқиб ташланаверди. Худди шундай ёндашув “Ўткан кунлар” романига ҳам бўлган. Динга нисбатан тутилган қатағон сиёсат романдан Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бебаҳо ҳадислари ва бошқа ахлоқ-одобга оид диний қарашларнинг қисқартириб ташланиши боиси бўлган эди. Нафсиламрини айтганда, роман жамиятда “қизил террор” авж олган вақтда ва юртимизда илдиз отмай сўлиган Қўқон мухториятининг дошноқи арманлар отларининг туёқлари остида янчилиб-эзилиб, олган жароҳатларидан ҳали қон сизиб оқиб турган пайтда ёзилди. Миллатпарварлик руҳидаги бундай асарни ёзиш учун муаллиф таъбири билан айтганда “бир қўрқунч жасорат” керак эди. Бунга Абдулла Қодирийнинг ақл-заковати, кучи ва иродаси етди, лекин минг афсуски собиқ шўролар миллий уйғониш ҳамда ўзликни англаш руҳидаги бундай асар учун муаллифдан ўч олишди ва жисмонан йўқ қилишди.

“Қизил салтанат”нинг вафодор вакилларидан бўлган большевик-ёзувчи М.Шевердин “Ўткан кунлар” романи ҳақида фикр билдирар экан шундай дейди: “Шубҳасиз, “Ўткан кунлар” биринчи ўзбек романидир, бироқ бизники эмасдир!”. Бунга муносабат билдириб, мен ҳозир шундай жавоб бераман: “Албатта, ушбу роман ҳеч қачон большевиклар мафкурасига ёҳуд бирор табақага тегишли бўлмаган. Мазкур асар умуминсоний қадриятлар, бағрикенглик, биродарлик, тинчлик, ўзаро тотувлик ва аҳиллик ғоялари билан йўғрилган роман бўлиб, инсонларни яхшиликка, эзгуликка, озодликни қадрлашга, миллий ўзликни англашга, ўз инсоний муҳаббати учун курашишга даъват этувчи асардир. Бундан ташқари, мазкур роман нафақат жаҳон адабиёти, балки башарият тамаддуни тараққиётига улкан ҳисса қўшди ва қўшиб келмоқда.”.

Биз юқорида роман ҳақида баъзи фикр-мулоҳазаларимизни баён этдик, галдаги вазифа ХХ асрнинг 20 йилларида ёзилган ва 19 асрнинг 40-60 йилларидаги воқеа-ҳодисалар ёритилган асар ҳозир бизга нима беради? деган савол туғилиши табиий. Тўғри, китобхон “Ўткан кунлар” романини ўқир экан, бу шунчаки ишқий асар деб ёндошса катта хато қилганлигни англайди. Чунончи, асарнинг “Хон қизига лойиқ бир йигит” бобида бош қаҳрамонлардан бири Отабек Россиянинг Шамай шаҳрига савдо ишлари билан бориб кўрганларини сўзлаб бериши, Зиё шоҳичининг уйида йиғилганларни лол қолдиради. Отабек, айниқса, ўрисларнинг идора усули ҳақидаги гаплари, Қўқон хонлигидаги идора усули нақадар эскириб, орқада қолиб кетганлигини куюнчаклик билан сўзлаб беради: : «Шамайга бормасимдан илгари ўз ҳукмдорлиғимизни кўриб; бошқалар ҳам шундайдир, деб ўйлар эдим, – деди бек, – лекин Шамай маним фикримни ост-уст қилиб, ўзимни ҳам бутунлай бошқа киши ясади. Мен ўриснинг идора ишларини кўриб, ўз идорамизнинг худди бир ўйинчиқ бўлғанлиғини иқрор этишка мажбур бўлдим... Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кетаберса, ҳолимизнинг нима бўлишиға ақлим етмай қолди. Шамайда эканман, қанотим бўлса, ватанимга учсам, тўппа-тўғри хон ўрдасига тушсам-да, ўриснинг ҳукумат қонунларини бирма-бир арз қилсам, хон ҳам арзимни тингласа-да, барча элга ёрлиқ ёзиб ўриснинг идора тартибини дастуриламал этишка буюрса, мен ҳам бир ой ичида ўз элимни ўрисники билан бир қаторда кўрсам... аммо ўз элимга қайтиб кўрдимки, Шамайда ўйлаганларим, ошиққанларим ширин бир хаёл эмиш. Бу ерда сўзимни эшиткучи бирав ҳам бўлмади, бўлсалар ҳам: «Сенинг орзунгни шу хонлар эшитадими, шу беклар ижро қиладими?» деб мени маъюс қилдилар. Илгарироқ мен уларнинг гапига бовар қилмай юрсам ҳам, сўнғғидан тўғри сўзни айтканларини билдим. Дарҳақиқат, мозористонда «ҳаййя алалфалаҳ» хитобини ким эшитар эди».

