Баҳорнинг илк кунлари эди. Дадам токчадаги туздонга қараб, “Кечаси ёмғир ёғади шекилли, туз нам тортиб қолибди” деди. Бу гапдан бувимнинг юзлари ёришиб кетди. Кечаси билан ёмғир ёғиб, нам ҳавода сумалак учун ундирган буғдойимиз ҳам тайёр бўлибди. Сурхон томонларнинг баҳорий урф-одатлари зўр-да, қадрдон, дилингиз яйрайди. Бир зумда ҳовлимиз қўшни аёлларга тўлди. Ҳамманинг қўли ишда. Сумалак учун тайёргарлик. Бувим билан бирга яна бир-икки момолар лапарлар айтиб, барчани хушнуд қилади. Биз эса уларга қулоқ тутамиз. Шу вақт бирдан эчкиинг овози эшитилиб қолди. Момолар ҳазиломуз оҳангда “Ҳой бўйинг чўзилгур, эчкига ўт ташла, яна улоқиб кетиб, ҳулкар юлдузини ернинг тагидан чиқариб юбормасин” дейди. Биламанки, бувимнинг ҳар бир гапи тагида бир афсона яширин. Секин ёнларига бориб, ҳулкар ҳақида ҳам батафсил билмоқчи бўламан.
Ривоят қилишларича, ҳулкар юлдуз туркуми чиқиши қишни, қамбарнинг чиқиши эса ёзни ифодалайди. Қадимда одамлар қишда қамбар юлдузи, ёзда эса ҳулкар юлдузи ернинг тагига кириб кетади, дея ҳисоблашган. Ҳулкар юлдузи ернинг остига кириб кетиб, қанча кўп қолса, ҳайвонларга шунчалик яхши бўлар экан.
Ана шундай кунларнинг бирида туя, от, сигир, эшак, қўй, эчки ўзаро келишиб, ҳулкарни ер тагидан чиқармасликка аҳд қилишибди. Навбат билан юлдуз чиқадиган ерни беркитиб, пойлаб турадиган бўлишибди. Эчки ўзининг галида тоқати тоқ бўлиб, бу қачон чиқади, бир ўтлаб келай дея ўйинга берилиб, ҳулкарни унутибди. Бир пайт келиб қараса, ҳулкарнинг боши кўриниб, чиқиб келаётганмиш. Эчки шошиб, туёғини туйнукка босибди. Ҳулкар унинг туёқларини тешиб осмонга учиб кетган экан. Шу боис халқ орасида “Эчки улоқиб кетмаганда, ҳамиша ёз бўларди”, деган гап юрар экан.
Ҳар бир халқнинг ўзига хос шундай қадрият ва анъаналари бўладики, у миллатнинг улуғлигини намоён этиб туради. Миллат билан бирга яшаб, улғаяди, тараққий топади. Халқимиз тарихи ва маданиятининг бир бўлаги бўлган Наврўз ҳам қадимий бўлиш билан бирга янгиланиб бораётган улуғ ва навқирон бир байрамдир. Тарихий ўйинларга, Наврўз ҳақидаги қўшиқлар мазмунига аҳамият берсангиз, улар замирида олам маъно мужассам.
Бувим ҳовлида ўйнаб юрган болаларни ёнига чорлаб, “Қани, бир ёмғир ёғалоқни айтингларчи” дейди. Менинг саволомуз қараб турганимни пайқаб тушинтириб кетади. Бу қўшиқ қадимда кўкка булут чиқиб, ёмғир ёғишини пайсалга солган вақтларда айтилган экан.
Ёмғир ёғалоқ
Эчки чақалоқ
Бойнинг қизини
Қорни юмалоқ.
“Саволчи қизим, эчки чақалоқ дея, эрта баҳор назарда тутиляпти. Бойнинг қизи бу — ҳайдалган ер. У ҳосилга ҳомиладор. Шунинг учун ҳам қорни юмалоқ дейилган...” Бувим ҳар бир мисра мазмунини шарҳлайди, мен гўёки катта бир жумбоқнинг тагига етгандек хурсанд бўламан. Сўрида ўтирган янгалар йилбоши ҳақидаги қўшиқларни бошлаб юборишади.
Жилбоши кепти билдингизма
Қошга ўсма қўйдингизма
Қошга ўсма қўяётиб
Жайраганин билдингизма.
Жилбоши кепти билдингизма
Қўлга хина қўйдингизма
Қўлга хина қўяётиб
Қизариб кетганин билдингизма.
Лапар айтиш қизигандан қизийди. Боягина овозлари кўкни тутиб ёмғир ёғалоқни куйлашаётган болалар энди “ой теракми, кун терак” ўйинини бошлаб юборишади. Нега бу ўйиннинг номи “оқ теракми, кўк терак” эдику, деяпсизми? Унда сизга ҳам бувимнинг бир ривоятларини айтиб бераман.
Қадимда Наврўз байрами кунлари болалар кун ва тун жамоасига бўлиниб, шу ўйинни ўйнашган. Яъни ой — кеча теракдек узун бўлсинми, ёки кун узун бўлсинми, деган савол билан жамоалар бир-бирларига мурожаат қилиб, беллашишган. Бунда кун жамоаси астойдил ғолиблик учун ҳаракат қилган. Чунки барча Наврўз келиши билан кунлар узайишини истаган. Бугунги кунда ўйиннинг ушбу номи айрим жойларда сақланиб қолган. Аксарият болалар ўйинни “Оқ теракми, кўк терак” тарзида ўйнайдилар, унинг асл моҳиятини англамаган ҳолда шунчаки беллашув дея қабул қиладилар. Агар уларга бу ўйин замирида ёруғликнинг қоронғуликдан ғолиб эканига бир ишора, интилиш борлиги англатилса, янада мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ўйин-кулгу билан бўлиб, қош қорайганини ҳам сезмай қолибмиз. Укам ва унинг ўртоқлари кеч тушишини интизорлик билан кутиб туришган экан, “Оқ суяк” ўйинини бошлаб юборишди. Бу ўйин эрта кўклам пайти кечқурун ўйналади. Болалар ўртасидан сайланган бошлиқ оқ суякни узоққа отади. Уни қоронғулик ичидан топиб келган болани ёши улуғлар турли ширинликлар билан сийлашади. Чунки оқ суяк ҳам кунга, баҳорга интилиш белгиси бўлган. Қоронғулик ичидан оқ суякнинг топилиши кунлар узайишининг бир тимсоли саналган.
Ана шундай, азиз қароқбанд, Наврўз ҳақидаги қўшиқлар, ўйин ва маросимлар халқимизнинг руҳияти ва тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Халқнинг қадим дунёқараши излари қўшиқ, халқ ўйинлари ичида маълум маънода сақланиб турибди. Уларнинг илдизига, моҳиятига назар ташласангиз, улар кўҳна мифологик дунёқараш ирмоқлари экани аён бўлади. Ушбу ўзан изидан борсангиз, бизнинг халқимиз дунё тамаддунлари бешигини тебратган халқ эканини англайсиз. Фақат унутманг, биз ана шу изларни оламга бор бўй-басти билан кўрсата олишимиз керак. Ҳа, айтганча, қадрдон, бир вақт топиб, Сурхон томонларга боринг. Ҳақиқий баҳорни кўрасиз. Момою бобожонларнинг қадимий урф-одатлар ҳақидаги афсоналарини тинглаб, онгу шуурингиз улкан бир уммондан сув ичгандек бўлади. Бир меҳмон қилиш эса биздан.
Феруза ЖЎРАЕВА