Инсон қалби ҳам шундай: баъзан у қиш каби сокин, ҳатто сўнгандай туюлади. Аммо баҳор келиши билан юракдаги музлар эриб, орзулар яна бош кўтаради. Баҳор – бу фақат фасл эмас, бу – янгиланиш, покланиш, умид ва муҳаббат нашидасидир.

Баҳор бошқача – гўзал ва сулув фасл. Шоирона тилда айтганда, фасллар маликаси, келинчаги! Оламнинг барча рангларини фақат кўкламда кўрамиз. Баҳорнинг илк нафаси билан атрофга гуллар ифори, тупроқнинг нам ҳиди, қуёшнинг илиқ табассуми таралади. Дарахт шохларида ғунчалар титраб очилади, қушлар яна қўшиқ айта бошлайди. Гўё бутун олам бир вақтда уйғониб, “Яша!” дея қичқираётгандек. Ана шундай улуғ фаслнинг илк ойи эса айниқса ўзгача. Унда маънавият, меҳр, қадрият ва иймон мужассамдек.

Баҳор Ўзбекистон учун қадриятлар уйғунлашган бир қатор байрамларга сероб ой. Ҳар бир байрам давлат миқёсида, ҳукумат даражасида нишонланади. Халқимизнинг байрамларни кенг, эмин-эркин, кўтаринки руҳда ўтказиши учун Президентимизнинг қарорлари қабул қилинади, унга кўра дам олиш кунлари белгиланади. Кўча, майдон, ҳиёбонларда сайллар, тамошалар, кўрик-танловлар, бадиий кечалар ташкил этилади.

Баҳорнинг илк куни – 1 март. Бу кун нафақат табиат уйғонишининг, балки адабиёт ва маънавият байрамининг ҳам бошланишидир. Чунки бу санада ўзбек шеъриятининг нозик ва самимий қалам соҳиби, Ўзбекистон халқ шоири – Зулфия таваллуд топган.

Зулфия Исроилова – у нафақат шоира, балки аёл қалбининг нозик таржимони, вафо ва садоқат тимсоли, меҳр ва матонат куйчисидир. Унинг шеърларида баҳор нафаси, она меҳри, муҳаббат ва вафо мужассам. Зулфия ижодида аёл руҳиятининг энг нозик жиҳатлари, ҳаётнинг оғир синовлари ва шу билан бирга сўнмас умид ёрқин ифода топган.

Ҳар йили 1 март куни юртимизда Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибалари тақдирланади. Бу мукофот – фақатгина ютуқ эмас, балки юксак ишонч, эътироф ва масъулият рамзидир. У ёш қизларни билимли, жасур, ватанпарвар бўлишга чорлайди. Зулфия номи – маънавият мактаби, ибрат намунаси.

Зулфия шеърларидаги баҳор – бу фақат табиат баҳори эмас, бу – қалб баҳори. Шу боис 1 март куни нафақат шоирани эслаш, балки қалбимизнинг гўзалликка чанқоқ томонларини уйғотиш кунидир десак муболаға бўлмайди.

8 март – меҳр ва эҳтиром байрами. Бу кунда она, опа-сингил, рафиқа, устоз ва қиз фарзандларга эҳтиром изҳор этилади. Шу куни юртимизда “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан кенг миқёсда байрамлар, концерт дастурлари ташкил этилади. Зеро, аёл – ҳаёт манбаи, муҳаббат тимсоли, фидоийлик намунаси, тарбия ва сабр мактабидир.

Аёл бор жойда файз бор. Унинг табассуми ҳар бир хонадонни ёритади, нозик қўллари эса дунё бешигини тебратади. Она қалби – осмондек кенг, баҳордек беғубор, қуёш тафтидек қайноқ. Шунинг учун 8 март куни аёлларимизга бўлган эҳтиром яна бир карра юксак сўзлар билан ифода этилади.

Бу байрам нафақат табриклар, гуллар ва совғалар куни, балки аёлларнинг жамиятдаги ўрнини англаш, уларнинг меҳнатини қадрлаш кунидир.

Асрлар давомида эъзозлаб келинаётган, БМТ тарафидан халқаро байрам сифатида эътироф этилган Наврўз – Йилбошини мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар жараёнига уйғун ва ҳамоҳанг тарзда юксак савияда ўтказишга ҳар қачонгидан ҳам ўзгача шукуҳда тайёргарлик кўрилади.

21 март, Наврўз – борлиқ мувозанати ва инсон қалбининг янгиланиши. 21 март… Табиат тақвимининг оддий бир куни эмас, балки коинот нафас оладиган, замин юраги ураётган палладир. Шу куни тун ва кун тенглашади. Гўё борлиқ тарозиси мувозанатга келиб, нур ва зулмат ўртасида адолат қарор топади. Бу тенглик – фақат астрономик ҳодиса эмас, балки ҳаётнинг чуқур фалсафасидир. Ва Наврўз, аввало тинчлик, сиҳат-саломатликни қадрлаб, асраб-авайлаб яшашга даъват этади.

Инсон умри ҳам шу каби мувозанат излайди: қайғу билан қувонч, йўқотиш билан топиш, сукут билан сўз ўртасидаги нозик тенгликни. Наврўз ана шу ички мувозанатни эсга солади. У инсонга: “Қалбингни ҳам тенглаштир, нафсингни тарбияла, кўнглингни покла”, дея мурожаат қилади.

Қиш – синов фасли. У табиатни сабрга ўргатади. Дарахтлар баргсиз қолади, ер музлайди, сувлар тиниб қолади. Аммо ҳаёт йўқолмайди. У ичкарида, чуқурда, кўринмас ҳолда яшайди. Наврўз эса ана шу яширин ҳаётнинг юзага чиқишидир. Бир ғунча очилиши – бу бутун оламнинг “Мен тирикман!” деган нидосидир.

21 март тонгида қуёш гўё одатдагидан бошқача нур таратади. Унинг нурида гўзаллик, нафислик ва умид шуълалари жилваланади. Шамол доимгидан илиқ эсади, ер эса сокин нафас олади. Бу тонг инсон қалбига ҳам ўзгача сеҳри ила кириб боради. Чунки Наврўз – фақат табиатнинг эмас, инсон руҳининг ҳам уйғонишидир. У – бирдамлик. У – бағрикенглик. У – яшариш демакдир.

Наврўз бизга кечиримли бўлишни ўргатади. Қишда йиғилган ғуборларни ювишни, кўнгилларни тозалашни, аразларни унутиш лозимлигини эслатади. Ҳар бир янги барг – янги имконият, ҳар бир гул – янги орзу, ҳар бир қуёшли кун – янги саҳифа сифатида ўз китобини ёза бошлайди.

Тун ва кун тенглашгани каби, инсон ҳам ўз ҳаётида адолат ва инсофни устувор қилиши керак. Чунки мувозанатсиз ҳаёт – тартибсизликдир. Наврўз эса тартиб ва уйғунлик байрами. У бизга табиат билан ҳамоҳанг яшашни, заминни асрашни, бир-биримизга меҳр кўрсатишни ўргатади.

Бу кун дошқозонларда сумалаклар қайнайди. Юртимизда ушбу кун ўзгача нишонланади. Байрам муносабати билан таътил берилади. Бу кун сумалак атрофида йиғилган аёллар қўшиғида, болалар кулгусида, кексалар дуосида – Наврўзнинг ҳақиқий моҳияти яшайди. Қалбингда баҳор бошланган кун – сен учун Наврўздир. Агар юрагингда умид уйғонса, агар кўнглингда нур пайдо бўлса, демак сенинг ичиңда ҳам тун ва кун тенглашди.

Зеро, Наврўз – заминнинг табассуми. Ва инсон шу табассумга муносиб яшамоғи керак.

Бу йилги баҳорни янада файзли ва баракали қилаётган омил – Рамазон ойининг шу фаслга тўғри келиши. Рамазон – сабр, шукр ва тавба ойи. Бу ойда инсон нафсини тарбиялайди, муҳтожларга ёрдам қилади, қалбини гуноҳлардан поклайди.

Рўза – фақат оч қолиш эмас, балки кўзни ёмонликдан, тилни ғийбатдан, қалбни ҳасаддан асрашдир. Ифтор пайтидаги дуолар, саҳарликдаги сукунат – инсонни Аллоҳга яқинлаштиради.

Рамазон – бу сабр билан суғорилган боғдаги дарахтнинг гуллаши, ибодат билан чархланган қалбнинг ёруғ тантанасидир. Бир ой давомида нафсини тарбиялаган, руҳини поклаган инсон учун ҳайит – бу шукрона, маънавий юксалиш демакдир.

Бу кунда янги либос кийиш одат эмас, балки янгиланиш рамзидир. Гўё инсон фақат ташқи кийимини эмас, балки қалбига ҳам поклик либосини кийгандай бўлади. Эрталабки ҳайит намозига ошиққан одамлар қадамларида шукр, чеҳраларида нур жилва қилади. Масжидлардан таралган дуо ва такбирлар оламни эзгуликка чорлаётгандек туюлади.

Ҳайит – кечирим ва бағрикенгликнинг юксак мактаби. Бир ой давомида инсон нафси билан курашган бўлса, бу кунда у қалбидаги ғуборларни ҳам ювиб ташлайди. Аразлар унутилади, диллар ярашади, қўллар қўлга туташади. Чунки ҳақиқий ҳайит – бу нафс устидан, ғазаб устидан, кибр устидан қозонилган ғалабадир.

Шунингдек, ёши улуғлар, яқин қариндошлар ҳолидан хабар олинади. Уларга меғр-мурувват кўрсатилади.

Баҳорнинг илк ойи – маънавият ва қадриятлар ойидир. Унда шеърият бор, аёлга эҳтиром бор, табиат тантанаси бор, иймон ва шукр бор. Баҳор – бу инсон руҳиятининг қайта тирилиши демакдир.

Бу йилги баҳор айниқса муборак: у шеърият билан бошланиб, меҳр билан давом этиб, янгиланиш билан гуллаб, иймон ва шукрона билан безалмоқда.

Баҳор келди. Табиат гўзаллашди. Энг муҳими – қалблар гўзаллашсин. Чунки ҳақиқий баҳор инсон юрагида бошланади.

Зулхумор Акбарова