Эътибор беринг, Отабек ёш бўлишига қарамасдан худди катталардек фикр юритади ўз юртининг идора усули нўноқлигидан куйинади ва қўлидан ҳеч нарса келмаётганлигидан хафа бўлади. Сафардан қайтиб, мақсади муаммоларини айтган Отабек лоқайдлик деворига учраганлигини ҳам таъкидлаб ўтади. Отабекни ўз юртининг истиқболи ва равнақига бефарқ эмаслигини кўрамиз ҳамда унинг қанчалик халқпарвар, юртпарвар ва ватанпарвар эканлигини шоҳиди бўламиз. Мажлисдагиларга муаммолар ҳақида сўзлар экан, мазкур муаммоларни ечими борлигини ҳам айтади: “ – Манимча, ўриснинг биздан юқоридалиғи унинг иттифоқидан бўлса керак,- деди Отабек, - аммо бизнинг кундан-кунга орқаға кетишимизга ўз ора низоъимиз сабаб бўлмоқда, деб ўйлайман, бошқа хил айтканда Зиё амакимнинг фикрлари қисман тўғри. Орамизда бу қўрқунч ҳолатка баҳаққи тушунадирған яхши одамлар йўқ, билъакс бузғучи ва низоъчи унсурлар томир ёйиб, ҳар замон содда халқни ҳалокат чуқуриға қараб тортадирлар. Бу кунги қора чопон ва қипчоқ низоъларини сизга бир тимсол ўрнида кўрсатайин: ўйлаб кўрилсин, бу низоълардан бизга қанчалиқ фойда ва қипчоқ оғайниларға нима манфаат ҳосил бўлмоқда? Фақат бундан фойдаланғучилар икки халқ орасиға адоват уруғини сочиб юрғучи бир неча эъвогар бошлуқларғинадир. Масалан Мусулмонқулни ким холис одам, деб ўйлайдир? – унинг юрт учун қон тўкишдан бошқа нимага фойдаси тегди? Мусулмонқул ўз ғарази йўлида орада йўқ низоъларни қўзғаб куяви Шералихонни ўлдирди, гуноҳсиз Муродхонни шаҳид этди, қўй каби ёввош Тошканд ҳокими Салимсоқбекни ўлдириб, ўрнига Азизбекдек золимни белгулади ва ўзини мингбоши эълон қилиб, ақлсиз бир гўдакни (Худоёрни) хон кўтариб эл елкасига минди. Тузук, агар Мусулмонқул бу ишларни бир яхши мақсадни кузатиб қилғанда, золимларни ўртадан кўтариб, юртка осойиш берганда унга ким нима дея олур эди? Ҳолбуки, Тошканд тарихда мисли кўрилмаган Азизбек каби ваҳшийни фақат шу Мусулмонқул қўлидан олди. Башарти Мусулмонқул чин инсон бўлса, инсондан ваҳший туғилғанини ҳеч ким эшиткан чиқмас. Модомики, ўз ғарази йўлида истибдод орқали эл устига ҳукмрон бўлғучилар йўқотилмас эканлар, бизга нажот йўқдир, магар шундай ғаразчиларни улар ким бўлсалар ҳам иш бошидан қувлаш ва улар ўрнига яхши ва холис одамларни ўтқузиш нажотимизнинг ягона йўлидир.”.

