Тошкент вилоятида 2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” муносабати билан аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, энг чекка ҳудудлардаги муаммоларни жойида ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Шу мақсадда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида вилоят фаоллари иштирокида олис ва чекка ҳудудларда ташкил этиб келинаётган “Қишлоқда бир кун” анъанавий лойиҳасининг навбатдаги манзили Оҳангарон туманининг Овжазсой қишлоғи бўлди.
Тадбирларда вилоят раҳбарияти, прокуратура, ички ишлар, солиқ органлари, хотин-қизлар масалалари бўйича масъуллар, туризм ва маданият соҳаси вакиллари, маҳалла фаоллари, тиббиёт муассасаси вакиллари, ОАВ ходимлари ҳамда жамоатчилик кенг иштирок этди.
Лойиҳа доирасида раҳбарлар ва мутасаддилар аҳоли билан бевосита мулоқот олиб бориб, фуқаролар мурожаатларини ўргандилар ва долзарб масалаларга жойида ечим топиш чоралари кўришди. Шунингдек, аҳолининг кайфиятини кўтаришга қаратилган маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари ҳам ташкил этилди.
Дастлаб, тадбир Сусам маҳалласи ҳудудида жойлашган Пайғамбар ота зиёратгоҳи ташриф билан бошланди. Шундан сўнг вилоят ҳокими меҳнат фахрийлари билан самимий мулоқот ўтказиб, уларнинг ҳаётий тажрибаси ва таклифларини тинглади. Сотболди ота Ҳамроев хонадонида ташкил этилган учрашувда Тошкент вилоят ҳокими ҳам иштирок этди.
Тадбирлар давомида аҳоли билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Ёшлар, нуронийлар, меҳнат фахрийлари ва турли соҳалар вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Мазкур ташриф доирасида Овжазсой маҳалласида бир қатор муҳим масалалар ҳал этилиши бўйича аниқ қарорлар қабул қилинди. Жумладан, мактаб ҳудудида ёпиқ спорт зали қуриш, сунъий қопламали стадион барпо этиш ишлари амалга оширилиши маълум қилинди. Шунингдек, маҳалла аҳолиси ташаббуси билан очиқ бюджет маблағлари асосида асфальт қилинган йўлнинг қолган қисми ҳам тўлиқ таъмирланиши, 100 ўринли мактабгача таълим муассасаси қурилиши белгиланди.
Мазкур ҳудудда спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар учун халқаро стандартларга жавоб берадиган Олимпия тайёрлаш маркази барпо этилиши режалаштирилмоқда. Умумий лойиҳа қиймати 150 миллиард сўмни ташкил қилиб, 20 гектар майдонда қурилади. Ушбу замонавий объект спортчиларнинг профессионал тайёргарлигини юксалтириш ва халқаро мусобақаларга тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Ёнган уй ва оилавий муаммо жойида ҳал этилди
Сайёр қабул жараёнида фуқаро томонидан вилоят ҳокимига мурожаат йўлланди. Мурожаатда аризачининг уйи ёнгани, оқибатда яшаш шароити оғирлашиб кетгани ҳамда шу сабабли келини икки нафар фарзанди билан уйдан кетиб қолгани айтилди. Болалар тақдири ва оиланинг пароканда бўлиши мурожаатчини жиддий ташвишга солгани қайд этилди.
Вилоят ҳокими томонидан мазкур ҳолат батафсил ўрганилиб, масала жойида ҳал этилди. Куёвга оиласини қайта тиклаб, хотини ва фарзандларини уйига олиб келиб, ярашиб яшаш шарти билан икки хонали уйни таъмирлаб бериш бўйича аниқ ваъда берилди.
Мазкур мурожаат асосида масъул ташкилот ва идораларга уй-жойни таъмирлаш ишларини тезкор ташкил этиш, шунингдек, оилавий ярашувни таъминлаш бўйича профилактик ва тушунтириш ишларини олиб бориш юзасидан топшириқлар берилди. Масала вилоят раҳбарияти назоратига олинди.
Тадбир доирасида ёшлар билан очиқ мулоқотлар ва спорт мусобақалари ўтказилди. Таълим муассасаларига китоблар, спорт жиҳозлари ва мусиқа анжомлари совға қилинди. Ёшлар томонидан тадбиркорлик, меҳмон уйлари ташкил этиш ва туризмни ривожлантириш бўйича таклифлар қайд этилди. Маҳаллани 2026 йил давомида комплекс ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилиши маълум қилинди. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилди ва уларга амалий ёрдам кўрсатилди.
Чекка ҳудудларда аҳоли саломатлиги доимий эътиборда
Президентимиз ташаббуси ва Тошкент вилояти ҳокимияти қўллаб-қувватлови билан аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишга қаратилган сайёр ва чуқурлаштирилган тиббий хизмат ташкил этилди. Шифокорлар аҳолини бепул кўрикдан ўтказдилар.
Тадбирнинг яна бир асосий мақсади чекка ҳудудларда яшовчи, турли сабабларга кўра шаҳарга бориб тиббий хизмат олиш имконияти чекланган аҳолига малакали тиббий ёрдамни бевосита уларнинг яшаш жойида кўрсатишдан иборат бўлди.
— Кўриклар давомида жами 21 нафар фуқарони кўрикдан ўтказдик, — деди Тошкент вилояти эндокринология диспансери эндокринолог шифокори Расулбек Рахманов. — Натижада 4 нафар беморда қалқонсимон без касалликлари аниқланди. Ушбу беморларга вилоят эндокринология диспансерига йўлланмалар берилди. Улар барча зарур таҳлилларни бепул топшириб, аниқ ташхис ва даволаш бўйича тегишли тавсиялар олишади.
Шунингдек, қандли диабет билан даволаниб юрган беморларга касалликни туман даражасида доимий назоратда ушлаб туриш, дори воситаларини ўз вақтида қабул қилиш ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бордик. Айрим беморларда кам учрайдиган эндокрин касалликлар ҳам кузатилиб, уларни қўшимча равишда республика даражасида текширувдан ўтказиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Бундай сайёр тиббий тадбирлар аҳоли саломатлигини асраш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва даволаш имкониятларини кенгайтиришда жуда муҳим деб ҳисоблайман. Энг муҳими, аҳолининг ишончи ва миннатдорлигини ҳис қилиш биз, шифокорлар учун катта рағбатдир. Шунингдек, тадбир доирасида маҳаллий аҳоли орасида хирургик касалликларга доир мурожаатлар кўриб чиқилди. Кўрик жараёнида жами 25 нафар бемор текширувдан ўтказилди. Улардан 8 нафари режали жарроҳлик амалиётига йўналтирилди. Қолган беморларга эса жойида амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, кейинги даволаниш бўйича тавсиялар берилди.
— Сайёр тиббий кўриклар орқали марказий тиббиёт муассасалари имкониятлари олис ҳудудларга олиб чиқилиб, аҳоли учун қулай шароитда мутахассислар кўригидан ўтиш имконияти яратилмоқда. Бу эса касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда, — деди Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази хирург-шифокори Шермат Ҳалимов.
Шунингдек, “Қишлоқда бир кун” лойиҳаси доирасида “Мунаввар оқшомлар” номли маданий-маърифий тадбир ҳам бўлиб ўтди. Концерт дастурлари ва гулхан атрофидаги суҳбатлар орқали аҳоли учун мазмунли ва илҳом бахш этувчи муҳит яратилди.
Машҳур санъаткорлар ва ижодкорлар иштирокидаги чиқишлар тадбирга алоҳида файз бағишлади. Очиқ ҳавода ташкил этилган кеча қишлоқ аҳолиси учун унутилмас лаҳзалар улашди.
Мухтасар айтганда, “Қишлоқда бир кун” лойиҳаси аҳоли ва давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаб, чекка ҳудудлардаги муаммоларни жойида эшитиш ва уларга самарали ечим топишга хизмат қилмоқда.
Зулхумор Акбарова