Лойиҳага кўра, олий таълим ташкилотларининг таълим сифатини ошириш бўйича ўз олдига қўйган мақсадларига эришишдаги эркинлик даражасини янада кенгайтириш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб:
а) олий таълим ташкилотлари қуйидаги таълим дастурлари, шу жумладан қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш ҳуқуқига эга:
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Таълим инспекциясидан экспертизадан ўтказилган намунавий олий таълим дастурлари;
олий таълим ташкилотлари томонидан мустақил равишда ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилиб, ижобий хулосасига эга бўлган таълим дастурлари;
халқаро эътироф этилган ташкилотлар – Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities рейтингларининг барчасида бир вақтда биринчи 1 000 та ўринни эгаллаган, рўйхати Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим инспекцияси томонидан тасдиқланадиган олий таълим ташкилотларининг аккредитацияланган таълим дастурлари.
Белгиланишича, тегишли таълим дастури бўйича ўқитишни ташкил этиш учун зарур бўлган моддий-техник, ахборот ва ўқув-услубий базаларга, педагог кадрларга, таълим ҳажми ва мазмунига ҳамда бошқа талабларга риоя этилиши уларни жорий этишнинг асосий шарти ҳисобланади.
б) давлат олий таълим муассасаларининг таълим фаолиятини лицензиялаш тартиби жорий қилинади ва Таълим инспекциясидан белгиланган тартибда лицензия олган давлат олий таълим муассасалари таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлади, давлат аккредитациясидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлган амалда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари таълим фаолияти аттестациядан ўтказилмаган ҳолда тўғридан-тўғри лицензияланади;
в) давлат олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиалларини, шунингдек, нодавлат олий таълим ташкилотларини давлат мулки бўлган бино ва иншоотларни фойдаланиш ҳуқуқи асосида берган ҳолда ёки бошқарув ва хавф-хатарлар билан боғлиқ жавобгарликнинг бир қисмини давлат томонидан кафолатланиши орқали ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим инспекцияси билан мажбурий тартибда келишиладиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилади;
г) янги ташкил этиладиган олий таълим ташкилотларига улар Таълим инспекцияси томонидан белгиланган тартибда лицензия берилганидан ҳамда “Олий таълим фаолияти билан шуғулланадиган ташкилотлар реестри”га киритилганидан сўнггина таълим фаолияти билан шуғулланиш учун рухсат этилади.