Мазкур парчалар Отабекнинг нақадар олижаноб ва жасур инсон эканлигини кўрсатиб беради. Унинг теран ва мушохадали фикрлари китобхонни ўйлашга, мулоҳаза қилишга, атрофида содир бўлаётган ҳодисаларга бефарқ бўлмасликка ундайди. Юқоридаги парчалардаги фикрларни муаллиф Отабекнинг тилидан гапирган. Юзаки олиб қараганда, Абдулла Қодирий Россия идора усулини мақтагандек туюлади, аммо чуқурроқ ва атрофлича мушохада қилинса бунинг аксини кўрамиз. Абдулла Қодирий замондоши ва ажойиб исломшунос олим, “Тарихи Муҳаммади” асарининг муаллифи Алихон Тўра Соғунийнинг машҳур гапларига ишора қилгандек назаримда. Чунончи, ул муборак зот : “19 асрнинг иккинчи ярмида хонликларимизни Россия асоратига тушиб қолишига ўз қобиғимизга ўралиб олганлигимиз сабаб бўлган, деб биламан”, - деган эканлар. Янгиликка интилмаган жамият, албатта таназзулга учраши табиийлиги тарихдан маълум. Дарҳақиқат, Отабек ғафлат уйқусида ётган юртдошларини хушёрликка чақиради, бироқ ким ҳам унинг чақириғига қулоқ сопар эди. Отабек орзу қилган идора усули, қўйингки жамият асар ёзилганига қарийб 90 йил вақт ўтиб, ўрнатилди десак муболаға бўлмайди. Мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самараси ўлароқ бунинг яққол далилидир. Билъакс, мамлакатимизда сўнгги етти йил ичида асрга татигулик ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳар бир туман-шаҳарда оддий халқнинг дарду муаммоларини тинглайдиган ва амалий ёрдам берадиган “халқ қабулхоналари”, “давлат хизмат агентлиги”, оддий инсонлар тўғридан-тўғри мурожаат қила оладиган Президент порталлари, электрон манзиллари, сайтлари ташкил этилди. Ҳар бир ҳокимият қошида “ягона дарчалар” ташкил этилдики, тўрачилик ва сансалорчиликларга қақшатқич зарба берилди. Бу эса пировардида, халқ билан давлат ўртасидаги деворни йўқ бўлишига олиб келди. Халқ давлатга эмас, балки давлат халққа хизмат қилишига эришилди. Назаримда, Абдулла Қодирий мана шундай адолатли жамият ва идора усули ҳақида орзу қилган бўлса ажаб эрмас.

Отабек ҳақида мушохада қилар эканмиз, уни нега аксарият китобхонлар яхши кўриб қолганлигига жавоб излаймиз. Асарда Отабек чин муҳаббати, севикли ёри, ор-номуси ва шаънини ҳимоя қилиш учун тенгсиз курашга бел боғлайди. Бир ўзи Ҳомидбой бошчилигидаги уч кишига қарши курашга отланади. Ваҳоланки, у уста Алимни ёки бошқа бировни ёрдамга чақириши мумкин эди, бироқ Отабек уларни якка ўзи маҳв этиши шарт деб ҳисоблайди. Ёвидан шахсан ўзи қасос олишни, икки йиллик саргардонликларни интиқомини бошқа бировга ишонмайди. Китобхон Мутал, Содиқ ва Ҳомидларни тўнғиз қўпганини кўради ҳамда адолат тантана қилганлигини гувоҳи бўлади. Уч душманни ер тишлатган жасур Отабек манмансирамайди, балки камсуқумлик билан ўзини чеккага олади. Қайнотасининг уйига дўстини жўнатади ва севикли рафиқаси Кумушнинг муҳаббатини ўзига нисбатан янада оширади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фақатгина она-Ватанини севган одамгина Отабекдек севги-муҳаббатга қодир. Отабекнинг ватан озодлиги йўлида қурбон бўлганлиги воқеасига келганимизда, худди ўша милтиқ ўқидан Абдулла Қодирий ҳам бағрини чангаллаб жон берганини қалбан ҳис этамиз.

Отабекдек оқил фарзандни вояга етказган Юсуфбек ҳожи асарда муаллифнинг алоҳида эътиборида бўлган. Ўзининг ҳаётий позициясига эга оқил ва доно шаҳар ҳокимининг мушовири бўлган Юсуфбек ҳожига одамгарчилик, элпарварлик, ватанпарварлик каби туйғулар она сути билан йўғрилгандек. Қисматида Азизбекдек ваҳший ва золим ҳокимнинг маслаҳатчиси бўлиш ёзилган экан, қўлидан келганча оддий халқни ёнини олишга ҳаракат қилади.

Баъзида халққа нафи тегди, баъзида ўзи зўрға омон қолди. Китобхон асарни ўқир экан, кўз ўнгида ўз замонасининг фожиаларига қарши онгли курашган оқил Юсуфбек ҳожи сиймоси гавдаланади. Юсуфбек ҳожидаги халқнинг бугунги ва эртанги қисматини мукаммал идрок этиш, кечаётган тарихий жараённи теран таҳлил қилиш ва ягона тўғри йўлни кўрсата билиш қудрати бу сиймога алоҳида салобат ва тафаккур қудратини бахш этган.

Юсуфбек ҳожининг фикр-мулоҳазалирини ўқир экансиз, эл-юрт манфаати учун куюнчак инсон намоён бўлади. Ҳожи раиятни ички низолардан нари бўлишга ва ташқи хатардан огоҳ бўлишга чақиради. Ўз фикр-мулоҳазаларини Юсуфбек ҳожи тилидан гапирар экан, муаллиф аввал “коса, коса тагида нимкоса” қабилида, сўнгра очиқ-ойдин ёвни ким эканлигини ошкора айтади. Асар ёзилган вақтни ҳисобга олсак ҳамда мамлакатда мавжуд мураккаб сиёсий вазият ва “қизил террор” авж олган ҳолатда миллий ғурур, миллий ифтихор ва миллийлик уфуриб турган мазкур сатрларни ёзиш жуда катта жасоратни талаб этган. Китобхон ушбу сатрларни ўқир экан, Юсуфбек ҳожидаги узоқни кўра билиш, бугуннинг дардларига малҳам топишга мутафаккирларча уриниш фазилатларини кўради, муҳитдан шундай кишиларни топиб, уларни тавоф қилгиси келади. Шуни айтиш керакки, ҳозирги кунда юртимизда Юсуфбек ҳожига ўхшаш инсонлар кўпчиликни ташкил этади .

Китобхон асарни ўқиб чиққач, замонамизга назар ташлаб бир ярим асрдан кўпроқ ўтиб ҳам айрим миллатдошларимизнинг Юсуфбек ҳожи ва Отабекларча мулоҳаза юрита олмасликларини ва хато йўлларга кириб кетаётганларини кўриб, уларни тўғри йўлга солишга чақиради. Муаллиф асардаги воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқаришга ундайди. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик, барқарорлик, халқлар ўртасидаги дўстлик ва диний бағрикенгликни кўз қорачиғидек асраш, ҳимоя қилиш ва қадрлашга даъват этади. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳарбий дала полигонида офицер ва сержантлар билан суҳбатда, ҳарбий хизматчилар кўп китоб ўқиши кераклигини таъкидлаб, ҳарбий хизматчиларни ўзи китоб эканлигини ҳамда бизнинг ёшларимиз баркамол ватан ҳимоячилари, осойишталик посбонлари, уларнинг маънавий дунёқараши бой бўлишлигини алоҳида эътибор билан айтади. Менинг фикримча,айниқса, ҳарбий хизматчилар “Ўткан кунлар” романини яхшилаб ўқиб, пухта ўзлаштириши шарт. Чунки романдан қарийб бир асрга яқин вақт ичида куннинг долзарб муаммоларига жавоб топиб келишаяпти. Шунинг учун мазкур гўзал асаримиз ҳарбий хизматчилар иш столида ҳамиша бўлиши зарур деб ҳисоблайман. Ишонамизки, роман бизга ҳали кўп хизмат қилади. Чунки Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи ўзбек халқи ва адабиёти бахтига яратилган сўз санъати мўъжизасидир. Романни ўқиган ҳарбий хизматчи ўзгача маънавий дунёқарашга эга бўлади. Қўшимча қилиб шуни айтмоқчиманки, Янги Ўзбекистонни қураётган ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган ёшларимизга роман йўлчи юлдуз вазифасини ўтишига ишончим комил.

Тўлқин САЙДАЛИЕВ,

филология фанлари номзоди доцент,

истеъфодаги подполковник