Мазкур семинарлар доирасида илк бор ушбу шаҳарларда Малайзиянинг бизнес тадбирлари индустрияси имкониятлари кенг намойиш этилди.

Семинарларда Қозоғистон ва Ўзбекистондан туризм соҳаси вакиллари, корпоратив сектор мутахассислари, тадбир ташкилотчилари ҳамда учрашувлар, рағбатлантирувчи саёҳатлар, конференциялар ва кўргазмалар (MICE) индустрияси вакиллари иштирок этди. Тадбирлар Малайзияни бизнес учрашувлари, халқаро конференциялар, кўргазмалар ва incentive-туризм дастурларини ўтказиш учун дунёнинг етакчи йўналишларидан бири сифатида таништириш майдонига айланди.

Тадбирларнинг очилишида Tourism Malaysia’нинг Олмаотадаги директори Нор Шазли Азми ҳамда MyCEB бизнесни ривожлантириш бўлими катта менежери Эдвард Лим Чи Чонг сўзга чиқди. Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчисининг расмий мурожаатини Архан Сяфтисия Шаҳ Ануар ўқиб эшиттирди.

Семинарлар давомида MyCEB ва Tourism Malaysia вакиллари Малайзиянинг MICE индустрияси учун асосий афзалликларини тақдим этди. Улар орасида ривожланган инфратузилма, замонавий меҳмонхона тармоғи, хизматларнинг мақбул нарх ва сифат нисбати, самарали логистика ва авиақатновлар, шунингдек, давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Осиёнинг етакчи бизнес туризми марказларидан бири бўлган Куала-Лумпурга алоҳида эътибор қаратилди. Шаҳарнинг конференциялар, учрашувлар ва кўргазмалар ўтказиш учун ривожланган экотизимга эга экани, бизнес тадбирлар саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсати изчил давом этаётгани қайд этилди.

MyCEB бош директори Тан Мей Пхингнинг таъкидлашича, Марказий Осиё Малайзиянинг бизнес тадбирлари индустрияси учун энг истиқболли ўсиш бозорларидан бири ҳисобланади.

— Қозоғистон ва Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган тадбирларимиз ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, янги имкониятларни очиш ва Малайзияни Жануби-Шарқий Осиёдаги халқаро бизнес тадбирлари учун етакчи майдон сифатида намойиш этишга хизмат қилади, — деди у.

Таъкидланишича, Қозоғистон ва Ўзбекистон Малайзия учун истиқболли ва жадал ривожланаётган бозорлар бўлиб қолмоқда. Марказий Осиё ва Малайзия ўртасидаги авиақатновлар сонининг ортиши ҳамда парвоз дастурларининг кенгайиши йўналишни сайёҳлар ва бизнес вакиллари учун янада қулай қилмоқда.

Семинар иштирокчиларига конференциялар, корпоратив учрашувлар ва incentive-дастурларни ташкил этиш имкониятлари билан бир қаторда, хизмат сафарларини дам олиш билан уйғунлаштирувчи bleisure формати салоҳияти ҳам тақдим этилди.

Тадбирлар доирасида Tourism Malaysia’нинг Олмаотадаги маркетинг мутахассиси Камилла Чалданбаева Малайзиянинг туризм имкониятларига бағишланган тақдимот ўтказди. Унда оилавий, премиум ва экскурсион туризм йўналишлари ҳақида маълумот берилди.

Семинарлар Малайзия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида туризм, савдо ва бизнес соҳаларидаги ҳамкорлик салоҳияти ортиб бораётганини намойиш этди. Бу жараён Visit Malaysia 2026 (VM2026) кампанияси доирасида икки томонлама алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётганини ҳам акс эттирмоқда.

2025 йилда Малайзияга Қозоғистондан 43 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган бўлса, Ўзбекистондан 20 мингдан зиёд меҳмон келган. Бу эса мамлакатга бўлган қизиқиш ортиб бораётганини ҳамда давлатлар ўртасидаги гуманитар алоқалар мустаҳкамланаётганини кўрсатади.

Малайзия Марказий Осиё билан авиалоқаларни ҳам изчил кенгайтириб бормоқда. Ҳозирда AirAsia X авиакомпанияси Куала-Лумпур–Олмаота йўналишида, Uzbekistan Airways ва Batik Air Malaysia Куала-Лумпур–Тошкент йўналишида, Turkmenistan Airlines эса Куала-Лумпур–Ашхобод йўналишида мунтазам қатновларни амалга оширмоқда.

Мурожаат учун:

Nor Shazly Azmi
Director
Tourism Malaysia Almaty norshazly@tourism.gov.my
Tel: +7 727 355 1430/1439

 

 

Norshariza Mohd Saad

Deputy Director

Corporate Communications Division

norshariza@tourism.gov.my
Tel: +603 8891 8775