Тошкент тиббиёт академияси ташаббуси билан ташкил этилган халқаро конференцияда Испания, Россия Федерацияси, Белорусь, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларининг неврология соҳаси бўйича профессор олимлари иштирок этди.
Ушбу анжумандан асосий мақсад замон талабларига жавоб берадиган нейрореабилитация тадбирлари ва неврологик ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш, ихтисослаштирилган ёрдам турларини кенгайтириш, унинг сифатини яхшилашдан иборат.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолига кўрсатилаётган ихтисослаштирилган тиббий ёрдам самарадорлигини ошириш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий усуллари жорий этилди, беморларга кўрсатилаётган хизматлар сифат даражаси ошди. Бироқ неврологик беморларнинг диагностикаси ва реабилитациясини таъминлаш борасида ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп.
Сўнги йилларда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида янги замонавий марказий асаб тизимини диагностикаси учун Позитрон - эмиссион томография (ПЭТ), перфузион магнит-резонанс томографияси, перфузион мультислайз компьютер томографияси, “сунъий интеллект” каби усуллар тадбиқ этилди.
Инсультнинг бошланғич 3-5 соат орасида қўлланиладиган тромболизис ва тромбоэктомия замонавий инновацион даволаш усуллари киритилди. Ушбу усулларни кенг қўллаш мақсадидга 2022 йилда 12 нафар шифокор, неврологлар чет эл давлатларида малака ошириб, билимларини юртимиздаги шошилинч тез тиббий ёрдам марказларида тадбиқ этиб келишмоқда.
Ўткир инсульт ва унинг асоратларини тез ва самарали тикланиши учун Транскраниал магнит стимуляция каби усуллар, ҳаракатни тиклаш учун — Экзарта ускунаси, нутқни тиклаш учун “ЛОГОС” мобил иловаси жорий қилинди.
Анжуманда шу хусусда сўз юритиларкан, бир қанча долзарб мавзулар муҳокама этилди. Жумладан, “COVID-19 билан боғлиқ инсультнинг клиник кечиши ва терапевтик ёндашувнинг хусусиятлари”, “COVID-19 билан боғлиқ бош мия қон-томир бузилишлари”, “Инсультнинг эрта тикланиш даврида ҳаракат ва нутқ бузилишларини оптималлаштириш”, “Бош мия ўткир инсульти: муаммо ва ечимлар” каби мавзуларда илғор тажрибалар ўртоқлашилди.