Ишчи гуруҳининг навбатдаги ўрганиши давомида фуқаролар томонидан билдирилган масала ва таклифларни қонун талаблари асосида ҳал этиб бериш йўлга қўйилди. Жумладан, аниқланган 33 та кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор бўлган оилаларга ёрдам сифатида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган шаҳар бўлинмаси ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали 98 млн. сўмга 66 дона қўй харид қилиниб, ҳар бир оилага 2 донадан тарқатилди.
Бундан ташқари, фонднинг Наманган шаҳар бўлими бошлиғи Ибодулла Жабборовнинг айтишича, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор бўлган 77 та оиланинг мурожаатига асосан бир марталик моддий ёрдам, даволаниш, фарзандини даволаш, тўй маросимини ўтказиши муносабати билан 62,5 млн. сўм маблағлар ажратилди.
- Оилада 14 киши яшаймиз, молиявий томондан қийналиб қолганимиз сабабли шаҳар ҳокимлигига мурожаат киритдим, бизга дарров ёрдам кўрсатишди, - дейди “Янги қурилиш” МФЙ, Тўқмоқ гузари, 2-ўтиш йўли кўчаси, 49-уйда яшовчи Турсунбой Бурхонов. – Шароитимизни яхшилаш учун “Маҳалла” фонди шаҳар бўлими чиройли боқилган 2 дона қўй олиб келиб топширишди. Энди бу қўйларни боқиб кўпайтирамиз, турмушимиз, даромадимиз изига тушади. Эътиборсиз қарамай, ўз ҳолимизга ташлаб қўйишмагани учун мутасаддилардан беҳад миннатдормиз.
Наманган шаҳрида аҳоли муаммоларини “Маҳаллабай” усулда ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Орифжон ЖЎРАЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири.