Бухоронинг кўкка бўй чўзган миноралари, мақбараю мадрасалари юртимизнинг бир неча минг йиллик шонли тарихидан сўзласа, беназир олиму уламолари шариф шаҳар номини бутун дунёга танитган.
Шу боис, бу заминдан зиёратчилар, сайёҳлар ва хорижлик меҳмонлар қадами узилмайди. Сирли тарихдан сўзлаётган ҳар бир гўшаси ташриф буюрувчилар билан доимо гавжум.
— Шаҳримизда 829 та маданий ёдгорлик объекти мавжуд, — дейди Бухоро вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров. — Президентнинг 2017 йил 19 майдаги “2017–2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятимизда туризм тармоғини жадал ривожлантиришга ва сайёҳлар сони кўпайишига мустаҳкам замин яратилди.
Вилоятимизга 2016 йилда 821 минг сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2019 йилга келиб, улар сони 3,6 миллион нафарга етди. Бугун қишлоқ ва чўл ҳудудларида ҳам туризм йўналишлари ташкил этилмоқда. Жорий йилда Тўдакўл сув ҳавзаси қирғоғида “Пляж туризми”, Олот туманидаги шифобахш тузли сув ҳавзаси ва қум барханлари ҳам ташриф буюрувчиларнинг севимли масканларидан бирига айланди.
Шунингдек, олимлар билан ҳамкорликда Пешку туманидаги Афшона қишлоғининг Х асрга оид қиёфасини яратишга киришилган. Бу ерда Ибн Сино замонасининг этник хонадонлари тикланиб, ташриф буюрувчиларда буюк бобокалонимиз даври ҳақида яхшироқ тасаввур уйғотади. Бундан ташқари, туризм шаҳарчасига айланаётган бу қишлоқда Ибн Сино табобати асосида даволайдиган марказлар фаолияти ҳам йўлга қўйилади.
Қоровулбозор туманидаги “Жайрон” экомарказида туристик хизматлар мажмуасини ишга тушириш ва ёшларни иш билан таъминлаш кўзда тутилмоқда. Ғиждувон туманининг “Қўрғон” ва “Чорсу” маҳаллаларида, Вобкент туманининг Ширин қишлоғида “туризм қишлоғи” ва “туризм маҳалласи” ташкил этилмоқда.
Бугунги кунда мазкур маҳалла ва қишлоқларда 10 дан ортиқ оилавий меҳмон уйи, 3 та туризм ахборот маркази фаолияти йўлга қўйилди. Вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро автомагистралда хизмат кўрсатиш инфратузилмаси объектлари сони кўпайтирилади. Зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида шаҳарнинг “Сомонийлар боғи” ҳудудида “Санъат асарлари хиёбони”, Сайфиддин Боҳарзий зиёратгоҳи яқинида “Ислом тамаддуни дарғалари хиёбони”ни бунёд этиш кўзда тутилган.
Сергей Иванов, Татаристон Республикаси Туризм давлат қўмитаси раиси:
— Ўзбекистон маданий-маънавий мероси қадимий ва бетакрорлиги билан ҳамиша сайёҳларни лол қолдириб келган. Айниқса, дунёни мафтун этган Бухоро шаҳри сайёҳлар учун мўъжиза ҳисобланади. Бухороликлар қадим шаҳарсозлик билан замонавий меъморликни уйғунлаштириб юборибди. Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов билан зиёрат туризми ва гастрономик туризм бўйича ҳамкорлик истиқболларини келишиб олдик. Қозон шаҳридан чартер рейслар ташкил этиш орқали Бухоро ва Қозон шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва туризм алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича келишувларга эришдик. Бу эса келажакда Бухорога ташриф буюрувчилар сафи янада кенгайишига хизмат қилишига ишонаман.
Шуваде ЖАНМАГИ, Франциянинг Орлеан шаҳридаги университетнинг математика ўқитувчиси:
— Дунёдаги энг замонавий, дея тилга олинадиган йирик шаҳарларнинг бирортаси Бухоро сайқалига тенг кела олмайди. Бухоро дунёдаги еттита шариф шаҳар рўйхатидан жой олган. Келиб кўрдимки, Баҳоуддин Нақшбанд, Саййид Амир Кулол, Чор Бакр, Чашмаи Аюб, Даҳмаи Беҳиштиён, Ҳазрати Абу Ҳафс Кабир, Шайх Абу Бакр Гулободий, Хожа Исматуллоҳ Валий каби улуғ алломалар номлари билан боғлиқ зиёратгоҳлар шариф шаҳарнинг нечоғлиқ улуғ алломалар хоки ётган муқаддас макон эканини тасдиқлайди. Бухоро арки, Сомонийлар мақбараси каби обидаларга саёҳат эса худди одамда ўтмишга тушиб қолгандек таассурот уйғотади.
— Жорий йилдан “Ural airlines” авиакомпанияси Москва-Бухоро йўналишида чартер парвозларни йўлга қўйди, — дейди вилоят туризм ва спорт бошқармаси матбуот котиби Зебунисо Ниязова. — Шунингдек, авиақатновлар ва “Афросиёб” тезюрар поездининг ҳаракатланиш жадваллари оптималлаштирилди. Ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида “Бухоро шаҳри куни”, “Қовун сайли” ва “Бухоро ҳунармандлари” фестиваллари ташкил этилди. Хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқалари ҳам янада мустаҳкамланиб бормоқда.
Жумладан, Хитойнинг Лоянь ва Россиянинг Владимир шаҳарлари билан Бухоро шаҳри ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш меморандумлари имзоланди. Испания, Япония, Сингапур, Индонезия, Малайзия, Россия, Латвия ва Туркия каби давлатлар билан ҳам шу йўналишда музокаралар олиб борилди.
Мухтасар айтганда, Бухоро инсон умри давомида, ҳеч бўлмаганда, бир маротаба бориб кўриши лозим бўлган шариф шаҳарлар сирасига киради. Шу боис, вилоятда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари замирида Бухорони халқаро сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш бош мақсад қилинган.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири