Шу кунга қадар “Бестрой-220» МЖЧ йўлосозлари томонидан 4 километрга яқин ички йўллар таъмирланиб, асфальт ётқизилди. Натижада 6 мингдан ортиқ аҳолининг кундалик ҳаёт тарзи учун муҳим бўлган инфратузилма тармоғи яхшиланди.

–Ярим асрдирки йўл билан боғлиқ муаммолар силламизни қуритган,–дейди маҳалла фаоли Отахон Комилбеков. – Маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлаганман. Шу вақтларда ички йўлларни таъмирлаш, аҳолига муносиб қулайликлар яратиб бериш юзасидан билдирган таклифларимизга ҳеч ким эътибор қаратмаган. Энди ҳаммаси бошқача бўляпти. Ёзда чанг, қишда лойга ботган кўчаларимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари одамлар узоғи яқин, оғирини енгил қилди. Обод бўлган кўчалар, хонадонлар аҳоли кайфияти, руҳиятини кўтармоқда.

Қўли-қўлига тегмай меҳнат қилаётган йўлсозлар, қудратли техникалар ёрдамда ички кўчаларга шағал ётқизиш, текислаш, билан боғлиқ амалий ишлар кўлами кундан кунга жадаллашиб бормоқда.

–Йўл қуриш, таъмирлаш билан боғлиқ ислоҳотларда Президентимизнинг «2022-2023-йилларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги»ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди Фарғона вилоят “Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК раҳбари Дилшод Абдураҳмонов.– Қарор ижроси доирасида умумий узунлиги 1193,4 километр бўлган ички йўллар таъмирланади. Бу ишларга 31 та пудратчи корхоналар жалб этилган. Ҳозирга қадар, 18,2 километр цементобетон, 949,5 километр асфальт қоплама ва 18,4 километрдан ортиқ йўлларга шағал ётқизилди. Йилнинг иккинчи ярмида “Ташаббусли бюджет” дастури асосида 382, 9 километрдан ортиқ ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ ишлар олиб борилади. Бундан ташқари, вилоятимиздаги ички хўжалик йўлларини 2026-йилга қадар босқичма –босқич таъмирлаш режалаштирилган. Бунинг натижасида биронта ҳам носоз йўллар қолмайди.

Узоқ йиллар давомида халқаро ва шаҳарлараро йўлларни қуриш, таъмирлашга бўлган эътибор туфайли ички йўллар ҳолати издан чиққани, аҳолининг хақли эътирозларига сабаб бўлаётганди. Эндиликда бу борадаги муаммолар ечимига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Расулжон Камолов,

“Янги Ўзбекистон» мухбири.

Шерзод Қорбоев олган суратлар.